Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўз ҳуқуқимдан муддатидан аввал фойдаландим
18:22 / 2024-10-23

Яна бир неча кундан кейин, аниқроғи 27 октябрь куни юртимизда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатлигига сайловлар бўлиб ўтади.

Шу кунларда сайловларга тайёргарлик, сиёсий партиялар, депутатликка номзодлар томонидан олиб борилаётган тарғибот тадбирлари қизғин паллага кирган. Андижон вилоятида ҳам сайловларни юқори савияда ташкил этиш ва ўтказиш учун пухта ҳозирлик кўрилди. Бунинг учун ташкил этилган вилоят ҳудудий, шунингдек, туман, шаҳар сайлов комиссиялари, сайлов округлари ҳамда сайлов участкаларида белгиланган ишлар амалга оширилди. 

– Сайловларни миллий қонунчилигимиз асосида ўтказиш учун 938 та сайлов участкаси тузилди. Комиссиялар фаолияти Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексида белгиланган мезонларга мувофиқ амалга оширилди. Сайлов участкалари зарур техник воситалари, адабиётлар, меъёрий ҳужжатлар билан таъминланди, сайловчиларнинг, шу жумладан, жисмоний имконияти чекланган фуқароларнинг эркин овоз бериши учун зарур шароитлар яратилди. Бундан ташқари, участкаларда тиббиёт, она ва бола хоналари ташкил этилди. 

Сайлов комиссиялари раиси, раис ўринбосари ва аъзолигига мазкур соҳада муайян тажрибага эга, билимли, салоҳиятли мутахассислар жалб этилди. Уларнинг сайлов қонунчилиги, сайловларни ўтказиш тартибларига оид билим, малака ва тушунчаларини бойитишга қаратилган семинарлар, машғулотлар ўтказилди. Бир сўз билан айтганда, бугун вилоятдаги барча сайлов участкалари бўлажак сайловларга шай ҳолатга келтирилди. 

Маълумки, сайлов кодексида сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчи муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланган. Шунга кўра, бу йил мамлакатимизда муддатидан олдин овоз бериш 16 октябрдан бошланди. Вилоятда муддатидан олдин овоз бериш учун сайлов участкаларига сайловчилар умумий сонининг 10 фоизи миқдорида сайлов бюллетенлари етказиб берилди. 

– Айни пайтда сайлов куни доимий яшаш манзилида бўла олмайдиган сайловчилар ўз ҳуқуқларидан фойдаланиб, муддатидан олдин овоз бермоқда, – дейди вилоят ҳудудий сайлов комиссияси раиси Бахтиёржон Расулов. – Жорий йилнинг 21 октябрь санасига жами 22 минг 967 нафар сайловчи муддатдан олдин овоз бериб, фуқаролик бурчини бажарди. 

Муддатидан аввал овоз бериш вилоятдаги барча сайлов участкаларида Сайлов кодекси ва умумэътироф этилган халқаро тамойиллар, белгиланган тартиблар асосида ўтказилмоқда. 

– Сайлов участкамизда 2 минг 175 нафар сайловчи овоз беради, – дейди Андижон шаҳридаги 35-сайлов участкаси раиси Абдумухтор Ҳакимов. – Бугунги кунга қадар сайлов куни яшаш жойида бўла олмайдиган 31 нафар фуқаро аввалдан овоз бериш ҳуқуқидан фойдаланди. 

– Сайлов куни сафарда бўламан, – дейди Андижон шаҳри Саъдий маҳалласи, Ўш кўчасида яшовчи Нодирбек Мирзабаҳромов. – Шунинг учун қонуний ҳуқуқимдан фойдаланган ҳолда Андижон қурилиш ва иқтисодиёт институтида жойлашган сайлов участкасига келиб, ўзим маъқул деб билган номзодлар учун муддатидан аввал овоз бердим. 

Бу йил аввалги йиллардагидан бошқача ўтадиган, юртимиз келажаги, равнақи учун муҳим бўлган сайловларга ёшлар ҳам алоҳида эътибор билан қарамоқда. Муддатидан аввал овоз берган фуқаролар орасида ёшлар ҳам талайгина. 

– Сайлов куни яшаш жойимда бўла олмаслигим боис, мен фуқаролик ва Сайлов Кодексида белгиланган ҳуқуқимдан фойдаланиб, муддатидан аввал овоз бердим, – дейди Андижон давлат университети талабаси, Зулфия номидаги давлат мукофот соҳибаси Мухлиса Машрабова. – Ўзим яшайдиган Жалақудуқ туманидаги 13-сон болалар мусиқа ва санъат мактабида жойлашган 446-сайлов участкасига бориб, ўзим лозим деб билган депутатликка номзодларга овоз бердим. Биламанки, фуқароларнинг сайловлардаги фаол иштироки, берилаётган ҳар бир овоз юртимизнинг порлоқ келажаги учун берилаётган овоздир. 

Муддатидан аввал овоз бериш жараёни белгиланган муддатга қадар давом этади. 

Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (фото), ЎзА мухбирлари