English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
"Ўз маҳаллам, юртдошларим қадрини билмай, нафс қулига айланганимдан йиғладим..."
13:35 / 2021-09-29

Ғаллаорол туманида яшайман. Судландим. Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 73-моддасига асосан озодликдан маҳрум этилиб, туман ИИО пробация гуруҳи назоратига олиниб, жазо муддатини ҳибсхонада ўтаётган эдим.

У ерда маълум муддат жазони ўтагач, ўз айбимга сидқидил иқрор ва пушаймонлигимни таъкидлаб, Ўзбекистон Республикаси Олий судига менга нисбатан тайинланган жазони енгиллаштирилишини сўраб мурожаат қилдим.  

Яқинда Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ўринбосари Б.Исаков Жиззах вилояти фуқаролари учун сайёр қабул ўтказди. Ана шу сайёр қабулда мен билан бирга яна 2 нафар ғаллаороллик жазодан шартли равишда муддатидан олдин озод этилдик.

Уйга қайтиб келмасимдан туман марказий шифохонасига олиб бориб, тўлиқ врачлар назоратидан ўтказишди. Соғлом эканлигимга ишонч ҳосил қилишганидан сўнг, эртасига уйимга жавоб беришди.

Шифохонадан чиқсам, туман прокуратураси ходими, туман ИИО пробация гуруҳи назорат гуруҳи бошлиғи, участкамиз инспектори, маҳалламиз раиси кутиб турган экан. Уйга борганимизда эса, маҳалла фуқаролар йиғини раиси ўринбосарлари, оқсоқоллари бозор-ўчар қилиб, оила аъзоларим билан мени кутиб ўтирган экан.  

Ҳамма кетганидан сўнг, турмуш ўртоғим маҳалла фуқаролар йиғинидагилар, яна саховатпеша ҳомийлар тез-тез оила аъзоларимнинг ҳолидан хабар олиб, ҳар томонлама ёрдам кўрсатиб туришганини айтди.  

Мен беихтиёр йиғлаб юбордим. Мендек бир «қамалиб келган» тамғаси босилган шахсга кўрсатилаётган эътибордан, ўз маҳаллам, юртдошларим қадрини билмай, нафс қулига айланиб хатога йўл қўйганимдан йиғладим...

Орадан 3 кун ўтиб, маҳалла фуқаролар йиғинига чақиришди. Борсам, туман прокурори, ички ишлар бўлими раҳбари, туман ҳокимлиги вакили, маҳалла фуқаролар йиғинимиз раиси ҳамда истараси иссиқ нотаниш йигит ўтирган экан.  

У ерда мен умуман кутмаган воқеа содир бўлди. Мени яшаш манзилимдан унча олис бўлмаган, ўша нотаниш йигит раҳбарлик қилаётган кичик корхонага ишга жойлаб қўйишди.  

Ўшанда, муддатидан озод этилганимга аввало маҳалла фуқаролар йиғинидан берилган ижобий тавсифнома муҳим роль ўйнаганини тушундим.  

Ўшанда бундан буён номаъқулчиликка қўл урмасликка, халқимга, мамлакатимга,  чин дилдан хизмат қилишга Яратганни гувоҳлигида ўз-ўзимга сўз бердим.

 

Ш.ЖЎРАҚУЛОВ,

Ғаллаорол тумани