English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ЎзА мухбирлари Осмонталош чўққисини забт этди
15:49 / 2024-07-18

Саёҳат манзиллари

Чўққилар. Инсоният борки уни забт этишга интилади. Чунки юксак чўққига кўтарилганингизда қалбингиздан кечган туйғулар, кишига ҳузур бағишлайди. Ўша дамда олган таассуротлар оғушида қайта туғилгандек хурсанд бўлади киши. Пурвиқор тоғларга саёҳат қилувчилар бу завқни яхши тушунишади...

“Саёҳат манзиллари” рукнида ёзган мақолаларимизда кўплаб тоғ саёҳатларига чиққанмиз ва у ердаги таассуротларимизни улашганмиз. Бу галги сафаримиз эса Осмонталош чўққиси. Ушбу чўққи Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманида жойлашган “Ҳисор” давлат қўриқхонасининг Мираки бўлимига қарашли ҳудудда жойлашган.

Йўлимиз олис. Шу боис бутун борлиқ жимликка чўмган ярим тунда яъни соат тунги 03:00 да фотомухбир билан йўлга отландик. Албатта олдиндан олинган тавсиялар бўйича иссиқроқ кийимларни ҳам ўзимиз билан олганмиз. Чунки тоғларда об-ҳаво анчагина салқин бўлади. 

Шаҳрисабз туманига тонги соат 05:00 ларда етиб бордик. Шу ердан бизга “Ҳисор” давлат қўриқхонасининг илмий ходими Беҳруз Бегалиев йўл кўрсатувчи сифатида ҳамроҳ бўлгач, туманнинг Сувтушар қишлоғи томон отландик. 

[gallery-18308]

Оммоғон қишлоғини ёқалаб Сувтушарга эндик. Бу қишлоқ ўзининг бетакрор манзара кашф этган қарийб 80 метрлик Сувтушар шаршараси билан машҳур. Қишлоқ номи ўша шаршарадан олинган. Шу ердан юқорига кўтарилиб кетилади. Шу қишлоқлик, нафақадаги ўқитувчи Неъмат Бобоев уйи олдида тўхтаб, машинадан тушдик. Неъмат Бобоев йўлнинг бироз қисмигача бизга ҳамроҳлик қилишини айтиб, “маҳорат” дарси ўтгандек бўлди. Кейинчалик бу дарсга “қулоқ тутмаганимиз” бизни анчагина қийнаб ҳам қўйди.

Отлар доимо инсониятга содиқ хизмат қилиб, оғирини енгил қилган. Бизда ҳам шундай бўлди. Юкларимиз оғир бўлгани боис қўриқхона назоратчиларига тегишли отга юкладик. Шаршарага етмасдан ўнг қўлдаги сўқмоқ бўйлаб юқорига кўтарила бошладик. Бу томонларда гўё баҳор энди бошланаётгандек бутун борлиқ ям-яшил. Сўқмоқдаги изларга қараганда деярли одам юрмайдиган йўлдан чўққи томон илдамлаяпмиз. Қўриқхона илмий ходими Беҳруз Бегалиев йўл бошидаёқ теварак-атроф хусусида маълумотлар бера бошлади.

– Биз кетаётган ушбу ҳудуд қўриқхонанинг Мираки бўлими ҳисобланади, – дейди Б.Бегалиев олдинда юриб, йўл бошларкан. – Осмонталош чўққиси бўлимдаги энг баланд чўққилардан бири бўлиб, денгиз сатҳидан қарийб 4000 метр баландликда жойлашган. Албатта, бир қарашда яқин масофадек туюлиши мумкин. Бироқ унга етиб бориш учун 15 километрга яқин йўл юриш керак бўлади. 

Масъулнинг сўзларидан чўққига етиб боришимиз осон кечмаслиги тайин, лекин кишига завқ берувчи сўлиб табиат, буюк мусаввир яратганнинг ўзи чизган тоғ манзараси машаққатларимизни унуттиргандек бўлади. 

