Мен – давлат хизматчисиман
Турли йўналишдаги давлат идора ва ташкилотларида фаолият кўрсатиб, давлат хизматчиси бўлиш инсондан катта масъулият ва фидойиликни талаб этади.
Ўзбекистон тарихи давлат музейида кичик илмий ходимликдан фаолият бошлаган тарих фанлари доктори, профессор Жаннат Исмоилова йиллар давомида турли масъулиятли вазифаларда ишлаб, музей директори даражасига етди.
30 йилдан ортиқ тажрибага эга фидойи инсон билан давлат хизматчисининг масъулияти, вазифалари, машаққатлари ҳақида суҳбатлашдик.
– Жаннат Ҳамидовна, сизнингча давлат хизматчиси қандай бўлиши керак?
– Бу саволга турлича ёндашиш мумкин. Масалан, қайси соҳа бўйича давлат хизматчиси бўлишига қараб, ўзига хос йўналишларга бўлинади. Дейлик, таълим-тарбия, тиббиёт бўйича давлат хизматчиси бўлиши мумкин. Биз илмий-маънавий-маърифий йўналиш бўйича давлат хизматчиси ҳисобланамиз. Бу зиммамизга жуда кўп масъулият юкайди. Бу хизматнинг ижобий натижаси жамиятнинг савиясини, маънавиятини талаб даражасида шакллантириш, инсонларда ватанпарварлик туйғуларини, аждодларимизга нисбатан ҳурмат руҳини уйғотиш билан баҳоланади. Яъни бу бизнинг асосий вазифамиз ҳисобланади.
Давлат хизматчиси – кенг қамровли хизмат. Масалан, бир бинонинг меъмори шу бино қурилишини тугатиши билан бу ердаги хизмати тугайди ва бошқасига ўтади. Бизнинг хизматимиз эса умуман бошқа – чегараси йўқ. Одамларнинг, жамиятнинг маънавиятини юксалтириш асосий вазифамиз экан, масъулиятимиз янада катта бўлади.
– Давлат хизматчиси бўлишнинг масъулияти, машаққатлари ҳақида тўхталсангиз.
– Машаққат деган сўзни ишлатдингиз. Биласизми, давлат хизматчиси бўлиш аслида шарафли касб ҳисобланади. Масалан, мен учун ўзимизнинг йўналишдаги фаолиятимиз машаққат туғдирмайди, фаолиятим ўзимга ёқади. Чунки олдимга қўйган вазифани бажариб, ундан натижа олганимда, сарф қилган кучимни, энергиямни қайтадан ўзимга тиклаб оламан, завқланаман. Чунки касбимни жуда яхши кўраман.
Демак, давлат хизматидаги ҳар бир инсон ўз касбини яхши кўрса, олдига қўйган вазифасини бажарганда завқлана олса, қайта кучга тўлса, давлат хизмати машаққатли меҳнат бўлиб туйилмайди. Балки бизни қалбимизни, шууримизни янгилаб турадиган, ўзлигимизни англашга ундайдиган омилга айланади.
– Бугунги изчил ислоҳотлар даврида барча давлат хизматчиси ҳам ўз зиммасидаги вазифаларини бажара оляпти деб ўйлайсизми?
– Ўринли савол. Мустақиллигимизнинг ўтган 30 йили мобайнидаги кенг кўламли ислоҳотларнинг фаол иштирокчиси бўлдик. 2016 йилдан буёғига яна Янги Ўзбекистон сари, Учинчи Ренессанс даврини яратиш сари қадам қўйяпмиз. Бир даврдан иккинчи даврга ўтиш, жамият ҳаётидаги катта ўзгаришлар жараёнларининг иштирокчиси бўлишнинг ўзи катта бахт. Мен шунақа деб ҳисоблайман.
Биласизми, мустақилликкача бўлган даврда Ўзбекистонга бўлган муносабат, ижтимоий-иқтисодий ҳаётдаги вазиятга гувоҳ бўлганмиз. Мустақилликка эришганимиздан кейин эса Ўзбекистон тубдан қайта шакллана бошлади. Йўқотилган анъаналар, урф-одатларни қайта тиклаш осон бўлмади. 2016 йилгача биз кўп ютуқларга эришдик, оёққа туриб олдик. Энди буёғига ўзимизни кўрсатишимиз керак, эгалланган марралар билан кифояланмасдан янги марраларни олдимизга қўйган ҳолда ҳаракат қиляпмиз.
Президентимиз илгари сурган Учини Ренессанс пойдеворини барпо этяпмиз. Биз Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврларини тарихдан биламизки, ҳар иккала давр нафақат Шарқ, балки бутун дунёда ўзининг катта саҳифасини яратган. Буюк аждодларимизнинг илмий-маънавий мероси тарих саҳифасига ўзининг борлигича муҳрланди. Олиму фузалоларимизнинг бу бой меросини биз охиригача ўрганиб тугата олмадик. Орадан қанча вақт ўтди. Аммо тўла ўрганишга ҳали улгурганимиз йўқ.
Биласизми, тарих саҳнасида бир йил ёки бир асрлик давр бир давлатнинг ҳаётида катта ўзгаришларни юзага келтирмаса, бирор из қолдирмаса, шунчаки ўтиб кетади. Биз эса тарихнинг қисқа даври – 30 йил ичида катта ютуқларга эришдик, оламшумул ўзгаришларни амалга оширдик. Ва яна катта марралар сари давом эттирилмоқда. Ҳар бир соҳадаги узгаришлар Учинчи Ренессансга пойдевор бўлади. Бу эса барчамизга катта масъулият юклайди, бунда ҳар бир давлат хизматчисининг ўз ўрни бор, албатта.
– Учинчи Ренессанс ҳақида тўхталдингиз. Мана шу Учинчи Ренессанс пойдеворини қуриш жараёнида айни маънавият-маданият масканининг раҳбари, отахон музейнинг директори сифатида сиз зиммангиздаги вазифаларни тўла бажара оляпман дея оласизми?
– Биз ўзимиз ҳақимизда баҳо бера олмаймиз. Бунга ташқаридан қараб баҳо берилиши керак. Аммо олдимизга қўйган вазифаларимиз бор.
Сўнгги 5 йилда Ўзбекистон тарихи давлат музейида катта ютуқларга эришилди. Бу музей ташкил топганига 145 йил бўлди ва 350 мингга яқин бой фонди мавжуд. 1943 йилдан бошлаб музей Ўзбекистон Фанлар академияси тизимида фаолият олиб боради. Музейимизда илмий соҳада катта ишлар олиб борилади.
Биласизми, 2020 йилда пандемия шароити, қийин вазият бўлишига қарамай, Президентимизнинг тегишли фармойиши билан Ўзбекистон тарихи давлат музейида илмий кенгашга асос солинди. Бу музейлар ҳаётида биринчи воқеа эди. Фаолиятимиз учун ёрқин саҳифа бўлди. Бир ярим йил ичида 3 та PhD ва битта докторлик ҳимоясини ўтказдик. Шу билан бирга, илмий-методик кенгаш ташкил этилди.
Ўзбекистон тарихи давлат музейи фаолияти давомида вилоятларда ташкил этилган музейлар очилишида асосий иштирокчи бўлиб келган. Уларни оталиғига олиб, экспозицияларни очиб беришда асосий илмий марказ вазифасини ўтаб келмоқда. Академик музей сифатида бошқа музейларга ёрдам бераётганимиздан хурсандмиз.
– Давлат хизматчиси ўрни келса оиласи, фарзандларига ҳам вақт ажрата олмаслиги мумкин. Айниқса, у аёл бўлса, янада қийин. Ана шундай вазиятларда давлат ишидан чарчаган, зериккан пайтларингиз ёки фаолиятдан воз кечиш ҳақида ўйлаган вақтларингиз бўлганми?
– Кўпинча яқинларим, фарзандларим кўп эътироз билдирган: “бунча шу ишингизга ёпишиб олгансиз, кўп ишлайсиз, таътилга ҳам чиқмайсиз”...
Агар инсон ўз ишини яхши кўрса, мақсади сари интилаверса, бекорчи нарсалар ҳақида ўйлашга вақти бўлмайди, давлат ишидан воз кечишни хоҳламайди.
Кимгадир давлат ишида ишлаш, кимгадир эркин иш ёки тадбиркорлик ёқади, кимгадир эса уйда ўтириш маъқул. Бу ҳар бир инсоннинг тафаккурига, ўзлигини қай даражада англашига, ўзининг жамиятдаги ўрнини билишига боғлиқ. Масалан, музейимизга келган 10 нафар ходимдан уч ёки тўрттаси қолади холос. Аксарияти бироз муддат ишлайди ва юқорида айтганингиздек, музей ишидан зерикиб, кетиб қолишади. Аммо музейга чиндан меҳр қўйган инсон ҳеч қачон кетмайди.
– Яъни фидойилик керак, шундайми?
– Рост, фидойилик зарур. Фидойи давлат хизматчиси ўзининг давлат ташкилотига керакли эканлигини билади. Айниқса, музей ходими икки карра фидойи бўлиши керак. Чунки биз музейдаги бой меросни ўз ҳолича асраб-авайлашимиз лозим. Бу бебаҳо меросни кейинги авлодларга етказишда воситачимиз. Музейимизда юздан ортиқ ходим фаолият кўрсатаётган бўлса, барчаси фидойилик билан ишлайди. Уларга доим “сиз аждодлар билан авлодлар ўртасидаги кўприксизлар, бу кўприк бузилса, ўртадаги мулоқот ҳам бузилади, кейинги даврга ҳеч нарса етиб бормайди”, деб айтаман.
Инсон ўзининг қанчалик муҳим вазифани бажараётганини ҳис этса, масъуллиги икки баравар ортади, жамиятга керакли эканлигини ҳис қилса, шунчалик фидойилиги ошади. Шунда у яхши кадрга айланади. Яъни қўнимсиз кадр бўлмасдан битта жойда фидойилик билан ишласа, у албатта, катта ютуқларга эришади.
ЎзА мухбири
Муҳтарама КОМИЛОВА
суҳбатлашди.