English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўз сўзига эга, самимий адиб (+видео)
20:47 / 2024-02-27

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида мазкур ижодий ташкилот аъзоси, қорақалпоқ шоири, ёзувчи ва таржимон Узақбай Пиржановнинг "Хазонрезги" китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Тақдимотга адабиёт мухлислари, шоир ва ёзувчилар, адабиётшунос олимлар, талаба-ёшлар таклиф этилди. 

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, Қорақалпоғистон халқ шоири Рустам Мусурмон зулмга қарши кураш, озодлик орзуси атоқли қорақалпоқ шоири Узақбай оға Пиржонов ижодида устувор ўрин эгаллаганини таъкидлади. 

–Қорақалпоқ халқи орзулар этагида юрган халқдир, – деди Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси, таниқли адиб ва публицист Ўрозбой Абдураҳмонов. – Китоб "Хазонрезги" номи билан аталиши диққатга сазовордир. Зеро, биргина бу сўз билан ижодкор ҳақиқий шоир, ёзувчининг кўз ўнгидаги, юрагидаги сўзни топган. Назаримда, Узақбай оға ҳозирги замонда яшаганларида адабиётимиз буткул бошқача бўларди. Узақбой оғанинг қадрини халқимиз биляпти. Қорақалпоқ шоирларининг ўзбек тилидаги ижод намуналаридан иборат кутубхона ташкил этиш мақсадга мувофиқдир. 

- Романтик жараён ижодкор асарига ўзгача руҳ бағишлайди, – деди таниқли журналист, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Шойим Бўтаев. – Узақбай Пиржанов асарларида ана шундай руҳ бор. Адабиётнинг вазифаси ёнингдаги одамнинг дардини ифода этишдир. Муаллиф қорақалпоқ халқининг 60-80-йилларидаги ҳаётини китобга муҳрлаган. Ҳозир бу асарда келтирилган қаҳрамонлардек одамларни ҳаётда учратиш мушкул. Лекин Алмагул каби бундай сиймоларни Узақбай Пиржанов асарларидан топиш мумкин. Ажиниёз, Бердақ, Ибройим Юсуповдек забардаст ижодкорлар сафида Узақбай Пиржановнинг туриши қорақалпоқ адабиётига ўзига хос зеб бағишлайди. 

– Узақбай Пиржанов ўз сўзига эга бўлган, фикрини халқона, содда, самимий, жайдари тилда ифодалайдиган ижодкордир, – деди таниқли қорақалпоқ шоираси Гулнора Нурлепесова. – Бундай китобнинг чоп этиши жуда қувонарлидир ҳамда адабиётимизга қаратилаётган улкан эътибордан дарак беради. 

Анжуманда қайд этилганидек, таниқли қорақалпоқ шоири, ёзувчи ва таржимон Узақбай Пиржанов 1937 йили 18 август куни Қорақалпоғистон Республикасининг Бўзатов туманида туғилган. Ёзувчининг “Муҳаббат қўшиғи”, “Сурат”, “Унда баҳор эди”, “Кузги япроқлар”, “Қорда қолган излар”, “Қизил кандирнинг гуллари”, “Оқ тол остидаги оқшом” номли шеърий ва насрий китоблари чоп этилган. 

Узақбай оға Чингиз Айтматовнинг деярли барча асарларини, шунингдек, Кришан Чандр, Станислав Ежи Лец, Михаил Булгаков, Михаил Зошенко, Григорий Бакланов, Юрий Леонтьев асарларини, шунингдек, “Шажари турк”, “Амир Темур тузуклари” тарихий китобларини қорақалпоқ тилига таржима қилган. 

Анжуманда Узақбай Пиржанов ижоди, ибратли фазилатлари хусусида батафсил сўз юритилди. Иштирокчиларга “Хазонрезги” китоби ҳадя этилди. 

[gallery-16146]

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/acKdX4VU7Wk" title="Oʻz soʻziga ega, samimiy  adib" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>

Назокат Усмонова, Рустам Назарматов (сурат), Дониёр Якубов (видео), ЎзА