Тошкентдаги Ҳайдар Алиев номли Озарбайжон Маданият марказида Ўзбекистон мустақиллигига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди.
Ўзбекистон-Озарбайжон дўстлик жамияти раҳбарияти, мамлакатимизда истиқомат қилаётган озарбайжонликлар, маданият арбоблари, зиёлилар, олий ўқув юртлари педагог-ўқитувчилари иштирок этган анжуманда иштирокчилар бинога кираверишда ташкил қилинган “Мустақилликнинг 31 йиллиги муборак бўлсин, жонажон Ўзбекистон” номли китоблар ва фотосуратлар кўргазмаси билан танишдилар.


Озарбайжон Маданият маркази директори Самир Аббосов йиғилганларни байрам билан қутлади. Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида сиёсий, иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар алоҳида таъкидланди.
Шунингдек, С.Аббосов 21-22 июнь кунлари Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг Ўзбекистонга амалга оширган расмий ташрифи мавзусига ҳам тўхталди. Ўзбекистон давлат раҳбари билан самарали музокаралар олиб борилгани, ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича кўплаб ҳужжатлар имзолангани қайд этилди. Бу Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга кўтаради.


– Ҳозирги кунда Ўзбекистонда давлат раҳбари томонидан илгари сурилган янги концепция муваффақиятли амалга оширилмоқда, – деди у. – Янги Ўзбекистонни барпо этишга йўналтирилган саъй-ҳаракатлар масалага янгича қараш, дегани.
Дипломат, шунингдек, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистон Озарбайжоннинг Фузулий шаҳрида йирик умумтаълим мактаби қурилишини зиммасига олганига ҳам эътибор қаратди. Айни кунда ўқув муассасаси қурилиши лойиҳаси Озарбайжон ҳукуматига тақдим этилган.

Ўзбекистон-Озарбайжон дўстлик жамияти ижрочи директори, тарих фанлари доктори Эркин Нуриддинов, Ўзбекистон Миллий университети профессори Нигина Шермуҳаммедова йиғилганларни қутларкан, мамлакатларимиз ўртасидаги дўстона алоқани кенгайтириш, хусусан, илм-фан соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш асрий ўзаро ришталарни янада мустаҳкамлашига урғу берди.
Шундан сўнг Марказ ҳузуридаги “Хизмат кўрсатган артист Кайкеп Алиева номидаги Озарбайжон қизлари” рақс ансамбли ижрочилари миллий рақслардан ижро этди. Бокулик ёш қўшиқчи Меҳди Гасанов, шунингдек, Раъно Азизова, Юсиф Алиев, Темур Раҳмонов ва Даврон Қодиров озарбайжонча, ўзбекча ашулаларни куйлашди.
Ғ.Хонназаров, ЎзА