“Кийиктурар” дараси бўйлаб чўққи томон илдамлаймиз. Дара ичидаги жилғалар йиғилиб, кичик дарё ҳосил қилган. Борган сари сукунатли манзара бизни қарши ола бошларди. Йўлимизни тўсаётган тоғ гиёҳларининг муаттар ифори баҳри дилимизни очиб борарди. Чанқаганда дарёга эниб муздек зилол сувни кафтимизга оламиз. 

– Бу дара қишда ёввойи ҳайвонларга бой бўлади. Унинг “Кийиктурар” деб ном олишига сабаб анави бузуқ қояда кийиклар ёввойи ҳайвонлардан ўзларини ҳимоя қилади. У ерга кийиклардан бошқа ҳайвонлар чиқа олмайди, – дейди отни жиловидан тутиб юрган қўриқхона назоратчиси Суннатилла ака қўли билан юқорига ишора қилиб. 

Дала чойи, кийик ўти ва биз номини билмайдиган қанчадан-қанча гиёҳлар... Буларнинг бари тоғ бағрига гиламдек ёйилиб, жозибали манзара ҳосил қилган. Қаршимиздан эса ўркачли қоялар чиқар, ҳар гал чўққи шу бўлса керак деган тахминга бориб, ўзимизга тасалли бергандек бўламиз. Аммо ҳамроҳларимиз ҳали йўлнинг ярмига ҳам етмаганимизни айтишади. 

Тахминан 4 соатлар йўл юрдик. Аммо ҳамон чўққидан дарак йўқ эди. Бу ёғига отда ҳам юриб бўлмас экан. Пиёда юришимизга тўғри келди. Бироқ отни қолдириб ҳам кетиб бўлмасди. Биз сой бўйлаб йўлни яқин қилишга уринарканмиз, Суннатилла ака от қийналмаслиги учун гоҳ у, гоҳ бу томонга ўтиб йўл бошлаб борарди. 

Машаққатли йўл бироз толиқтирди. Эрталабки нонуштани қилмаганимиз боис оч қолганимизни ҳис қилдик. Озиқ-овқат олиш эса эсдан чиққан. Отнинг хуржунида битта суви қочган нондан бошқа ейишга ҳеч нарсамиз йўқ. Муздек сувга қотган нонни ботириб еб кўрганмисиз? О қандай маза! Шу тобда бунинг мазаси шоҳона ресторанлардаги таомларданда лаззатли туюлди бизга. Бироз “таомланиб” олгач, йўлимизда яна давом этдик. Асрлар давомида табиатдаги ўзгаришлар сабаб содир бўлган кўчкилар улкан ҳарсанг тошли йўлларни ҳосил қилган. Ана шу тошлар ошиб 3 минг метр баландликка кўтарилдик. Қаршимизда учта қоя чиқаркан, деярли етдик деб ўйларканмиз, аммо янглишган эканмиз. Бу чўққилар шунчаки чалғитувчи бўлиб чиқди. 

Йўл аввалида Неъмат аканинг дарсига қулоқ тутмаганимиз энди билина бошлаганди. Сабаби, юқорилаганимиз сари ҳалигина чанқоғимизни қондириб турган жилғалар пастда қолиб кетди. Сув идиш ҳам олмаганмиз. Зилол сувли жилғалар чўққигача бизга ҳамроҳлик қилади, деб хато ўйлабмиз. 

Сувсизлик, тобора йириклашиб бораётган ҳарсанг тошлар, машаққатли йўл бизни енга бошлади. Тепамизда булутлар соя соларкан ҳаво ҳам совий бошлади. Зум ўтмай юзимизга ёмғир томчилагандек бўлди. Бир пастда ёмғир тезлашди. Тоғда ёмғир шиддатли ёғади, гўё булут тоғ чўққисига урилиб, йиртилиб кетгандек таассурот қолдиради. Йўлимизга тўғоноқ бўлиб, юришимизни қийинлаштираётган харсанг тошлар бошпанамиз бўлди. Қўлимиздаги ускуналарни ҳимоялаш учун унинг панасида ёмғирдан сақланиб турдик. 

