Ҳамкорларимиз саҳифаларида
Бокудаги Узейир Гаджибейли номидаги мусиқа академияси опера студиясида Озарбайжоннинг Шуша шаҳри 270 йиллиги муносабати билан “Шуша шаҳри йили”га бағишланган “Темир мушт” номли биринчи балет премьераси бўлиб ўтди, деб хабар беради “Trend” ахборот агентлиги.
Балет спектакли 44 дақиқага мўлжалангани бежиз эмас. Бу рақам озарбайжонликларнинг 44 кунлик қаҳрамонлиги ва халқ жасоратининг шонли солномасини акс эттирган. Премьерада замонавий технология, монитор, ёритиш ва аудиовизуал эффектдан унумли фойдаланилган.
Бир пардали асар хизмат кўрсатган артист, Озарбайжон Давлат академик опера ва балет театри ходими Юрий Лобачёв либреттоси асосида ёзилган. Бастакор - Бастакорлар уюшмаси ёшлар билан ишлаш бўлими мудири, докторант, Боку мусиқа академияси илмий тидқиқот маркази ходими Илаха Гисмет, балетмейстерлар - хизмат кўрсатган артистлар Юрий Лобачёв ва Жейхун Губадов. Асар Боку хореография академияси битирувчилари томонидан саҳналаштирилган. Асосий партияларни Зуҳра Танривердиева ва Сеймур Гедиев ижро этишади. Ижодкорлар томошабинлар олқишига сазовор бўлишди.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА