Тақдимот
Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида озарбайжонлик таниқли ёзувчи Воҳид Меммедлининг “Лайли ва Мажнун” китобининг ўзбекча нашри тақдимоти бўлиб ўтди.
Тадбирда сўз олган университет биринчи проректори, тарих фанлари номзоди Ваҳобжон Ражапов Ўзбекистон ва Озарбайжон давлатлари ўртасидаги иқтисодий, ижтимоий, маданий соҳалардаги ҳамкорлик алоқалари сўнгги йилларда тобора мустаҳкамланиб бораётганлигини таъкидлади.

Озарбайжон адиби Воҳид Меммедлининг қаламига мансуб “Лайли ва Мажнун” асари наманганлик моҳир таржимон ва шоира, журналист, “Дўстлик” ордени соҳибаси Дилбар Ҳайдарова томонидан ўзбек тилига таржима қилинган. Бу китоб унинг еттинчи таржима китоби бўлиб, бундан аввал “Озарбайжон шеърияти” антологиясида 120 шоирнинг таржималари чоп этилиб, Боку шаҳрида тақдимоти ўтказилган эди.
Қардош ижодкорнинг чин муҳаббат, садоқат туйғуларига йўғрилган асарининг адабий ҳаётдаги аҳамияти борасида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари, шоир Минҳожиддин Мирзо, Наманган вилояти “Ахсикент” археология парки директори Анвар Икромов ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Адабий анжуманда қатнашган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари Ҳилола Юсупова ва Дилноза Азизова ўзбек миллий адабиёти ривожи ҳамда таржимашунослик тараққиётига салмоқли ҳисса қўшган, Қирғиз Республикаси, Қозоғистон, Туркия, Озарбайжон каби қардош мамлакатларда ҳам ўз ўқувчиларига эга бўлган ҳассос шоира Дилбар Ҳайдарова феноменига алоҳида тўхталди.
“Шарқ юлдузи” журнали бош муҳаррири, шоир Сирожиддин Рауф, профессор Маҳмуджон Йўлдошев, манбашунос олима Дилдора Ҳасанова, қирғизистонлик адиб-тадқиқотчи Маҳмуджон Қозоқбоев ўзбек-озар адабий алоқалари тарихи ва бугунги кундаги самараларига ҳамоҳанг эканини қайд этди.

Тадбирда озарбайжонлик ёзувчи Воҳид Меммедли кўрсатилган ғамхўрлик, эътибор учун тадбир ташкилотчилари ҳамда ўзбекистонлик ҳамкасбига миннатдорлик билдирди. Олийгоҳ ахборот ресурс марказига нашр этилган китобидан 150 адади туҳфа қилинди. Ўзбекистон Ёзувчилар ва Журналистлар уюшмалари аъзоси, Озарбайжон ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Дилбар Ҳайдарова озар адабиётига қизиқиш Москва адабиёт институтида ўқиган пайтидан бошлангани, таржималари юртимизда чоп этилгани, айниқса, Озарбайжон халқ шоири Бахтиёр Ваҳобзоданинг “Бир олманинг икки юзи” шеъри Ўзбекистон Халқ артисти, ҳофиз Ортиқ Отажонов томонидан маромига етказиб ижро этилганлигини мамнуният билан айтди.
Адабий анжуман иштирокчилари Тошкент давлат педагогика университетида ташкил этилган Озарбайжон хонаси билан танишди. Мана шундай адабий тақдимотлар Наманганда шу йилнинг май – июнь ойларида бўладиган 64-халқаро “Гуллар фестивали” доирасида ва кейинчалик Озарбайжонда ҳам бўлиб ўтади.

О.Дадабоев, ЎзА