Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўз қадрини билган инсон халқини ҳам қадрлай олади
15:59 / 2022-02-13

Президентимиз раислигида бўлиб ўтган Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясини белгилаш ҳамда уни жорий йилда амалга ошириш масалалари муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида мазкур ҳужжатнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳар томонлама очиб берилди. Ундан келиб чиқадиган долзарб вазифалар ҳам аниқ кўрсатилди.

Президентимизнинг ташаббуслари ва саъй-ҳаракатлари билан бугунги кунда олий таълим муассасалари сони 159 тага етди. Бу Ҳаракатлар стратегияси амал қилган илк даврдаги кўрсаткичларга нисбатан 3 баробар ошганлигини кўрсатади.

Ўзбекистон Республикасининг 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси ушбу кўтарилиш, ушбу ривожланишнинг янги саҳифасини очиб беради, десак, муболаға бўлмайди. Бунда асосий эътибор инсон қадрига қаратилган. Хусусан, буларнинг ичида энг муҳими – таълим олиш ҳуқуқининг таъминланиши.

Илмли инсон ҳеч қачон хор бўлмайди ва доимо халқининг ҳурмат-эътиборида бўлади. Келажак авлодни билимли қилиб тарбиялаш учун эса, албатта, салоҳияти баланд ҳақиқий педагог устозлар керак. Шунинг учун ҳам Президентимиз томонидан қўйилаётган талаб, бу - таълим сифати.

Ўтган беш йилда юртимизда жуда кўп олий таълим муассасалари очилди. Янги олий таълим масканларининг аксарияти ҳудудларда ўз фаолиятини бошлади. Буларнинг негизида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда таълимнинг ўрнини кўрсатиб бериш ва шу орқали жойларда тараққиётни янада юксалтириш ғояси турибди.

Ҳозирги кунда миллий маънавиятимиз ривожини тасвирий санъат намуналарисиз тасаввур этиб бўлмайди. Санъат миллийликка асосланади ва эзгулик, олижаноблик, дўстлик, ҳамжиҳатлик, маънавий етуклик каби умуминсоний ғояларни тарғиб этади. Шундай экан, миллий санъатимизни ҳар томонлама равнақ топиши, истеъдодли ёшларимизнинг ўқиб-ўрганиши, ўз ижод намуналарини намойиш этиши учун барчамиз бирдек масъулмиз.

Фахрланарли томонимиз шундаки, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти олийгоҳлар ичида энг кўп академикларни ўзида жам қилган даргоҳдир. Аммо, кўпчилик ёшларимиз илмли профессор, академикларимиз борлигини билишмайди. Шу сабабли бундан кейин ҳар бир академик-устозларимизнинг ҳаёт йўллари, ижод сабоқлари билан талабаларни таништириб боришни, ҳар ойда маданий, маърифий учрашувлар ўтказишни олдимизга мақсад қилиб қўйдик.

70 ёшни қарши олаётган, тасвирий санъатдан мукаммал сабоқ бера оладиган олийгоҳ фаолиятини ривожлантириш, ҳақиқий истеъдодли ёшларни юзага чиқариш учун қандай ишларни амалга оширишимиз кераклиги, институтнинг молиявий, ўқув-методик ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, шу жумладан, инфратузилмани яхшилаш, замонавий ускуналар ҳамда жиҳозлар билан таъминлаш, шунингдек, келгусида қилиниши керак бўлган бир қатор масалалар ҳақидаги устоз ва академикларнинг фикр-мулоҳазалари чуқур ўрганилиб, таҳлил қилинмоқда.

Биринчи навбатда таълим натижаларини ўрганиб, институтнинг 30 йиллик фаолиятини таҳлил қиламиз. Қолаверса, хориж тажрибасини чуқур ўрганамиз ва миллий менталитетимиздан келиб чиқиб амалиётга жорий этиб борамиз. Айнан қайси йиллар халқимиз учун истеъдодларни кашф этиб бера олди?! Ўша йилги талабаларнинг сабоқ олиши қай тартибда ташкил этилган?! Бу саволларга жавоб топсак, янада тўғри йўл тутган бўламиз.  

Мамнуният билан шуни айта олманки, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг туб моҳияти инсон қадрини, яъни ўзликни англашга қаратилган. Бизнинг вазифамиз эса буни ёшларга содда ва равон қилиб тушунтиришдан иборат. Зеро, ҳар бир талаба эртанги кунимизнинг бошқарувчиси, миллатимиз давомчиларидир. Ўз қадрини англай олган талаба эса эртага ҳақиқий инсон сифатида халқини ҳам қадрлай олади...

Аббосжон МИРЗОРАҲИМОВ,

Камолиддин Беҳзод номидаги

Миллий рассомлик ва дизайн

институти ректори