Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Озарбайжон ёзувчиси Анарнинг “Албатта учрашамиз” номли насрий тўплами тақдимот қилинди
10:43 / 2022-06-14

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Озарбайжон халқ ёзувчиси Анарнинг “Албатта учрашамиз” номли насрий тўплами тақдимоти ўтказилди.

Тадбирни уюшма раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид очиб берди. Анарнинг туркий халқлар адабиётида тутган ўрни ҳақида тўхталди. 

Адабий кечада Озарбайжон Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси биринчи котиби, Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон миллий маданият маркази директори Самир Аббосов, профессорлар Нурбой Жаббор, Олимжон Давлатов, Абдулла Улуғов ва бошқалар Ўзбекистон ва Озарбайжоннинг маънавий, ижтимоий ва адабий ҳамкорлиги йўлида қилинаётган ишлар ҳақида гапирди. 

Китоб “Тамаддун” нашриётида чоп этилган бўлиб, унга ёзувчининг “Дантенинг юбилейи”, “Оқ қўчқор, қора қўчқор” номли қиссалари, шунингдек, қатор ҳикоялари киритилган. Китобга Ўзбекистон халқ ёзувчиси Эркин Аъзам муҳаррирлик қилган. Китоб дизайни ҳам ўзгача, рассом Комил Жонтоев меҳнати алоҳида ажралиб туради. 

Анар асарлари ўзбек ўқувчисига жуда яхши таниш. Унинг “Беш қаватли уйнинг олтинчи қавати” романи, “Оқ кўрфаз” қиссаси, “Дада Қўрқут” киноқиссаси, қатор ҳикоялари Усмон Қўчқор, Маматқул Ҳазратқулов, Бобохон Муҳаммад Шариф, Рустам Жабборов каби таниқли ўзбек таржимонлари томонидан она тилимизга муваффақият билан ўгирилган. 

“Албатта учрашамиз” номли тўпламга кирган асарлар Маматқул Ҳазратқулов томонидан озарбайжон тилидан таржима қилинган. 

Анар сценарийлари асосида ўн иккита фильм суратга олинган. Шулар орасидан “Ҳар куни соат ўн бирда”, “Кун ўтди”, “Тахмина”, “Шафақ элчиси” каби бадиий фильмларни ажратиб кўрсатиш мумкин. 

Анар бир неча йиллардан бери Озарбайжон Миллий Ёзарлар бирлигини бошқаради. У адабий фаолияти ва жамоат арбоби сифатида ижтимоий соҳада амалга оширган ишлари учун Озарбайжон ҳукуматининг қатор мукофотларига сазовор бўлган. 

Улар орасида “Мустақиллик” ва “Шуҳрат” орденларини, Озарбайжон давлат мукофотини, Чингиз Айтматов номидаги МДҲ давлатлари парламентлараро ассамблеяси мукофотини ажратиб кўрсатиш мумкин. 

Озарбайжон Миллий Ёзарлар бирлиги ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ўртасида ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган бўлиб, алоқалар доирасида ҳар йили Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва Низомий Ганжавий ижодига бағишланган анжуманлар, замонавий ўзбек ва озарбайжон адабиёти вакилларининг асарларини ўзаро таржима қилиб, чоп этиш, шунингдек, ўзбек ва озарбайжон адабиётини тадқиқ этиш бўйича ишлар амалга ошириб борилади. 

Ўзбек ўқувчиси Аёз Арабачи, Одил Мирсайид, Адолат Асқарўғли, Расим Қарача, Қули Оқсос, Зоҳир Азамат, Оқсин, Хаёл Ризо, Илғор Фаҳмий каби шоирларнинг, Теҳрон Ахсанўғли, Рафиқ Ҳошимов, Элчин Ҳусайнбейли, Мақсад Нур, Фируз Мустафо каби ёзувчиларнинг асарларини ўзбек тилида мутолаа қилган. Бугунги кунда озарбайжон адабиётининг фаол таржимонлари сафида Тоҳир Қаҳҳор, Карим Баҳриев, Хосият Рустамова, Бобохон Муҳаммад Шариф, Рустам Жабборов, Раҳмат Бобожон каби фидойи ижодкорларни кўриш мумкин. 

Айни дамда нашрга тайёрланаётган “Туркий адабиёт хазинасидан” 100 жилдлик асарлар мажмуасида ҳам озарбайжон мумтоз ва замонавий адабиётига муносиб ўрин берилган бўлиб, мажмуага кирган асарларнинг бари ўзбек тилига таржимада чоп этилади. 

Тадбир сўнгида таржимон Маматқул Ҳазратқулов озар элининг буюк ёзувчиси Анар билан учрашувлари, у туғилган мамлакатнинг бой тарихи, маънавияти ҳақида тўхталди. Шунингдек, шу вақтгача ёзувчи Анарнинг исми Анор номи остида чоп этилганлигига тўхталди. Аслида ёзувчининг исми Анар эканлиги, энди шу шаклда қайд этиш кераклигини таъкидлади. 

Учрашувда меҳмон бўлганларга таржимон дастхати туширилган янги китоб тақдим этилди. 

Д.Маматова,  ЎзА