Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўз касбини улуғлаётганлар
15:32 / 2023-08-26

“Ҳудудгаз Навоий” газ таъминоти филиали қурилиш монтаж бошқармасида бугунги кунда саккиз нафар пайвандчи иш фаолиятини олиб боради. Уларнинг иш тартиби бир хил. Газлаштириш лойиҳалари асосида белгиланган ҳудудда газ қувурларини тортиш, монтаж ишларини олиб боришдир.

Эътиборлиси, бу вазифа ёзнинг  жазирамаси, қишнинг совуқ кунларида ҳам бажарилиши шарт. Улар ўзига юклатилган масъулиятни қандай об-ҳаво шароитида бўлмасин, адо этишга одатланган. Бу жонкуяр ишчилар орасида пайвандчи Ойбек Сафаровнинг ҳам ўз ўрни бор.  

Ойбек Сафаров ҳозирда Ғозғон шаҳридаги газлаштириш жараёнларида иштирок этмоқда.  

Президентнинг 2022 йил 30 декабрдаги “2023-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорига асосан ҳудудларда кичик саноат ҳамда ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналарини ташкил этиш белгиланган.  

Ташкил этилиши белгиланган кичик саноат зоналарнинг газлаштириш лойиҳалари “Ҳудудгаз Навоий” газ таъминоти филиалининг лойиҳа бўлими томонидан ишлаб чиқилди.  

Бугунги кунда 4 та кичик саноат ва ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналарининг лойиҳа-смета ҳужжатларига асосан ташқи табиий газ тармоқларини қуриш ишлари амалга оширилган.  

Шунингдек, Ғозғон шаҳар “Мармаробод” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида ташкил этилган кичик саноат зонасини газлаштириш учун диаметри 114 мм.ли 6,7 километр ташқи газ тармоқлари тортилиши режалаштирилган. Ҳозирда газ тармоқлари монтаж ишлари деярли якунига етай деб қолди.  

Қаҳрамонимиз О. Сафаровни қизғин иш устида учратдик.  

– Шу соҳада меҳнат қилаётганимга қарийб 20 йил бўлди, – дейди О. Сафаров. – Пайвандчиликнинг ўзига яраша машаққатли томонлари ҳам бор. Ишимни яхши кўрганим учун ҳам қийинчиликларга ҳам чидайман. Ҳар бир ҳудудда ўзимизга тегишли вазифаларни якунига етказиб бўлганимизда, ҳамма чарчоқлар унутилади. Шу касбим орқасидан ҳурмат топдим, устозларимдан миннатдорман. Ўзим ҳам шогирдлар тайёрлаяпман. Ишимизни сифатли қилиб бажарсак, газлаштириш жараёнларида ҳиссамиз қўшилса, халқимиз биздан хурсанд бўлиб, дуо қилса - шу менинг бахтим. Ишим орқасидан оилам фаровон, фарзандлар ўстиряпмиз, тўйлар қилдик.  

Камтарин, меҳнаткаш ходим билан суҳбатлашарканмиз, касбига меҳр қўйиш, ўз ишини масъулият ва завқ билан бажариш ҳам бир саодат эканлигига яна бир карра амин бўлдик.  

А.Бўриев, ЎзА