Жорий йилнинг 16-20 октябрь кунлари Озарбайжонда “Тақсимлаш тармоқларида рақамли трансформация” мавзусида туркий тилли давлатлар энергетиклари ўртасида “Ҳадрут-2023" мусобақаси ўтказилди.
Гейдар Алиев таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан ташкил этилган ушбу турнирда Ўзбекистон, Озарбайжон, Туркия, Қозоғистон, Туркманистон, Татаристон ва Қирғиз Республикаларининг энергетика компанияларидан профессионал мутахассислар иштирок этди.

– Ўзбекистон номидан “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ жамоаси иштирок этди, – деди мазкур ташкилотнинг матбуот хизмати раҳбари Фахриддин Нуралиев. – Қизғин ва муросасиз кечган беллашувларда барча шартлар бўйича юқори натижаларни кўрсатган “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ жамоаси ғолиб, деб топилди. Якуний келишувга кўра, туркий тилли давлатлар энергетикларининг навбатдаги мусобақаси Татаристон Республикасида ўтказиладиган бўлди.
Турнир якунида иштирокчилар учун Озарбайжоннинг диққатга сазовор жойларига саёҳат уюштирилди.
Н. Зиёдуллаева, ЎзА