Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўз мухбиримиз Афғонистон чегарасидан хабар қилади: жанубдаги сарҳадларимиз нотинчми?
16:13 / 2021-08-07

Мамлакатимизнинг Афғонистон Ислом Республикаси билан чегараси Сурхондарё вилоятининг Термиз туманидаги Айритом маҳалласидан бошланади.

Бу маҳалла билан Афғонистоннинг Хайратон шаҳарчасини Амударё ажратиб туради. Афғонистонга келаётган юк ўтган асрда дарё устида барпо этилган “Дўстлик” кўпригидан автомобил ва темир йўл орқали Хайратон юк терминалига етказилади. Шунингдек, Хайратон Балх вилоятининг порт шаҳарчаси ҳам саналади. Афғонистонга жўнатилган юклар Термиз дарё порти орқали баржаларда Хайратон портига тез ва ишончли етказиб берилади. Маълумотларга кўра, Балх вилоятининг автомобил ва темир йўл ҳамда дарё орқали юк қабул қилувчи муҳим шаҳарчаси бўлган Хайратонда беш мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади.

Амударёнинг ўнг қирғоғига туташ Термиз туманидаги Айритом маҳалласида олти миллатга мансуб уч ярим мингга яқин аҳоли тинч, осуда яшамоқда. Маҳалла ҳудудида “Termiz Cargo Centre” халқаро логистика маркази фаолият юртимоқда. Бу ерда ён қўшни давлат тадбиркорларининг савдо-сотиқ қилиши учун барча замонавий шароит яратилган. Консуллик вакили, божхона терминали биноси, маҳсулотларни сақлаш учун омборхоналар, тижорат банкларининг шохобчалари мавжуд.

Маҳалладаги иккита йирик чорвачилик комплекси аҳолининг гўшт-сут маҳсулотларига эҳтиёжини қондиришга хизмат қилаётир. 26 гектар майдонда Термиз халқаро савдо маркази бунёд этилмоқда. Қиймати 75 миллион долларлик янги марказда 1 минг 800 та савдо нуқтаси, 50 минг тонна юк сиғимига эга логистика маркази, 400 ўринли иккита меҳмонхона, шифохоналар, автомобилларга техник хизмат кўрсатадиган устахонлар қурилмоқда. Ишлаб чиқариш корхоналари барпо этилаётир.

– Афғонистон билан бизни Амударё ажратиб туради, – дейди “Айритом” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Мусурмонқул Ҳазратқулов. – Оддий қилиб айтганда биз, бир дарёнинг икки қирғоғидаги бир миллат вакилларимиз. Ўтмишдан борди-келди қилиб, яшаганмиз. Маҳалламиз ҳудудида қурилиши бошланган бу иншоотлар ҳам келгуси йилдан қўшни Афғон халқи учун хизмат қилади. Сўнгги пайтларда ён қўшниларимизнинг тинчлиги яна бузилди. Ўтган ойда бир неча кун ўқ овозлари ҳам эшитилди. Лекин, бу ҳолат бизнинг маҳалламизга таъсир этгани йўқ. Ҳамма ўз иши билан банд. Одамларимиз тинчликда яшаб, меҳнат қилмоқда. Ҳаёт қайнамоқда. Сурхондарёнинг чегара ҳудудлари ҳақида турли миш-мишлар тарқади. Уларнинг бари бўрттириб айтилган гаплар. Бизга қўшни давлатда бўлган ҳодисаларнинг умуман таъсири сезилгани йўқ.

Маҳалланинг Охунбобоев номли қишлоғи Амударёнинг шундоқ қирғоғида жойлашган. Бу ерда икки мингга яқин аҳоли истиқомат қилмоқда. “Дилираъно Янгиариқ” фермер хўжалиги даласи дарё бўйига янада яқин. Даладан Хайратон шаҳарчаси кўриниб туради. Фермер хўжалиги раҳбари Музаффар Намазовнинг айтишича, хўжалик 94,6 гектар майдонда деҳқончилик қилмоқда. 66,6 гектар ерда буғдой етиштириб, мўл ҳосил олди. 28 гектар майдонда парваришланаётган “Бухоро-102” навли пахта ҳам қийғос очилиб қолди. Ғалладан бўшаган майдонларда мош, кўкат етиштирилмоқда. Деҳқонлар мўл ҳосил олиш иштиёқида кўнгли хотиржам меҳнат қилаётир.

Эрта тонгда фермернинг пахта даласида сувчи Мурод Оқназаров билан учрашиб қолдик.

– Ёз иссиқ келган бўлса ҳам ҳосил чўғимиз баланд, – дейди М.Оқназаров. – Пахта қийғос очилмоқда. Агатларга қўйилган сувни кўллаб кетмаслиги учун кузатиб турибман. Салқинда берилган сув ҳосилга ҳосил қўшади.

– Дарёнинг нариги тарафи тинчми, сўраймиз сувчидан?

– Ҳозир тинч. Бироқ, бундан бир ойча олдин ўқ овозларини эшитиб, андак ҳавотирланган эдик. Яна тинчиб қолишди. Ҳар куни далага келиб ишлаймиз. Ҳеч биримизда ҳадик йўқ. Чунки, жанжалми, урушми нима бўлса ҳам, ўз овози Хайратон тарафдан келди.Унинг бизга даҳли йўқ. Маҳалламизда барча тинчлигимиздан кундузи кўнгли тўқ меҳнат қилиб, тунда орам олади.

Тожикистон билан чегарадош Гулбаҳор маҳалласига туташиб кетган Наврўз қишлоғида ҳам одамлар одатдагидек, яшаб, ишламоқда. Дала ва томарқасидаги зироатларни меҳр билан парваришлаб, мўл ҳосил олишга тараддуд кўрмоқда. Ён қўшни давлат кўзга ташланиб турадиган бу қишлоқ одамлари билан суҳбатлашдик. Муъжазгина томарқасида етиштирилаётган зироатларни кўздан кечириб, осуда ҳаёт, ҳалол меҳнат ва деҳқончилик сирлари ҳақида дилдан гурунг қилдик.

Қишлоқдаги Равшан Мамажонов ва Фотима Сулаймановалар томарқасида анорзор барпо этилган. Қатор ораларида эса ерёнғоқ парваришланмоқда.

– Томарқамиз ўзимизга етади, – дейди уй бекаси Ф.Сулаймонова. – Уч фарзандимиз бор. Бу йил аноримизда ҳосил кутилганидек бўлмади. Лекин, шунисига ҳам шукр. Ерёнғоғимиздан яхши ҳосил кутаяпмиз. Борига қаноат, йўғига сабр қилиб яшаяпмиз. Энг муҳими тинчлик бўлсин экан. Яқинда қўшни Афғонистон тарафда кечалари ўқ овозларини эшитиб, саҳал кўнгилимизга хавотир ҳам келди. Яратганга беадад шукрлар бўлсинки, бизнинг юртимиз, қишлоғимиз ва уйимиз мана кўриб турганингиздек тинчлик, аҳиллик, қайноқ меҳнат билан тотли бўлиб турибди.

Афғонистон Ислом Республикаси билан чегарадош Сурхондарё вилоятида тинч, осуда ҳаёт давом этмоқда. Одамлар кундалик ишлари билан машғул. Бу ҳақда келгусида видеолавҳалар ҳам тайёрлаб, эътиборингизга ҳавола этишни режалаштирганмиз. Аниқ далилларга асосланган хабарлар билан танишишни истасангиз сайтимизни кузатиб боринг.

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА