Озарбайжон Арманистонга темир йўл орқали ёқилғи экспортини бошлади
Озарбайжон Арманистонга темир йўл орқали нефть маҳсулотларини етказиб бера бошлади. Бу бир неча ўн йиллик танаффусдан кейинги биринчи экспорт бўлиб, икки мамлакат ўртасидаги тинчлик ва иқтисодий ҳамкорлик учун муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.
Бугун Баку минг тоннадан ортиқ AI-95 бензин солинган 22 та танкер вагонини Арманистонга йўллади. Юклар Грузия орқали етказилди ва бу ишни ўлканинг бош нефть компанияси - “SOCAR” амалга оширди.
Экспертлар фикрича, бу экспорт сиёсий баёнотлардан амалий натижага ўтиш бўлиб, тинчликнинг иқтисодий фойдаларини кўрсатади. Ҳозирда Арманистонга ёқилғи импортининг 60 фоиздан ортиғи Россиядан келади, қолган қисми эса Эрон, Руминия, Мальта ва Туркия орқали таъминланади.
Расмийларга кўра, очилган савдо йўллари ва ишончли савдо алоқалари Жанубий Кавказдаги транспорт ва энергетика коридорларини тиклаш, шунингдек, Арманистон, Озарбайжон ва қўшни давлатлар ўртасида кенгроқ савдо имкониятларини яратиши мумкин.
Мусулмон Зиё, ЎзА