Орамиздаги замондошларимиз
Ҳар бир касбнинг ўзига яраша машаққати, қийинчиликлари бор. Фақат ўз танлаган соҳасини чин дилдан севган, касбига садоқат билан ёндашган инсонгина бу машаққатларни енгиб ўта олади. Ана шундагина меҳнат самараси жамоа ҳурмати, эл эътирофи билан баҳоланади. Бундай фидойи инсонлар эса орамизда кўплаб топилади. Шулардан бири “Навоийшаҳаргаз” газ таъминоти бўлимида чилангар сифатида фаолият юритаётган Ғолиб Барматовдир.

Газ хўжалигида чилангарлик касби ташқи томондан оддийдек туюлса-да, аслида жуда масъулиятли ва машаққатли меҳнатни талаб этади. Табиий газнинг аҳоли хонадонларига узлуксиз ва хавфсиз етказиб берилиши айнан шу соҳа вакилларининг ҳалол, виждонан бажараётган ишларига боғлиқ. Газ тақсимлаш қурилмаларини доимий техник назоратдан ўтказиш, қувурлардаги эҳтимолий носозликларни бартараф этиш, газ сизиб чиқиш ҳолатларининг олдини олиш, буларнинг барчаси чилангарларнинг кундалик вазифаларидир.
Қаҳрамонимиз Ғолиб Барматов ушбу соҳада 15 йилдан буён сидқидилдан хизмат қилиб келмоқда. Кўп йиллик тажрибасига қарамай, у ҳар куни ишга юқори масъулият ва талабчанлик билан ёндашади. Айниқса, қиш мавсумида газчилар зиммасига тушадиган масъулият янада ортади. Ярим тун, дам олиш ёки байрам кунларида юз бериши мумкин бўлган авария ҳолатларини тезкор бартараф этиш ҳам айнан шу фидойи касб эгаларининг зиммасида.

– Чилангарлик соҳасида ишлаётганимга 15 йил тўлди, – дейди Ғолиб Барматов. – Ишимизнинг қийин томонлари кўп. Баъзан ярим тунда ҳам газ сизиб чиқиш ҳолатларини бартараф этишга тўғри келади. Лекин аҳолига табиий газни бир маромда етказиб беришга ҳисса қўшаётганимдан фахрланаман.
Ғолиб Барматовнинг меҳнати муносиб баҳоланиб келинмоқда. Жумладан, ўтган йили Республика газ таъминоти филиаллари ўртасида ўтказилган “Энг яхши жамоа” кўрик-танловида “Навоийшаҳаргаз” жамоаси фахрли биринчи ўринни эгаллади. Ушбу ютуқда Ғолиб Барматовнинг ҳам муносиб ҳиссаси бор. У ўз муваффақиятларида устозларининг меҳнати ва қўллаб-қувватлашини алоҳида эътироф этади.
Ишда талабчан, изланувчан ва интилувчан бўлган Ғолиб Барматов оилада ҳам ибратли ота. У уч ўғил ва бир қизни вояга етказмоқда. Фарзандларини олий маълумотли, жамиятга фойдали инсонлар қилиб тарбиялаш унинг энг катта орзуларидан бири.
Бугун халқ хизматида кечаю кундуз шай бўлиб, ўз касбини ардоқлаб меҳнат қилаётган Ғолиб Барматов сингари газчилар чин маънода ҳурмат ва эътирофга лойиқ. Улар меҳнати орқали хонадонларимизда иссиқлик, хотиржамлик ва фаровонликни таъминланмоқда.
А.Бўриев, ЎзА мухбири