English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўз даврининг нотиқларидан ҳикмат: улар инсониятни нималар билан жалб этишган?
17:03 / 2022-08-11

Нотиқлик кўникмаларига эга бўлиш шахс муваффақиятининг асосий омили ҳисобланади.

Риторик маҳорат маърузачидан аниқ далилларни келтириш, актёрлик қобилияти, ташқи кўринишдаги хослик ва психологик билимларни талаб этади. Ҳар бир нотиқнинг ўзига хос ҳикоя қилиш услуби, сўзлашув тактикаси ва актёрлик маҳорати бўлади. Баъзилар нутқ қийинчиликларини енгиб, нотиқлик маҳоратига эришсалар, бошқалар учун бу туғма истеъдод ҳисобланади.

Тарихда номи қолган шахсларнинг деярли кўпчилиги етук нотиқ ҳисобланган. Улар аудиторияда ўзини тута олиши ва сўзлаш маҳорати билан ўз фикр-ғояларини атрофдагиларга етказиб, уларни ягона мақсад сари етаклаган. Масалан, ўз даврида Жалолиддин Румий, Ҳусайн Воиз Кошифий, Сезар, Наполеон, Робеспер, Черчилл каби тарихий сиймолар риторик маҳорати билан халқини бирлаштириб, ягона мақсад сари йўналтира олган бўлса, Илон Маск, Стив Жобс, Ангела Меркел, Борис Жонсон, Ник Вуйчич каби замондошларимиз ўз фаолиятларида нотиқлик маҳоратларини қўллай олганлар. Қуйида дунё тан олган нотиқларнинг риторик маҳоратлари ҳақида сўз юритамиз.

«ТИЛИНГДАН ОЛДИН ҚАЛБИНГНИ ТАРБИЯ ҚИЛ...»

Жалолиддин Румий ўзидан кейинги Шарқ ва Ғарб сўз санъатига катта таъсир ўтказган жаҳон адабиётининг муаззам сиймоларидан бири. Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Мирзо Абдулқодир Бедил каби буюк сўз усталари Мавлонони ўзларига устоз деб билишган. «Маснавийи маънавий» асари инсон маънавий ҳаётининг қомуси сифатида нафақат Шарқда, балки Ғарбда ҳам ўрганилган. Жалолиддин Румий ўзининг сермаъно, жилодор сўзлари орқали барча қалбларга йўл топиб борган, ўзи эса борлиқда доим комил инсонни изини изларди. Шунингдек, неча аср ва замонлар ўтса ҳамки, уларнинг ҳикматли сўзлари таълим-тарбияни шакллантиришда катта таъсирга эга:

• Тилингдан олдин қалбингни тарбия қил. Чунки сўз қалбдан келиб, тильдан чиқади.

• Минг йил ўқисаму, мендан «нимани билдинг», деб сўрасалар, «ҳаддимни билдим» дейман».

• Инсонни оташ эмас, ўз ғафлати ёқар. Барчадаги камчиликни кўрару, аммо ўзига кўрдек боқар. Нимага қандай боқсанг, у ҳам сенга шундай боқар.

18 МАРТА МАҒЛУБ БЎЛГАН ЕТАКЧИ

Американинг 16-президенти Аврам Линколн гарчи мактабда бир йил таълим олган бўлса ҳам, ўзи мустақил ҳолда кўп китоблар ўқиган, шахсини ривожлантириш билан шуғулланган ва одамлар билан осонгина баҳсга кириша олган. Бу билан Аврам Линколн ўзидаги ишончсизлик, тортинчоқлик ва ўзига паст баҳо бериш «хислат»ларини йўқота олган. У сиёсий фаолиятини 30 ёшида бошлади. 18 марта сайловларда мағлуб бўлди. Шундай бўлсада, унинг «бўлинган уй» ҳақидаги нутқи жуда машҳур бўлади ва бутун АҚШ бўйлаб тарқалади. Бу нутқида у бир мамлакатда «ярим қуллик ва ярим эркинлик» ҳолати давом этиши мумкин эмаслигини асослаб беради. Қулликка қарши ягона номзод сифатида 1861 йил Линколн АҚШнинг ўн олтинчи президентига айланади.

Балки унинг ютуқларига ўзи айтган ҳикмат туртки бергандир: «Мен секин юраман, ҳеч қачон ортга қайтмайман».

