Қишлоқ хўжалиги соҳасида қонунийликни таъминлаш, фермер ва тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мамлакатда барқарор тараққиётни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Шу мақсадда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси томонидан ўтган 2025 йил давомида кенг кўламли назорат ва профилактик ишлар амалга оширилди.
Бу ҳақда "Ўзагроинспекция" матбуот котиби Сарвиноз Исмоилова маълум қилди.
Қайд этилишича, 2025 йилда қишлоқ хўжалиги соҳасида қонунийликни таъминлаш мақсадида 117 мингдан ортиқ назорат тадбири ўтказилган. Шунингдек, соҳада фаолият юритаётган хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини ўрганиш доирасида 17 минг 853 та текширув амалга оширилган.
Текширувлар натижасида аниқланган қонунбузарлик ҳолатлари бўйича 9 мингга яқин маъмурий жарималар қўлланилган.
Қонунбузарликларнинг олдини олиш ва профилактик ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида тегишли ташкилот ва идораларга 5 минг 486 та тақдимнома ҳамда 91 минг 342 та огоҳнома киритилган.
Шунингдек, қонунбузарликларга доир 3 минг 322 та материал суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган.
Ушбу рақамлар қишлоқ хўжалиги соҳасида тартиб-интизомни мустаҳкамлаш, очиқлик ва қонунийликни таъминлаш йўлида олиб борилаётган ишлар изчил давом этаётганини кўрсатади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА