Жиззах шаҳрида “Ҳуқуқий маҳалла” лойиҳаси доирасида мактабгача ва мактаб таълими муассасалари ходимлари, маҳалла фуқаролар йиғини етакчилари иштирокида ҳуқуқий-тарғибот тадбири ташкил этилди.
Мазкур тадбир Жиззах шаҳар адлия бўлими ҳузуридаги юридик хизмат кўрсатиш маркази мутахассислари томонидан ташкил этилди. Унда иштирокчиларга амалдаги қонунчилик асосида ҳуқуқий тушунчалар берилди, давлат органлари ва фуқаролар ўртасидаги ҳуқуқий муносабатларнинг мазмуни кенг ёритилди.

Тадбирдан кўзланган асосий мақсад — аҳолида ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни ошириш, меҳнат муносабатлари, моддий рағбатлантириш ва коррупциянинг олдини олиш борасидаги амалий билимларни мустаҳкамлашдан иборат бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 29 ноябрда қабул қилинган “Маъмурий ислоҳотлар доирасида адлия органлари ва муассасаларининг масъулиятини янада ошириш ҳамда ихчам бошқарув тизимини шакллантириш тўғрисида”ги фармонига асосан, Жиззах шаҳридаги Иттифоқ маҳалласи “Ҳуқуқий маҳалла” сифатида белгиланган. Шу муносабат билан мазкур маҳалладаги давлат мактабгача таълим ташкилоти – 9-сонли ДМТТ да меҳнат муносабатларига оид ҳужжатлар: меҳнат ва жамоа шартномалари, буйруқлар ҳамда локал меъёрий ҳужжатлар мониторинг қилинди. Бу жараён ҳуқуқий масалаларда ягона ёндашувни таъминлаш ва амалий кўмак беришда муҳим аҳамият касб этди.

Тадбир доирасида иштирокчиларга Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 3 январда қабул қилинган “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни, 2024 йил 21 июнда Президентимиз томонидан тасдиқланган “Мактабгача ва мактаб таълими ташкилотлари ходимларини узлуксиз касбий ривожлантириш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори ҳамда 2024 йил 19 сентябрда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан тасдиқланган “Бюджет ташкилотлари ходимларини моддий рағбатлантириш махсус фонди тўғрисидаги низом” мазмун-моҳияти батафсил тушунтирилди.
Булардан ташқари, тарғибот тадбири давомида иштирокчилар қонунчиликдаги сўнгги янгиликлар билан танишишди, ўзларини қизиқтирган ҳуқуқий саволларга мутахассислардан аниқ ва асосли жавоблар олишди.
А.Қаюмов, ЎзА мухбири