Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўз қиймати ва кўркини йўқотмайдиган ўзбек гиламлари (видео)
17:10 / 2022-05-16

Юртимизда ҳунармандчилик яхши анъанага, улкан салоҳиятга эга соҳа ҳисобланади.

Умумий қилиб айтганда, ҳозирги кунда 25 мингдан зиёд уста, 80 мингга яқин оила шу соҳадан даромад оляпти. Биз яхши биламизки, халқимизнинг қалб қўридан яралган зебу зийнатлар, бир-биридан бежирим уй-рўзғор буюмлари энг нозик дидли инсонларни ҳам ўзига маҳлиё қила олади. 

Хусусан, ўзбек ипак матолари ва қўлда тўқилган майин гиламлари асрлар ўтса ҳам ўз қиймати ва кўркини йўқотмайди. Шу боис ҳозирги кунда шу каби миллий ҳунармандчилигимизни ривожлантиришга аълоҳида эътибор қаратилмоқда.  

Юртимиз гиламчилик соҳаси тарихига эътибор қаратадиган бўлсак, 1978 йилда Хива гилам тўқиш комбинати ташкил этилгандан сўнг гиламчилик соҳаси маҳаллий саноатнинг муҳим тармоғига айланди. Кейинчалик гилам тўқийдиган корхоналар сони ортиб борди. Гиламчилик марказларида гилам тўқиш ривожланди, артеллар тузилиб, уларга халқ усталари жалб қилинди.  

Ҳозирги кунда Сурхондарё, Қашқадарё, Самарқанд, Навоий ва Бухоро каби вилоятлардаги корхоналарда қўлда тўқилган гилам ва палослар маҳаллий услуб ва бадиий усулларда сақланиб келинмоқда.  

Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 26 июндаги “Республикада қўлда тўқилган гиламчилик соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори имзолангандан сўнг соҳа ривожи учун кенг имкониятлар яратилди.  

Хусусан, қўлда тўқилган гиламларни экспорт қилишда автомобиль, темир йўл ва ҳаво транспортида ташиш харажатларини 50 фоизигача миқдорда компенсация қилишга субсидиялар тақдим этиш механизми жорий этилди. Қарор ижроси доирасида “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси томонидан аниқ ишлар бажарилди.  

– Гиламчилик ота-боболаримиздан бизга мерос бўлиб келган қадимий соҳа, – деди “Ўзбекипаксаноат” уюшма раиси ўринбосари Миряшин Сагатов. – Президентимиз қарори билан гиламчилик соҳаси билан шуғулланадиган тадбиркорлар, уйда гилам тўқийдиган опа-сингилларимиз ва касаначиларга бир қанча имтиёзлар берилди. Жумладан, 2020 йил 15 июлдан бошлаб “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси таркибидаги корхоналарга Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан қўлда гилам тўқиш дастгоҳини харид қилишга сарфланадиган ҳаражатларни қоплаш учун – ҳар бир дастгоҳ учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари миқдорида субсидиялар ажратилмоқда. Бунинг натижасида 2020-2021 йилларда “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси таркибидаги корхоналар томонидан мингдан ортиқ қўлда ипак гилам тўқиш дастгоҳлари ўрнатилиб, ишга туширилди. 

Шунингдек, бир ярим мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилиб, хотин-қизлар бандлиги таъминланди. “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси ва тегишли вилоят ҳокимликлари билан биргаликда Самарқанд, Бухоро, Хива ва Шаҳрисабз шаҳарларида туристлар ташриф буюрадиган маданий мерос объектлари ҳудудларида қўлда тўқилган гиламлар кўргазма-савдо расталари (дўконлари) ташкил этилди.  

Статистик маълумотларга кўра, жорий йилнинг ўтган даврида мамлакатимиз 10 та давлатга гилам экспортини амалга оширди. Жумладан, Қирғизистон, Озарбайжон, Россия, Афғонистон, Қозоғистон, АҚШ ва Тожикистон каби давлатларга қиймати 4 миллион AҚШ долларидан ортиқ гиламлар экспорт қилинган. 

Аслида гиламчилик қадимдан чорвачилик билан шуғулланадиган кўчманчи қабилалар орасида кенг тарқалган. У пахта, зиғир, жут, ипак толаси, қўй, эчки, туя жунидан тайёрланган. Бунда гилам тўқиш учун қирқилган жунлар ювилиб тозаланади, темир тароқларда таралади, таралган жунлардан ип йигирилади ва иплар турли табиий бўёқлар билан бўялади. Бундай гиламнинг ранглари ўзгармайди ва ўзининг сифатини йўқотмайди.  

Ҳозирда сунъий толалардан ҳам гиламлар тўқилмоқда. Тўқилиш усулига кўра, патли ва патсиз гилам турлари фарқланади. Гиламчилик корхоналари хорижий мамлакатлар, жумладан, Англия, Польша, Туркия, Германия каби йирик давлатларнинг замонавий технологиялари ва асбоб-ускуналари билан таъминланди.

Бир сўз билан айтганда, юртимизда ипак ва жундан қўлда гилам тўқиш соҳасини ривожлантириш ва ушбу гиламларнинг сифатини янада яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.  

<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/ort5awhTq4w" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture" allowfullscreen></iframe>

Гулноза Бобоева, Ёқуб Мелибоев (видео), ЎзА