Тепага кўтарилган сайин одамни ваҳима босгандек бўлади. Кутилмаганда бирор ҳайвон ҳужум қилиб қоладигандек. Чунки ҳадеганда инсон қадами етавермайди бу ерларга. Ёввойи ҳайвонлар эса айнан шундай инсонлар қадами етмаган овлоқ жойларда хавотирсиз яшашга ўрганган. Ёмғир ҳам  тезда тиниб, яна йўлда давом этдик. Тўхтаб атрофга боқамиз. Маҳобатли тоғлар. Қорли чўққилар. Бир қарашда ёнгинангда тургандай туюлади. Лекин борган сари узоқлашаверади. Чўққига қараб интиламиз. Бир томони адирга, орти тубсиз жарликка туташган чўққи ҳам завқ, ҳам хавотир уйғотарди. Харсангларни қучоқлаб чўққининг нариги томонига ўтиб олдик. Бироқ бу биз мақсад қилган манзил эмасди. Қаршимизда ҳали қор уюмлари тарк этмаган чўққилар бор.

Озгина дам олиб чўққи томон юра бошладик. Ниҳоят Осмонталош чўққисига озгина масофа қолганини айтиб қолишди ҳамроҳларимиз. Тоғнинг табиати қизиқда. Боягина шаррос ёмғир қуйиб берганди. Ёмғирдан қутулиб дўлга тутилдик. Куннинг авзойи бузилиб, дўл ёғиб қолса бўладими. Бошимиздан шиддат билан дўл саваларкан, яна пана-паналарга ўзимизни уриб қолдик. Ёмғирдан сўнгги шабада ивиган эгнимизни совитиб баданни қалтирата бошлаганди. Яна ярим соат тўхтамасак, марра бизники.

Қор уюмига етгач, манзилга келганимизни ҳис қилдик. Эҳтиёткорона тирмашиб, тепага ҳам кўтарилиб олдик. Ростдан биз энг юқори нуқтада эдик. Чор атрофимиз қорли чўққилардан иборат ҳайратомуз манзара ичра ҳаяжонда эдик. Ҳаяжонли бу лаҳзалар бутун йўл чарчоғини чиқариб юборди. Булутларданда юксакка кўтарилгандик. Бу лаҳзаларни аниқ вақтини муҳрлаш учун соатимизга қараймиз. 17:00. Бошимиз узра тегиб турган булутларга боқиб осмон билан бўйлашиб турган чўққининг нега Осмонталош номини олганлигини англагандек бўлдик. Қарийб 9 соат давомида 15 километрга яқин масофани пиёда босиб ўтгандик. Лекин чўққидаги манзара бунга арзийди ишонинг. 

Қўриқхона вакилларининг таъкидлашича, 4 минг метрга яқин баландликдаги Осмонталош чўққисини забт этган биринчи журналистлар эканмиз. Бу маълумот бизни янада қувонтирди. 

Чўққиларга чиққанингда дунё ташвишларидан чалғийсан. Эзгу ғоялар, фикрлар кеча бошлайди қалбингдан. Унгача етиб борувчи йўл машаққати матонатингни оширади, иродангни чархлайди, мақсадга етиш йўлидаги ҳаракатларингни мустаҳкамлайди, бир сўз билан айтганда ҳеч қаердан топа олмайдиган ҳаётий сабоқларни беради. Ҳаётда ҳар жабҳада кучли бўлишга ундайди. Ҳеч нарсага осонликча эришиб бўлмаслигини ўргатади сенга. 

Агарда сиз бундай туйғуларни бошдан кечирмоқчи бўлсангиз бир бора чўққиларга чиқинг. Осмонталошни забт этинг. 

<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/dL4CbmSOi7U?si=w3QTFP79LSdQ_ZYe" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Ўлмас Баротов, 

Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари