Европа давлатлари, жумладан Германия, йўл инфратузилмасини модернизация қилиш йўлида инновацион технологияларни жорий этмоқда.
Улар орасида энг эътиборга молик янгиликлардан бири — ўз-ўзини таъмирловчи асфальт ишлаб чиқарилиши ва йўлларда қўлланилишидир. Ушбу технология Европа Иттифоқининг илғор илмий изланишларини қўллаб-қувватловчи Cordis Europa дастури доирасида ишлаб чиқилган.
Ўз-ўзини таъмирловчи асфальт таркибида махсус материаллар бўлиб, улар йўл юзасида майда ёриқлар пайдо бўлганида табиий тарзда тикланади. Натижада, асфальт қопламаси узоқроқ хизмат қилади, камроқ таъмирлашга эҳтиёж сезилади ва йўлларнинг умумий сифати юқори даражада сақланиб қолади.
Технологиянинг яна бир муҳим жиҳати — экологик самарадорликдир.
Анъанавий асфальт йўлларга қараганда, бу технология атроф-муҳитга камроқ зарар етказади. Камроқ таъмирлаш ишлари ёқилғи сарфини ва чиқиндиларни камайтиради, бу эса карбонат ангидрид газининг камайишига олиб келади.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, бундай йўллар узоқ муддатли иқтисодий фойда келтиради. Биринчи босқичда қурилиш харажатлари нисбатан юқори бўлиши мумкин, аммо узоқ муддатда эксплуатация ва техник хизмат кўрсатиш харажатлари сезиларли даражада камаяди.
Ҳозирда ушбу технология Германияда синовдан ўтказилмоқда ва яқин йилларда бошқа Европа мамлакатларида ҳам кенг жорий этилиши кутилмоқда. Мазкур ташаббус Европа Иттифоқининг барқарор инфратузилмани ривожлантириш стратегияси доирасидаги муҳим қадамлардан бири ҳисобланади.
<iframe width="791" height="445" src="https://www.youtube.com/embed/5T2X2MTrrR4" title="O`z-o`zini ta’mirlovchi asfalt" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Мадинабону Насриева, Анвархўжа Аҳмедов (видео), ЎзА