ШҲТ саммити Қозоғистон ОАВ эътибори марказида
ОЛМА-ОТА. Қозоғистоннинг «almalife.kz» нашрида “Самарқанд халқаро дипломатия хабига айланмоқда” ҳамда “15-16 сентябрь кунлари ШҲТ нинг Самарқанд саммити бошланади” сарлавҳали мақолалари чоп этилди.
Мақолаларда таъкидланганидек, ШҲТ нинг бўлажак Самарқанд саммитида мамлакатлар раҳбарлари сўнгги уч йилда илк бор юзма-юз форматда учрашадилар. Бу пандемия даврида йиғилиб қолган икки томонлама, минтақавий ва глобал масалаларни муҳокама қилиш учун самарали имконият бўлади.
“Хусусан, Самарқанд саммитида Эроннинг мажбуриятлари тўғрисидаги Меморандумнинг имзоланиши кутилмоқда. Бундан ташқари, Миср, Қатар ва Саудия Арабистони билан мулоқот бўйича ҳамкор мақомини бериш Меморандумлари имзоланиши режалаштирилган. Баҳрайн ва Малдив ороллари билан ҳамкорлик мақомларини олиш аризаларини тасдиқлаш кўзда тутилган”.
«Аlmalife.kz» нашрида Самарқанд саммити ташкилот тарихининг учинчи ўн йилллиги босқичида ўтказилаётгани билан ҳам аҳамиятли экани таъкидланади.
“Ўзбекистон ШҲТ таъсисчиларидан бири сифатида, Ташкилотнинг ушбу тарихий давр ичида нуфузли ташкилотга айлангани билан фархланиши мумкин”, - дейилади мақолада.
ЎзА