English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Озарбайжон халқининг умуммиллий лидери Ҳайдар Алиев таваллудининг 100 йиллиги кенг нишонланмоқда
16:49 / 2023-05-11

Ҳар бир миллат ўз тақдирида кескин ижобий бурилиш ясай олган, фидойи, узоқни кўра оладиган, донишманд ва оқил фарзандларини мудом ардоқлаб, хотирасини азиз билиб келади. Озарбайжоннинг асл фарзанди, давлат ва жамоат арбоби Ҳайдар Алиев ўз юртининг ана шундай қатъий азму шижоатли, умрини Ватан тараққиётига бахшида этган инсонлардан бири эди.

Шу кунларда мамлакатимизда Озарбайжоннинг буюк фарзанди, атоқли давлат ва жамоат арбоби Ҳайдар Алиев таваллудининг 100 йиллиги кенг нишонланмоқда.  

Озарбайжон Республикасининг умуммиллий лидери Ҳайдар Алиев ҳаёти ва ибратли фаолиятига бағишланган маърифий анжуманлар, миллат етакчиси ҳақидаги китоблар тақдимотлари, фотокўргазмалар, ҳужжатли фильмлар премьераси, концерт дастурлари бўлиб ўтмоқда.  

Пойтахтимиздаги Ҳайдар Алиев ёдгорлиги мажмуасида бўлиб ўтган тадбир бунга ёрқин мисолдир. Айтиш жоизки, кейинги йилларда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташқи сиёсатда очиқ, конструктив, самимий муносабатлар шаклланди. Бу жиҳатлар Ўзбекистон ва Озарбайжон халқлари ўртасидаги ҳамкорликнинг сифати ва мазмун жиҳатдан янги босқичга кўтарилганда яққол кўзга ташланмоқда.  

Тантанада турли вазирлик ва идоралар, миллий маданият марказлари, ижодий ташкилотлар вакиллари,  ижодкор зиёлилар, талаба-ёшлар қатнашди.  

Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Рустамбек Қурбонов Озарбайжон халқининг умуммиллий лидери, атоқли давлат арбоби Ҳайдар Алиевнинг Озарбайжон Республикаси мустақилликка эришишдаги роли, жасорати, халқларимиз ўртасидаги дўстлик, қардошлик ва биродарлик ришталарининг мустаҳкамланишидаги хизматлари хусусида атрофлича тўхталди.  

Озарбайжон Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ҳусайн Гулиев Ўзбекистонда Озарбайжон умуммиллий лидери Ҳайдар Алиев таваллудининг 100 йиллиги кенг нишонланиши икки халқ ўртасидаги дўстона алоқаларнинг нечоғли чуқур  ва тарихий асосга эга эканини намоён этишини таъкидлади.  

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид икки халқнинг дўстона муносабатлари адабий-маърифий алоқаларнинг муттасил равнақ топиб бораётганида ҳам акс этаётгани хусусида сўз юритди.  

Тадбирда Миробод туманидаги "Темирйўлчилар" маҳалла фуқаролар йиғини раиси, Озарбайжон миллий маданий маркази фаоли Меҳрибон Рагимова, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, таниқли шоир, Ўзбекистон ва Озарбайжоннинг "Дўстлик" орденлари соҳиби Али Насирли  Озарбайжоннинг умуммиллий лидери Ҳайдар Алиев туркий давлатлар, айниқса, Ўзбекистонга ўзгача меҳр, эътибор, ҳурмат ва эҳтиром билан муносабатда бўлганини алоҳида эътироф этди. Бу жиҳатлар айниқса, халқимизнинг суюкли фарзанди Шароф Рашидов ҳамда Ҳайдар Алиев ўртасидаги қадрдон алоқаларда яққол кўзга ташланишини катта авлод вакиллари мудом илиқ хотиралар билан эслайдилар.  

Тантанали тадбирда Озарбайжон халқининг умуммиллий лидери, атоқли давлат арбоби Ҳайдар Алиев ёдгорлиги пойига гуллар қўйилди.  

Дарҳақиқат, кейинги йилларда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ҳамда Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев ташаббуси билан мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик ҳамкорлик изчил ривожланмоқда. Президентимизнинг 2019 йил октябрь ойида Озарбайжонга, қардош мамлакат раҳбари Илҳом Алиевнинг 2022 йил июнь ойида Ўзбекистонга амалга оширган тарихий ташрифлари бу йўналишда бутунлай янги даврни бошлаб берди.  

Тошкент фотосуратлар уйида Ўзбекистон Бадиий академияси, Озарбайжоннинг мамлакатимиздаги элчихонаси, Озарбайжон миллий маданият маркази билан ҳамкорликда ташкил этилган “Азалий дўстлик, қардошлик” номли фотокўргазмада бу жиҳатлар яна бир бор ўз исботини топди.  

Тадбирда қайд этилганидек, Ҳайдар Алиев ХХ асрнинг атоқли сиёсий ва давлат арбоби, мустақил Озарбайжоннинг асосчиси ва буюк бунёдкори  сифатида тарихга кирди. Унинг кўп қиррали фаолияти икки халқ ўртасидаги муносабатларни ривожлантириш, Озарбайжоннинг халқаро миқёсидаги нуфузини оширишга хизмат қилди. Ўзбекистон билан муносабатни юқори даражага олиб чиқиш, мамлакатлар ўртасидаги стратегик шериклик, икки ва кўп томонлама ҳамкорликни кенгайтиришга беқиёс ҳисса қўшди.  

Мазкур фотокўргазмадаги асарлар халқларимиз ўртасидаги ришталар мустаҳкам тарихий, маданий, маърифий асосга эга эканини яна бир бор кўрсатди.  

“Туркистон” саройида бўлиб ўтган концерт дастури санъатларимизнинг нечоғли муштарак эканини намоён этди. Озарбайжон халқининг умуммиллий лидери Ҳайдар Алиев таваллудининг 100 йиллигига бағишланган маърифий тадбирлар мамлакатимиз бўйлаб давом этмоқда.  

Назокат Усмонова, ЎзА