Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Ўзагросуғурта” АЖ ва Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ўртасида ҳамкорлик битими имзоланди
18:11 / 2022-06-22

Давлатимиз раҳбарининг “Инсон қадри учун” ғояси, бу аввало, ҳар бир фуқаронинг тинч ва хавфсиз ҳаёт кечиришини, унинг фундаментал ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш демакдир.

Ушбу ғояни амалда рўёбини таъминлаш бўйича барча имкониятлар ишга солинмоқда. 

 Маълумки, кейинги йилларда мамлакатимизда ташқи меҳнат миграцияси жараёнларини тартибга солиш, вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга жўнаб кетаётган фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, уларга зарур ҳуқуқий, ижтимоий, ахборот-маслаҳат ёрдами кўрсатиш ва моддий қўллаб-қувватлаш юзасидан амалий чоралар кўрилмоқда. Бу хорижда меҳнат қилиш учун кетаётган ҳар бир фуқаронинг ҳаёт даражасини оширишга қаратилган ижтимоий муҳофаза кучайиб бораётганини англатади. 

Мамлакатимиз Президентининг 2019 йил 20 августдаги “Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва уларнинг оила аъзоларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чоралари тўғрисида”ги фармони бу борада амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб берди. Фармонга кўра, йилига бир маротаба хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш даврида фуқаролар ҳаёти ва соғлиғини ҳамда бошқа таваккалчиликларни суғурталаш бўйича суғурта мукофоти суммасини қоплаш учун суғурталанган ҳар бир меҳнат мигранти учун 50 минг сўм миқдорида бир марталик субсидиялар тақдим этиш амалиёти жорий этилди. 

Мазкур фармон ижросини таъминлаш мақсадида  “Ўзагросуғурта” АЖ ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ўртасида ўзаро ҳамкорлик қилиш бўйича келишув битими имзоланди. 

Мазкур битим хорижга вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун кетаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини комплекс суғурта қилиш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш, шу жумладан бир марталик субсидиялар юзасидан суғурталаш ишлари қамровини кенгайтиришни назарда тутади. Ҳужжатда ҳар иккала томонларнинг вазифалари аниқ қилиб белгилаб қўйилди. Хусусан, хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш истагидаги фуқароларимизни комплекс суғурталаш, уларга суғуртанинг  моҳияти, афзаллик жиҳатлари тўғрисида тушунтириш ишларини олиб бориш ва уларни суғуртавий ҳимояга олиш бўйича ҳамкорликда шароит яратиб бериш кўзда тутилган.  

Энг муҳими, ушбу суғурта полиси фуқароларимизга атиги 3-5 дақиқа ичида электрон тарзда бепул расмийлаштирилади. Полис доирасида 10 минг евро миқдорида жавобгарлик олиб борилади. Бундан ташқари, мазкур суғурта полиси  юртдошларимизга хорижда бахтсиз ҳодиса туфайли тиббий ёрдам олиши, репотрация ва ҳатто, ишлаш учун патент ололмай Ватанга қайтадиган бўлса, йўл кира ҳаражатларини қоплаш имкониятини беради.

Ҳамкорлик битимининг имзоланиши келажакда хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган ватандошларимизнинг ижтимоий муҳофазасини таъминлашга хизмат қилади. 

“Ўзагросуғурта” АЖ ахборот хизмати