МАҲАЛЛИЙ МАТБУОТ БУ КУННИ «ТАРИХИЙ КУН» ДEБ ЁЗДИ

Ўтган асрнинг 20 йилларидан сўнг замонавий таълим тарбияни ривожлантиришда беқиёс ҳисса қўшган жадид адабиёти вакилларидан бири – Абдулла Авлоний халқимиз ҳаётида юз берган энг катта бахтсизлик – ўз мустақиллигини йўқотиши воқеаларини лоқайд кузатолмаган, унинг фожиали оқибатларини чуқур идрок этишга ва истиқлол учун курашга чақиришгача бўлган йўлни босиб ўтди. Тошкент шаҳрининг ўша вақтлардаги энг катта театр-концерт биноси – икки минг кишини сиғдира оладиган «Колизей»да маърифатпарвар, журналист, давлат ва жамоат арбоби Абдулла Авлонийнинг «Турон» театр труппаси ўз фаолиятини «Падаркуш» билан бошлади. Спектакль бошланиши олдидан Ўрта Осиё жадидчилик ҳаракатининг йўлбошчиси Мунавварқори Абдурашидхонов театрнинг жамият ҳаётидаги ўрни ҳақида нутқ сўзлади. 

Маҳаллий матбуот бу кунни «тарихий кун» деб ёзди. Жадидларнинг ғоялари аҳолининг турли қатламлари томонидан қизғин кутиб олинди. Абдулла Авлоний «Ватан сенинг номинг муқаддасдир. кимки буни билмас, унинг ақли пастдир» каби ҳикматли сўзлари, шунингдек, амалий ҳаракатлари билан миллат равнақига катта таъсир этган маърифатпарвар ижодкордир.

ҲИС-ТУЙҒУЛАРИНИ ЯШИРМАГАН АРБОБ

Буюк Британиялик сиёсий арбоб Уинстон Черчиллнинг айтишича, нотиқлик ноёб истеъдоддир. Унинг нутқида антик даврнинг баъзи нотиқлари сингари нуқсони бўлган. Аммо бу камчилик унинг маҳоратли маърузачи бўлишига тўсқинлик қилмади. Черчилл ўз нутқида ҳис-туйғуларни кўрсатишдан қўрқмади, у қисқа ва содда сўзларни ишлатди. Бу эса уни одамларга яқинлаштирди. У ҳазил қудратини тушуниб, ундан ўз нутқида моҳирона фойдаланар, бошқаларга яхши кайфият улашарди.

«Ҳеч қачон енгилмаслик! Ҳеч қачон таслим бўлмаслик» – Уинстон ушбу сўзларининг кучини ўзи яхши билар эди. Чунки аввал соғлиғи, кейин консерваторлар унга қўйган сиёсий блоклар сабаб ўз мақсадларидан кечишга мажбур бўлган. Бироқ, муаммолар унинг бош вазир бўлишига етарлича тўсқинлик қилолмади.

«ҲИНДИСТОННИ ТАРК ЭТИНГ»

1942 йил 8 августда Ҳиндистон миллий озодлик йўлбошчиси Маҳатма Ганди томонидан қилинган “...Ҳиндистонни тарк этинг...» деган нутқ Ҳиндистон мустақиллиги учун қатъий чақириқ бўлган, Банорасдаги Ҳинд университетининг очилиш маросимида сўзланган нутқида Ганди ҳиндлар ўз тақдири ва ўз юртининг эгаси бўлиши керак, деган ғояни илгари сурган.

ЯХШИ НУТҚ МИЛЛИОНЛАБ ОДАМЛАРНИНГ ФИКРИНИ ШАКЛЛАНТИРАДИ

Кубанинг собиқ президенти Фидел Кастро нутқ бошлаганида ҳеч ким аудиторияни тарк эта олмас эди. Президентнинг маърузаси кўп ҳолларда 6-7 соат давом этар, қанча узоқ бўлса ҳам, одамлар унинг сўзларини завқ билан тинглар эди. Фидел Кастро нутқида бадиий, ёрқин ифодаларни қўллаган. Унинг нутқида ифодали паузалар ва чексиз ўзига ишонч бор эди. У яхши нутқ миллионлаб одамларнинг фикрларини шакллантириш қудратига эга эканлигини билган ва ундан фойдалана олган. Унинг «Қачон қароқчилик фалсафаси йўқолса, уруш фалсафаси ҳам йўқолади» мавзудаги нутқи 4 соат 29 дақиқа давом этган ва Гиннеснинг рекордлар китобига кирди. Бу БМТ деворлари ичида айтилган энг узун нутқ эди.

