2024 йилнинг 23-26 январь кунлари Озарбайжон Республикасида Ўзбекистон фани ва маданияти кунлари ўтказилди.
Ушбу йирик тадбирда Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти масъул ходимлари ҳам фаол иштирок этишди. Бутунжаҳон жамияти бошқаруви раиси Фирдавс АБДУХОЛИҚОВ билан суҳбатимиз ана шу ташриф якунларига бағишланди.
– Аввало, мазкур лойиҳанинг аҳамияти ва ушбу йўналишда озарбайжонлик олимлар билан ҳамкорлик хусусида тўхталиб ўтсангиз...
– Сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамда Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев ташаббуслари билан икки давлат ўртасидаги дўстона алоқалар қамрови тобора кенгайиб бормоқда. Ўзбекистонлик фан ва маданият соҳаси вакилларининг Озарбайжонга навбатдаги сафари ана шу ҳамкорликнинг ўзига хос маҳсули бўлди.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти дунёнинг 40 дан ортиқ мамлакатлари қаторида Озарбайжондаги бир қанча музей, кутубхона ва илмий марказлар билан ҳамкорлик қилиб келади. Мазкур жамият томонидан ҳар йили мунтазам ўтказиб келинаётган конгресс ва анжуманларда Озарбайжон олимлари фаол иштирок этмоқда.
Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги маданий алоқалар узоқ тарихга эга. Яқинда икки мамлакат олимлари иштирокида “Ўзбекистон маданий мероси” туркумидан Озарбайжонда сақланаётган маданий меросимиз намуналарига бағишланган янги жилд нашр қилинди. Мазкур китоб-альбомда Муҳаммад Фузулий номидаги Қўлёзмалар институти, Озарбайжон тарихи музейи, Тасвирий санъат музейи, Миллий гилам музейи сингари муассасаларда сақланаётган, Ўзбекистонга оид бўлган осори-атиқалар ҳақида ҳикоя қилинади. Жамиятнинг Шаҳноза Ғаниева бошчилигидаги мультимедиа гуруҳи ҳамда Кинематография агентлиги ҳамкорлигида Озарбайжонда сақланаётган маданий меросимиз намуналари ҳақида ҳужжатли фильм суратга олинмоқда.
– Сизнингча, ушбу сафар нимаси билан эсда қоларли бўлди?
– Ўзбекистон фани ва маданияти кунлари доирасида Озарбайжон Миллий фанлар академиясининг Муҳаммад Фузулий номидаги Қўлёзмалар институтида Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти ташаббуси билан “Ўзбекистон – Озарбайжон: маданиятлар мулоқоти” мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Унда ҳар икки мамлакатнинг қатор олимлари ва мутахассислари, тегишли идора ва ташкилотлар вакиллари таклиф этилди.
Ушбу институтда Ўзбекистон замини билан боғлиқ қўлёзмалар кўп. Жумладан, Имом ал-Бухорий, Абу Али ибн Сино, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижодий меросига мансуб ўнлаб қўлёзмаларни санаб ўтиш мумкин. Туркий дунёнинг бу буюк сиймолари Озарбайжон халқи учун ҳам ниҳоятда қадрли. Институт директори, жамиятимиз аъзоси Теймур Каримли ушбу институтда ўзбекистонлик олимлар келиб, тегишли қўлёзмаларни ўрганиш учун барча шароит яратилишини билдирди.
Тадбирда Ўзбекистон фанлар академияси Астрономия институти директори, академик Шуҳрат Эгамбердиев, Бутунжаҳон жамияти аъзоси, санъатшунослик фанлари доктори Элмира Гюл, Озарбайжон Миллий гилам музейи директори Ширин Маликова, Қўлёзмалар институти етакчи илмий ходими Азизоға Нажафов ва бошқалар мазкур китоб-альбомнинг мазмун-моҳияти, Озарбайжон тўпламларидаги Ўзбекистон маданий мероси дурдоналарининг ўзига хослиги хусусида тўхталиб ўтдилар.
Тадбирда иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов икки мамлакат ўртасидаги дўстона алоқаларни чуқурлаштиришда “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” лойиҳасининг тутган ўрни ҳақида гапириб ўтди.
Озарбайжон Миллий фанлар академияси Муҳаммад Фузулий номидаги Қўлёзмалар институтига “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” туркумидаги китоб-альбомларнинг 50 жилди туҳфа қилинди.
Тадбир иштирокчилари Қўлёзмалар институтида сақланаётган Ўзбекистонга оид қўлёзмалар кўргазмаси билан ҳам танишди. Мазкур кўргазмада Ибн Синонинг 1258 йилда кўчирилган “Тиб қонунлари”, Алишер Навоий ҳаётлигида китобат қилинган “Ғаройиб ус-сиғар” девони, “Бобурнома”нинг XVII асрга мансуб нусхаси ва бошқа ўнлаб нодир қўлёзмалар ўрин олган.
