Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
"Ўзагросуғурта” АЖ томонидан мижозлар учун онлайн суғурта хизматлари сони 26 тага етказилди
22:17 / 2024-02-26

Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда акциядорлик жамияти ахборот хизмати раҳбари Илҳом Жўраев маълум қилди.

“Ўзагросуғурта” акциядорлик жамияти 2023 йилда суғурта соҳасининг қатор йўналишлари, хусусан, аҳоли ўртасида суғурта хизматларининг сифати ва кўламини ошириш, уларнинг янги турларини жорий қилишга алоҳида эътибор қаратди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 23 октябрдаги “Суғурта бозорини рақамлаштириш ва ҳаёт суғуртаси соҳасини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси таъминланиб, 2023 йилда мажбурий суғуртанинг барча турларини онлайн расмийлаштириш жорий қилинди.

Ўтган йил бошида “Ўзагросуғурта” АЖ мижозлар учун 18 турдаги онлайн суғурта хизматларини тақдим этган бўлса, ҳозирги кунга келиб, бундай хизматлари сони 26 тага етказилди. Айтиш жоиз, Жамият томонидан онлайн полисларни сотиб олиш жараёни соддалаштирилган бўлиб, мижозлар ўзи ҳақидаги минимал маълумотларни киритиши орқали маълумотлар базаси автоматик равишда тўлиқ шаклланади.

Жамиятда тизимни рақамлаштириш борасида ҳам изчил ишлар олиб борилди. Хусусан, “Uzagros Online” ягона электрон ахборот тизими тўлиқ модернизация қилинди. Эндиликда бу тизим орқали анъанавий қоғозбозликдан мутлоқо воз кечилади. Компания ва унинг тизимидаги барча турдаги ҳужжатлар айланмаси шу ахборот тизимида акс этади. Жисмоний ва юридик шахслар билан тузиладиган суғурта шартномалари ва полислар ушбу ахборот тизимига киритиб борилади. 

Бевосита, суғурта фаолиятини амалга ошириш натижасида эришилган асосий кўрсаткичларга тўхталадиган бўлсак, “Ўзагросуғурта” акциядорлик жамиятининг 2023 йилда таъминланган суғурта мукофотлари 393 млрд 152 млн сўмни ташкил қилди. Шундан 71 млрд 540 млн сўм мажбурий суғурта бўйича мукофотлар, 321 млрд 611 млн сўм эса ихтиёрий суғурта турлари бўйича мукофотларни ташкил қилади. Ўсиш кўрсаткичини 2022 йилга солиштирадиган бўлсак, 121,6 фоиз ёки 69,9 млрд сўм кўп суғурта мукофотлари таъминланганини кўриш мумкин. 

Расмийлаштирилган суғурта шартномалари бўйича олинган мажбурият ҳажми 180 трлн 423 млрд 68 млн сўмни ташкил қилди, бу ўз навбатида 2022 йилга нисбатан 151,5 фоизга кўп демакдир. 

Шу давр мобайнида Жамият мижозлари билан жами 715 314 дона суғурта шартномалари тузилган бўлиб, шартномаларнинг 5 580 тасини қишлоқ хўжалиги (хусусан, пахта, ғалла, қайта экиш ва бошқа экинлар, шунингдек, қишлоқ хўжалиги корхоналарининг мол-мулки ва лизинг хизматлари), 650 034 тасини аҳоли соғлиғи ва мол-мулки билан боғлиқ суғурталар ҳамда 59 700 тасини бошқа турдаги суғурта хизматлари ташкил қилади. 

Олинган мажбуриятлар доирасида мижозлар манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида 50 млрд 469 млн сўмлик суғурта товонлари тўлаб берилди. Шундан мажбурий суғурта бўйича 20 млрд 434 млн сўм, ихтиёрий суғурта бўйича эса 30 млрд 35 млн сўм товон пули тўлаб берилди. Бу 2022 йилга нисбатан қарийб 7,2 млрд.сўм кўп маблағ демакдир. Ўсиш кўрсаткичи 116,6 фоизни ташкил қилди. 

Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси, Ўзбекистон маркетинг уюшмаси ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида бўлиб ўтган Иккинчи халқаро “Tashkent Digital Marketing forum 2024” форумида “Ўзагросуғурта” акциядорлик жамияти “2023 йилда Ўзбекистон бўйлаб юқори сифатли суғурта хизматларини тақдим этиб келаётган ҳамда энг кенг тармоққа эга бўлган компания” номинацияси бўйича мукофотни қўлга киритди.

Жамият фаолияти халқаро рейтинг агентликлари томонидан эътироф этиб борилмоқда. Хусусан, 2023 йил июл ойида “Fitch Ratings” халқаро рейтинг агентлиги “Ўзагросуғурта” AЖ ва унинг таъсислигидаги “Aгрос ҳаёт суғурта компанияси” AЖнинг молиявий барқарорлик рейтингини 
Бу натижа халқаро инвесторлар ва маҳаллий аҳолининг суғурта хизматига ишончини янада мустаҳкамлаш учун муҳим индикатор ҳисобланиб, Жамиятнинг халқаро қайта суғурта бозорига чиқиш имкониятини жадаллаштирмоқда.

Шунингдек, “United Registrar of Systems” халқаро сертификатлаштириш уюшмаси томонидан “Ўзагросуғурта” акциядорлик жамиятига сифат менежменти тизими сертификати топширилди. Бу билан Жамият фаолияти ISO 9001:2015 халқаро стандарти талабларига мувофиқлиги тасдиқланди. 

Бундан ташқари, “Aҳбор-Рейтинг” агентлиги “Ўзагросуғурта” акциядорлик жамияти фаолиятини “барқарор” прогнози билан “uzA++” даражасида миллий миқёсдаги тўлов қобилияти рейтингини тасдиқлади.

Бу “Ўзагросуғурта” AЖ тўлов қобилиятининг юқори даражаси билан бирга, суғурта бозоридаги нуфузини янада мустаҳкамлаш ва мижозлар манфаатларини ҳимоя қилиш учун барча шароитлар етарли эканлигидан далолатдир.

Жамиятда мурожаатлар билан ишлаш бўйича ҳам тегишли ишлар амалга оширилмоқда. 2023 йил давомида жисмоний ва юридик шахслардан 6205 та мурожаат рўйхатга олинган бўлиб, шулардан 5785 та ёзма ва оғзаки, 420 таси виртуал қабулхоналар орқали келиб тушган. Ёзма ва оғзаки мурожаатларнинг 5117 таси қаноатлантирилган, 552 тасига тушунтириш берилган, 86 таси (суғурта ҳодисаси тасдиқланмаганлиги сабабли) рад этилган, 30 та мурожаат тегишлиги бўйича бошқа ташкилотга юборилган.

Виртуал қабулхона орқали келган мурожаатларнинг 308 таси қаноатлантирилган, 100 тасига тушунтириш берилган, 7 таси (суғурта ҳодисаси тасдиқланмаганлиги сабабли) рад этилган, 5 та мурожаат тегишлилиги бўйича бошқа ташкилотга юборилган.

Аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш, мурожаатларни жойида ҳал қилиш мақсадида жамоатчилик вакиллари, ҳудудларда маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда соҳага оид муаммо ва камчиликларни жойида бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.