Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Озарбайжон – Ўзбекистон муносабати даврга мос, жадал ривожланмоқда
16:27 / 2023-08-23

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Озарбайжонга давлат ташрифи маҳаллий оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиляпти.

Хусусан, “АзерТАЖ” давлат ахборот агентлиги, “Trend”, “turkustan.az”, “ru.oxu.az”, “report.az”, “hakkin.az”, “caliber.az” сингари нуфузли ахборот-таҳлилий порталлар ва бошқа электрон ҳамда босма оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистон раҳбарининг давлат ташрифи доирасидаги тадбирларга бағишланган туркум мақолалар эълон қилиняпти.

Шу билан бирга, Ўзбекистон – Озарбайжон муносабатига оид батафсил таҳлилий шарҳлар чоп этилмоқда.

“report.az” портали айни мавзуга бағишланган шарҳида Марказий Осиё давлатлари, хусусан, Ўзбекистон билан муносабатни ривожлантириш Озарбайжон ташқи сиёсатида муҳим ўрин тутаётгани, мавжуд ҳамкорлик кўлами кейинги йилларда жадал кенгайиб бораётгани таъкидланган.

– Мамлакатларимиз ўртасида 1995 йил 2 октябрда дипломатик муносабат ўрнатилган бўлса-да, тарихи, дини ва маданияти, илдизи муштарак озар ва ўзбек халқларини қадимдан анъанавий дўстлик, қардошлик риштаси боғлайди, – дейилади мақолада. – Ўзбек халқининг забардаст мутафаккири Алишер Навоий туркий тилдаги “Хамса”сини буюк Низомий Ганжавий “Хамса”сидан илҳомланиб ёзгани бежиз эмас.

Материалда Озарбайжон ва Ўзбекистоннинг тарихий дўстлиги, қардошлик муносабати янада ривожланиб, кўп йиллик синовдан сўнг бугунги даражага кўтарилгани қайд этилган.

Шарҳда Президентлар Илҳом Алиев ва Шавкат Мирзиёев ўртасидаги ишончли, яқин дўстона муносабат алоқаларимизни юксак даражага кўтаришда ҳал қилувчи аҳамият касб этиши урғуланган. Зеро, иккала етакчи ҳам расмий ташрифлардан ташқари турли халқаро тадбирлар доирасида тез-тез учрашиб туришади.

“Муштарак илдизга эга, узоқ тарихга асосланган муносабат бугун янги давр воқелигига мос равишда жадал ривожланмоқда. Давлатларимиз ўртасида имзоланган 160 дан кўп ҳужжат, жумладан, Стратегик шерикликни чуқурлаштириш ва ҳар томонлама ҳамкорликни ривожлантириш декларацияси алоқаларни янада ривожлантириш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратди. Озарбайжон ва Ўзбекистон, шунингдек, Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари билан кун сайин мустаҳкамланиб бораётган шериклик нафақат давлатларимиз, халқларимиз, балки бутун туркий дунёси тараққиётига салмоқли ҳисса қўшмоқда”, -  дея якунланади мақола.

Оммабоп “turkustan.az” портали ҳам Ўзбекистоннинг ТДТ доирасидаги ҳамкорлиги, мамлакатимиз раҳбарининг туркий дунёни мустаҳкамлашга қўшаётган шахсий ҳиссаси ҳақидаги мақолани муштарийлар ҳукмига ҳавола қилди.

– Бирдамлигимизни, умумий меросимизни буюк файласуфлар, меъморлар, рассомлар, шоирлар асраб-авайлаган, – деб ёзади мақола муаллифи Аида Эйвазли Гайтурк. – Ўзбек ипаги, атласи озарбайжонлик келинлар учун энг чиройли либосга, кундалик ҳаёт безагига айланган. Озарбайжонча қўшиқлар ўзбек тўйларида севиб ижро этилади. Маданий меросимизни ҳимоя қилиш орқали биз дўстлигимизни турли тажовуздан ҳимоя қилдик.

Муаллиф, шунингдек, Ўзбекистон қадимий бинолари, тарихдан бизгача етиб келган меъморий обидалари билан туркий дунё маданияти бешиги эканини таъкидланган.

– 2022 йил ноябрда жаҳон цивилизацияси маркази, Буюк ипак йўли чорраҳасида жойлашган Самарқанд Туркий давлатлар ташкилоти IX саммитига мезбонлик қилди, – дейилади мақолада. – 3500 йилдан ортиқ тарихга эга қадим Самарқанд “Туркий цивилизация пойтахти” дея аталиши зарурат, қўлдан бой берилган имкониятлар ўрнини босиш демак. Ахир, Самарқанд азалдан тараққиёт, маданият, илм-фан, маърифат, дўстлик маркази ҳисобланган. Ҳозир эса ушбу қадимий кентда – Шайбонийлар, Темурийлар, Нақшбандийлар руҳи сингган заминда туркий дунёнинг кўплаб масалалари муҳокама қилинмоқда, янги дунё тузумида янги қарорлар қабул қилиниши тарихни ортга қайтармоқда.

Муаллиф қайд этишича, халқаро ташкилотлар сони, инвестиция кўлами, аҳоли сони ўсиши суръати бўйича Ўзбекистон ҳозир минтақада етакчи сифатида мувозанатни сақлаб, анъаналарни ривожлантириб келмоқда.

– Ўзбекистон етакчисини ислоҳотчи дейиш ўринли, – дейди Аида Эйвазли Гайтурк. – Президент сабабчи бўлган улкан ижобий ўзгаришлар мамлакат тараққиёти суръатини жадаллаштирмоқда. Бинобарин, турк дунёси интеграцияси йўлида илк дадил қадамни ташлаган Шавкат Мирзиёев ўз номини тарихга ёзган етакчи, десак адашмаймиз. У Амир Темур асос солган давлатни, ўзбек халқини ғоят муносиб бошқаряпти. Соҳибқирон йўли ва сиёсатини шараф билан давом эттириб, туркий дунёни бирлаштиришга, ТДТ диверсификациясига хизмат қиляпти.

– Раҳбарнинг узоқни кўра билиши пировард мақсадга эришишда асосий кўмакчи, умумий мақсадни танлаш эса халқлар ва давлатлар уйғун ривожланиши калитидир, – деб ёзади муаллиф. – Бундай саъй-ҳаракат халқаро ташкилотларга интеграциялашув жараёнини соддалаштиради. Бугунги кунда Ўзбекистон ва Озарбайжон узвийлиги туркий давлатлар аро мувозанатни сақлашга ҳам хизмат қилмоқда. Бир-бирига яқин қадриятлар, маънавий алоқаларни асраб-авайлаш, ривожлантиришда Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Илҳом Алиевнинг хизмати беқиёс.

Озарбайжон оммавий ахборот воситалари, шунингдек, Президент Шавкат Мирзиёевнинг 22 август куни Бокуга келиши, мамлакатимиз делегациясининг Озарбайжон халқи умуммиллий етакчиси Ҳайдар Алиев мангу қўним топган манзилга ҳамда Шаҳидлар хиёбонига ташрифи, олий даражада тор ва кенгайтирилган доирада музокара бўлиб ўтгани хусусидаги янгиликларни тезкорлик билан ёритиб борди.

ЎзА