Мамлакатимизнинг етакчи расмий ахборот манбаси ЎзА – Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги халқаро ахборот агентликлари, дунёнинг нуфузли нашрлари билан алоқаларни яхши йўлга қўйган.
Изчил ҳамкорлик самараси ўлароқ, яқинда Индонезиянинг “Indonews” ахборот порталида ЎзА мухбири Ўткир Алимовнинг “Сунъий интеллект: инсоният учун таҳдидми ёки имконият?” сарлавҳали таҳлилий мақоласи эълон қилинди.
Жакартадаги ҳамкасбларимиз ҳам икки мамлакат ўртасидаги маданий-маърифий алоқалар ривожланишида оммавий ахборот воситаларининг ўрни муҳимлигини эътироф этмоқда.
Дарвоқе, Жануби-шарқий Осиёнинг ушбу давлати етакчи нашри халқаро алоқалар бўйича махсус мухбири Аҳмад Курнианинг ОАВ соҳасидаги ҳамкорлик истиқболи таҳлилига бағишланган мақоласини тез кунда uza.uz сайтида ўқишингиз мумкин.
Зеро, бугунги глобаллашув даврида тезкор ва ҳаққоний ахборот алмашинуви, умумий тажриба ва малака ошириш мамлакатлар ўртасида ҳамжиҳатликни, ўзаро ишончни мустаҳкамлаш учун қулай имкониятдир.
ЎзА