Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ЎзА фотомухбирининг шахсий фотокўргазмаси очилди
09:54 / 2022-10-15

Ўзбекистон Бадиий Академияси Қорақалпоғистон бўлимида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг Қорақалпоғистон Республикасидаги фотомухбири Мақсад Ҳабибуллаевнинг “Қадри баланд қишлоқ аёли” деб номланган шахсий фотокўргазмаси очилди.

Халқаро қишлоқ аёллари куни муносабати билан ташкил этилган кўргазмада қишлоқ аёлларининг матонати, фидокорона меҳнати акс эттирилган фотосуратлари намойиш этилди.  

Тадбирнинг очилиши маросимида Ўзбекистон Бадиий Академияси Қорақалпоғистон бўлими раиси У.Утегенова, Ўзбекистон Бадиий Аеадемияси академиги С.Байбосинов фотомухбирнинг ижодига, кўргазмадан жой олган фотосуратларнинг ранг-баранглиги, маъно-мазмуни, ижодкорнинг маҳорати ҳақида сўз юритди.

Тадбирни ўтказишдан мақсад, азиз ва  қадри баланд қишлоқ аёлларининг сабрли ҳаёт йўлини кўрсатиш орқали ёш авлодга онани, азиз ва мўътабар аёлни қадрлаш, улар билан фахрланиш, эъзозлаш туйғусини ўйғотишдан иборат.  

Ўзбекистон Бадиий академияси аъзоси М.Ҳабибуллаев Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетининг журналистика бўлимини тамомлаган. Меҳнат фаолиятини  Қорақалпоғистон радиоканалида муҳаррир бўлиб ишлашдан бошлаган. Сўнгра Қорақалпоғистон Республикаси давлат солиқ бошқармасида матбуот котиби, Қорақалпоғистон давлат ўлкашунослик музейида катта илмий ходим, бўлим мудири лавозимларида фаолият юритган. 2012 йилдан Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг Қорақалпоғистон Республикасидаги фотомухбири лавозимида ишлаб келмоқда.

М.Ҳабибуллаев ўз услубига эга фотомухбир. Унинг  халқ хўжалиги соҳаларидан тайёрланган қизиқарли фоторепортажлари  кўпчиликнинг эътиборини қозонган. Айниқса,  ижодкорнинг Қорақалпоғистон Республикасида амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, қишлоқ хўжалиги, саноат, қурилиш, тиббиёт, маданият, таълим, спорт ва бошқа соҳалардаги янгиланишлар, Оролбўйининг ўзига хос табиати, қорақалпоқ халқининг миллий урф-одати ва анъаналари тўғрисидаги фотолавҳалари кенг жамоатчиликда яхши таассурот қолдирган.

– Кўргазмадан жой олган ҳар бир фотосуратда қишлоқ аёллари акс эттирилган, – дейди тадбирда иштирок этган  Тахиатош туманидаги “Сановар Сапарбаева” фермер хўжалиги раиси, “Дўстлик” ордени соҳиби, Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган пахтакор  Қизларгул Жуманиёзова. – Бунда фотомухбир Мақсад Ҳабибуллаевнинг маҳорати, ўз касбига фидойилиги кўзга ташланади.

Тадбирда фотомухбирга Ўзбекистон Бадиий Академияси Қорақалпоғистон бўлимининг фахрий ёрлиғи топширилди.  

 

Довуд Абибуллаев, ЎзА