Озарбайжон Миллий фанлар академиясидаги учрашув чоғида Бутунжаҳон жамияти томонидан нашр қилинган “Ўзбекистон обидаларидаги битиклар” китоб-альбомлари, шунингдек, тарихий шахслар акс этган Шарқ миниатюраларининг факсимиле нусхалари ҳам тақдим этилди.
Озарбайжон Миллий фанлар академияси Президенти, академик Исо Ҳабиббейли бизни алоҳида иззат-ҳурмат билан қарши олди. Бутунжаҳон жамияти ва Озарбайжон Миллий фанлар академияси ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш бўйича келишиб олдик.
– Боку шаҳридаги Ҳайдар Алиев марказида ушбу китоб-альбомлар тақдимоти қандай ўтди?
– Дарҳақиқат, Озарбайжон халқининг умуммиллий лидери Ҳайдар Алиев номи билан аталадиган бу марказ давлат аҳамиятига молик, ўта муҳим иншоотлардан бири саналади. Бу ерда одатда мамлакат ва Халқаро миқёсдаги энг йирик тадбирлар ўтказилади. Даставвал, ушбу муҳташам марказ залини томошабинлар билан тўлдириш қийин кечмасмикин, деган хавотир ҳам йўқ эмасди. Аммо, марказнинг катта зали томошабинга тўлиб кетди. Бу ерда “Ўзбекистон маданий мероси” туркумидаги китоб-альбомлар залида “Шарқ миниатюрасида тарихий шахслар” кўргазмаси ташкил этилди. “Ўзбекистон маданий мероси Озарбайжон тўпламларида” китоб-альбоми иштирокчилари ва муаллифлари таништирилиб, уларга ташаккурномалар топширилди. Ўзбекистон ва Озарбайжон санъаткорлари иштирокидаги концерт дастури томошабинларга хушнудлик улашди. Тадбир охиригача томошабинлар зални тарк этишмади.
– Миниатюралар орасида буюк Озарбайжон шоири Низомий Ганжавий асарларига ишланган суратлар кўпроқ экан...
– 2022 йилда Бутунжаҳон жамияти олимларни ҳамкорлигида "Монийни хижолатда қолдирган Камолиддин Беҳзод“ китоб-альбомини чоп этдик. Буюк мусаввир Беҳзод миниатюраларининг салмоқли қисми бевосита Низомий Ганжавий асаларига ишланган. Чунки темурийлар Низомий ижодини ниҳоятда қадрлашган. Ҳазрат Навоий Низомийни ўзига устоз, деб билган ва унинг “Хамса” асарига жавобан туркий тилда беш достонни яратган. Навоийнинг 1492 йилда кўчирилган ”Хамса” қўлёзмаси айни пайтда Британия кутубхонасида сақланади. Унда Навоий устози Низомий ва бошқа шоирлар билан боғда суҳбатлашаётгани акс этган миниатюра бор. Ушбу миниатюра ҳам Беҳзоднинг шоҳ асарларидан ҳисобланади.
Яна бир қизиқ мисол – Мирзо Улуғбек ҳам Низомий асарларини севиб мутолаа қилган. Улуғбек топшириғига кўра кўчирилган “Хамса” қўлёзмасининг бир варағи АҚШдаги санъат галереясида сақланади. Унда Мирзо Улуғбек фарзандлари даврасида ўтиргани тасвирланган.
Қизиғи шундаки, Улуғбекнинг ўлимига сабабчи бўлган ўғли Абдулатиф ҳам бу асарни қўлдан қўймаган. “Равзатус-сафо” асарида ёзилишича, отасидан сўнг тахтга ўтирган Абдулатиф “Хамса”ни варақлаётиб, Низомийнинг “падаркуш подшо бўлолмайди, бўлса ҳам олти ойдан ортиқ тахтга ўтиролмайди”, деган сатрларни ўқиб даҳшатга тушади. Чиндан ҳам, олти ой ичида Улуғбек тарафдорлари уни ўлдиришади. Бу ҳам Низомийнинг қанчалик Ҳаққа яқин, авлиё инсон бўлганини кўрсатади.
Умуман, қардош юртга уч кунлик сафаримиз эсда қоларли, қизиқарли, фойдали бўлди. Шу уч кун ичида нафақат Озарбайжон, балки ўзимизнинг ҳамюртларимиз, устозларимиз, ёзувчи ва шоирларимиз, санъаткорларимиз билан янада яқинлашдик, фикрлашдик. Бу сафаримиз учун мамлакатимиз раҳбариятига, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, делегация раҳбари Акмал Саидовга, бизга ҳамроҳлик қилган ҳурматли сенатор ва депутатларимизга, Ташқи ишлар вазирлиги, Маданият вазирлиги, Ўзбекистоннинг Озарбайжондаги элчихонаси ходимларига чуқур миннатдорлик билдирамиз.
– Мазмунли суҳбат учун ташаккур!
Рустам ЖАББОРОВ
суҳбатлашди.
ЎзА