Қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаларида қонунчилик талабларига риоя қилиниши устидан назоратни ҳамда ушбу йўналишларда давлат хизматларини амалга ошириш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг асосий вазифаларидан саналади.
“Ўзагроинспекция” ахборот хизмати раҳбари Холида Шодиева маълумотларига кўра, “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги қонун ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя этилиши бўйича жойларда 17 минг 272 та профилактика тадбирлари ўтказилган. Ўтказилган профилактика тадбирлари давомида аниқ кўрсатмалар ва амалий чоралар кўриб борилиши натижасида, 13 минг 746 та ҳолатда қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришда сувни исроф бўлишининг олди олинган.
3 минг 526 та ҳолатда сув тежовчи технологиялар ўрнатилган майдонларда сув исрофгарчилиги бартараф этилган. Бундан ташқари, сувни тежайдиган суғориш технологияси жорий қилинган майдонларда мазкур технологияни ишлатмаслик ҳолатлари юзасидан олиб борилган тушунтириш ишлари натижасида 15 минг 818 гектар майдонда технологиялар қайта ишга туширилди. 2 минг 341 та ҳолатда сув таъминоти оғир бўлган сув истеъмолчиларига сув етказиб беришда кўмаклашилган.

Мутахассиснинг сўзларига кўра, қишлоқ хўжалиги экинлари уруғлари таркибида ГМОнинг мавжудлигини аниқлаш бўйича “Ўзагроинспекция” қошидаги Агросаноат мажмуида хизматлар кўрсатиш марказида замонавий янги лаборатория барпо этилди. Мазкур лаборатория марказнинг ўз маблағлари ва Жаҳон банки томонидан ажратилган 4 миллион АҚШ доллари миқдоридаги грант маблағлари ҳисобига амалга оширилди.
Ҳозирги кунда ушбу лабораторияга замонавий русумдаги синов ускуна ва жиҳозларни Европанинг ривожланган давлатларидан олиб келиш чоралари кўрилмоқда. Ушбу лабораторияда ПЦР (полимераза занжирий реакцияси) таҳлилларини ўтказиш орқали уруғ ва кўчатларда ГМО (генетик модификацияланган организм) мавжудлигини ҳамда хавфли яширин вирусли касалликларни ишончли ва тезкор аниқлаш имконияти яратилади.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, лаборатория МДҲ давлатлари орасида Россия ва Беларусь давлатларидан кейинги учинчи лаборатория ҳисобланади. Қайд этилишича, пахта толаси ва донни синовдан ўтказиш лабораториялари ҳам модернизация қилиниб, сўнгги русумдаги янги замонавий синов ускуналари билан жиҳозланди.
Шунингдек, тадбиркорлар томонидан четга экспорт қилинган жами 6 минг 538 тонна дон ва ун маҳсулотлари, шундан 4 минг тонна буғдой, 2 минг 538 тонна унлардан намуналар олиниб, таҳлил қилинди ва 210 та мувофиқлик сертификатлари расмийлаштирилди.
Республика бўйича жами 225 та давлат ва нодавлат таълим муассасалари хатловдан ўтказилиб, уларнинг моддий-техника ва ўқув-методик базаси шакллантирилди. “Янги мобиль хизмат” йўлга қўйилди. Қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл қурилиш техникалари мулк эгаларига техник кўрик муддати келганлигини хабардор этиш мақсадида “СМС хабарнома” дастури ишга туширилди.
Бундан ташқари, жорий йилнинг ўтган даврида 34 минг 436 дона қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл қурилиши техникалари давлат рўйхатига олиниб, трактор ва бошқа ўзиюрар техникаларга 25 минг 658 дона давлат рақами белгиси, 66 минг 948 дона янги ID-карта (пластик) шаклдаги техник паспорт ва техник гувоҳнома берилди, 184 минг 171 дона техника мажбурий техник кўрикдан ўтказилди.
Республикага жами 16 минг 393 бош наслли қорамоллар, 104 минг 32 бош наслли қўйлар, 3 минг 294 бош наслли эчкилар, 1 миллион 417 минг 982 бошдан ортиқ бир кунлик наслли жўжалар, 8 миллион 864 минг 600 дона наслли тухумлар ва 92 бош наслли отлар давлат реестрига белгиланган тартибда киритилиши таъминланди.
Жорий йил пахта ҳосили учун 29 минг 959 та фермер хўжаликлари томонидан 1 миллион 34 минг 223 гектар майдонда ғўза парвариш қилиниб, инспекция томонидан ушбу майдонларда агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли ўтказилиши бўйича мониторинг ва профилактик тадбирлар олиб борилди. 890 минг гектар ёки умумий ғўза майдонларининг 86,1 фоизида дефолиация тадбирлари ўз вақтида ва сифатли
ўтказилишида амалий ва услубий ёрдам кўрсатилди. Давлат хизматларини кўрсатиш борасида инспекция томонидан ҳисобот даврида 101 та тадбиркорлик субъектларига 2 минг 652 та мувофиқлик сертификати берилди.
Бундан ташқари фермер хўжаликларини юқори сифатли уруғликлар билан таъминлаш мақсадида 54 минг 221 тонна уруғлик чигитлар сертификатланди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА мухбири