Фарғона давлат университетида Озарбайжоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳузуридаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият маркази ҳамкорлигида Озарбайжон санъати ва адабиёти кунлари бўлиб ўтди.
Дастлаб Озарбайжон халқ шоири Баxтиёр Ваҳобзоданинг “Жонимга жо Озарбайжоним” китоби тақдимоти ўтказилди. Тақдимот маросимида маданият маркази директори Акиф Марифли бошчилигидаги делегация, университет профессор-ўқитувчилари иштирок этди. Тадбирда Баxтиёр Ваҳобзоданинг бадиий мероси ва икки халқ ўртасидаги дўстона алоқалар муҳокама қилинди.

Меҳмонлар Маънавият ва маърифат марказида миллий анъаналар асосида кутиб олинди. Вокал ва чолғу ижрочилиги кафедраси профессор-ўқитувчилари ва талабалар томонидан Озарбайжон қўшиқлари ижро этилди.

Тадбир давомида меҳмонлар талабалар томонидан тайёрланган ижодий кўргазмалар билан танишди. Бадиий расмлар ва амалий санъат намуналари орқали водий табиатининг гўзаллиги ҳамда миллий қадриятлари намоён этилди.

Шунингдек, Баxтиёр Ваҳобзода меросига бағишланган рамзий хона очилди. Университет ректори Баҳодиржон Шермуҳаммадов ва маданият маркази директори Акиф Марифли иштирокида хонанинг расмий очилиши бўлиб ўтди. Ушбу маросимда икки томонлама ҳамкорлик ҳужжатлари имзоланди ва меҳмонларга эсдалик совғалари топширилди.

Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият маркази томонидан университет Ахборот-ресурс марказига адабиётлар тўплами тақдим этилди. Шунингдек, ARMда “Озарбайжон адабиётлари бурчаги” ташкил этилди. Бу бурчак талабалар ва тадқиқотчилар учун билим манбаи вазифасини бажаради.

Озарбайжон санъати ва адабиёти кунлари икки қардош халқ ўртасидаги маданий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, талабаларнинг ижодий салоҳиятини намойиш этиш ва адабий-маърифий алоқаларни ривожлантиришга хизмат қилади.
Нилуфар Бозорова, ЎзА