Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўз халқини баралла куйлаган шоир
18:24 / 2023-11-27

Пойтахтимизда Ўзбекистон халқ шоири Ғафур Ғулом таваллудининг 120 йиллигига бағишланган тантанали тадбирлар ташкил этилди.

Куннинг биринчи ярмида тантанали тадбир олдидан Адиблар хиёбонида ўрнатилган Ғафур Ғулом ҳайкали пойига Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вакиллари, ижодкорлар иштирокида гул қўйиш маросими бўлиб ўтди. 

Шундан сўнг, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрида адабий-маърифий кеча бўлиб ўтди. Унда ёзувчи ва шоирлар, адабиёт мухлислари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. 

Театр фойеси байрамона безатилиб, китоблар, хусусан, Ғафур Ғулом асарлари кўргазмаси ташкил қилинди. Симфоник оркестр томонидан мусиқали драма спектаклидан мусиқий парчалар ижро этилди. 

Тадбир аввалида шоир Ғафур Ғулом ижодига бағишланган ҳужжатли фильм намойиш қилинди. 

– Ғафур Ғулом наинки академик шоир, балки ижоди ёшлар ибрат олишга арзигулик ижодкордир, – деди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид. – Миллий адабиётимиз дарғаларининг таваллуд саналарини кенг нишонлашга катта эътибор қаратилмоқда. Ғафур Ғулом ХХ асрнинг энг қийин ва мустабид даврида ўзбек халқининг овози билан ўз халқини баралла куйлади. Шоир умр бўйи заҳмат чекиб, сўзнинг устида ишлаган ижодкордир. Жўшқинлик, завқ-шавқ билан ижод қилишни Ғафур Ғуломдан ўрганиш керак. 

– Ғафур Ғулом туғилишиданоқ инсоннинг қулфи дилини очиб юборадиган ижодкор эди, – деди Ўзбекистон Қаҳрамони, атоқли адабиётшунос олим Иброҳим Ғафуров. – У инсон туйғуларига таъсир этувчи юксак мақомдаги шоир ва адиб эди. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси асосида Ғафур Ғулом таваллудининг 120 йиллиги мамлакатимизда кенг нишонланмоқда. Айтиш керакки, Ғафур Ғулом ижодида ўз даврининг ўзгаришлари, эврилишлари, янгилигу кашфиётлари ўзининг ёрқин ифодасини топган эди. У Шарқнинг гуманист ижодкорлари сафида ўзининг мустаҳкам ва ҳеч ўзгармас ўрнига эга. Негаки, Ғафур Ғулом дунёнинг етук ижодкорлари билан бир сафда фикрлар эди. 

Тантанали тадбирда мамлакатимизда адабий ислоҳотларнинг ривожланаётгани, Ғафур Ғулом қолдирган адабий меросни чуқур ўрганишга алоҳида эътибор қаратилаётгани, асарларининг моҳияти хусусида батафсил сўз юритилди. Айни пайтда “Ғафур Ғулом ижодий меросининг ўзбек ва жаҳон адабий-эстетик тафаккури тараққиётидаги ўрни” мавзусидаги халқаро илмий анжуманнинг Америка Қўшма Штатларида ва Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида нишонлангани эътиборга моликдир. 

Тадбир давомида мониторда Ғафур Ғулом томонидан ўқилган “Сен етим эмассан” шеърига ишланган видеоролик намойиш қилинди. Унинг асарлари асосида суратга олинган “Шум бола”, “Ёдгор” фильмларидан парча намойиш этилди. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, таниқли шоир Мирпўлат Мирзо томонидан ўқилган Ғафур Ғуломнинг “Вақт” шеърига ишланган видеоролик томоша қилинди. Шоирнинг “Бари сеники” номли шеъри Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Николай Илин томонидан ўқилди. 

Таниқли санъаткорлар томонидан шоир шеърига басталанган қўшиқлар ижро этилди.

Маълумотларга кўра, Ғафур Ғулом 1903 йилнинг 10 май куни Тошкентда туғилган. 1923 йилдан унинг адабий фаолияти бошланади. Шеърлар, достонлар, очерклар, ҳажвий ҳикоялар ва повестлари газета ва журналларда чоп этила бошлайди. “Динамо” (1931), “Тирик қўшиқлар” (1932) – ёш шоирнинг йўналиши ёрқин намоён бўлган биринчи шеърий тўпламларидир. 

Шоирнинг боқий ҳаёт, мангу кўк дарахт ҳақидаги “Қиш ва қор” (1929), “Нон” (1931), “Тошкент” (1933), “Қутбда сайловлар” (1937), “Қиш” (1941), “Боғ” (1934), “Қайғу” (1942), “Куз келди” (1945), “Кузги кўчатлар” (1948) каби шеърларида умуминсонийлик, инсонпарварлик мавзулари ўз аксини топди. 

Адабиётшуносларга кўра, Ғафур Ғуломнинг кўпгина шеърларида Шарқ донишманди ота тимсоли яққол намоён. “Сен етим эмассан” (1942), “Қайғу” (1942), “Бири бирига шогирд, бири бирига устод” (1950), “Сизларга — ёшлар” (1947), “Баҳор тароналари” (1948) ва бошқалар шулар жумласидандир. “Нетай” (1930), “Ёдгор” (1936), “Шум бола” (1936-1962) повестлари ва “Менинг ўғригина болам” (1965) ва бошқа кўплаб ҳикояларида чинакам халқ қаҳрамонлари, миллийлигимиз тасвирланган. 

Ғафур Ғулом кўплаб асарларини болаларга бағишлаган. Айниқса, унинг “Шум бола” асари адабиёт мухлислари эътиборини қозонган. Урушдан кейинги йиллар Ғафур Ғулом бир қатор шеърий тўпламларини нашрдан чиқарди. "Янги шеърлар",, “Ўзбекистон оловлари”, “Оналар”, “Ўзбек халқ ғурури”, “Тонг қўшиғи”, “Яшасин, тинчлик!», “Бу – сенинг имзоинг” каби тўпламлар шулар жумласидан. Ушбу тўпламлардан жой олган шеърларда шоир тинчлик даврининг муҳим саволларига жавоб топишга, ўзбек халқининг меҳнат фаолиятидаги муваффақиятларини кўрсатишга интилади. 

Мустақиллик йилларида Ғафур Ғулом ижоди юксак қадрланиб, Президент фармони асосида “Буюк хизматлари учун” орденига муносиб топилди. 

Тантанали кечада шоир шеърлари, унинг сўзи билан айтилувчи қўшиқлар янгради. Шоирнинг қизи, таниқли ижодкор, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, шоирнинг уй-музейи директори Олмосхон Аҳмедова Ғафур Ғулом таваллудининг 120 йиллиги муносабати билан ўтказилаётган бу каби тадбирлар шоир хотирасига юксак эҳтиром намунаси эканини таъкидлаб, миннатдорлик билдирди. 

Ғафур Ғулом таваллудининг 120 йиллигига бағишланган адабий-маърифий тадбирлар, анжуманлар мамлакатимиз бўйлаб давом этмоқда.

Назокат Усмонова, ЎзА