ЎЗ МАҲСУЛОТЛАРИГА ҚИЗИҚТИРА ОЛГАН НОТИҚ

Замонамиз буюк нотиқларсиз эмас. Стив Жобс ўз фаолиятида нотиқлик бизнес соҳасида ҳам муҳим эканлигини исботлади. XXI асрнинг энг йирик компанияларидан бири – “Apple” асосчиси Стив Жобс муваффақиятли тақдимотчилик маҳорати билан эътироф этилган. Жобс одамларни брендга эҳтиёж борлигига ишонтирди. Ишончли ва тиниқ сўзлаш услуби савдо соҳасидаги асосий омад «калит»и эканлигини кўрсата олди. У тингловчилар билан мулоқот бошлаш мақсадида ўз нутқида атайлаб бир қанча саволларни жавобсиз қолдирарди. Стив Жобс маърузаларида саҳнада айланиб, ҳазиллашиб, томошабинлардан саволлар кутиш усулидан фойдаланиб, баҳс-мунозаралар билан омманинг савдога қўйилган маҳсулотга қизиқишини шаклантирар эди. Унинг сўзларида нафақат нотиқлик маҳорати балким чуқур маъно ва моҳият бор.

Шу билан бирга, унинг маърузаларидаги фикрлари инсонлар ҳаёти ва иш фаолиятида катта илҳом ва ундов манбаи бўлиб келмоқда:

• Ишингиз ҳаётингизнинг катта қисмини ташкил этади, шунинг учун ҳам тўлиқ мамнун бўлишингизнинг ягона йўли ўзингиз энг яхши деб билган касб билан шуғулланишдир.

• Кўпчилик одамлар тажрибаларининг хилма-хиллиги билан мақтана олмайди. Уларнинг ҳаёт тажрибаларида тўғри ҳаракатларни ўзаро боғлайдиган, қурадиган координаталар етишмайди.

• Кўпчилик муаммонинг кўп қирраларини кўрмайди. Шунинг учун унинг ечими жуда оддий. Инсоннинг маданияти қанча юқори бўлса, бу унга инсоният тажрибасидан кенгроқ фойдаланиш имконини беради.

ТEХНОКРАТЛАР ЭЪТИБОРИДАГИ ШАХС

Стив Жобс вафотидан кейин Илон Маскнинг тақдимотлари бутун дунё бўйлаб технократларнинг эътиборига тушди. Тадбиркорлик салоҳияти билан бирга ўзига хос нотиқлик маҳорати асосида Илон Маск сунъий интеллект, коинот илми ва ўта тезкор транспортлар атамасини айнан ўз номи билан боғлашга муваффақ бўлди. Натижада инсоният бу йўналишдаги тараққиётни айнан Илон Маск муваффақиятларида кўрмоқдалар. Унинг қуйидаги сўзларида вазиятга ўзига хослик билан муносабатда бўлиш ва фаолликни инсон аввало ўзидан талаб этишини тушуниш мумкин:

• Мен кўп нарсанинг қандай содир бўлишини кузатишим мумкин ёки унинг бир қисми бўлишим ҳам мумкин.

БАХТ, БУ...

Дунёга машҳур ёзувчи ва файласуф Лев Толстойнинг ижодий қарашлари бошқа ёзувчиларникидан бутунлай фарқ қилади. Унинг ижодий мероси етук асарлар, кундалик битиклар ва мактублардан иборат. Машҳур «Уруш ва тинчлик», «Анна Каренина» асарлари дунё бўйлаб алоҳида мавқега эга. Л.Толстой ўз асарлари ва ёзма нутқ намуналарида инсонлар руҳиятидаги зиддиятларни ҳаққоний тасвирлабгина қолмай, уларнинг барча замонларга хос муаммо ва ҳақиқатларини нотиқларга хос маҳорат билан очиб берган. Унинг инсониятни баркамолликка интилишдаги ушбу ундовлари ўзига хос:

• Ўз вазифангизни бажаришга интилинг, шунда дарҳол ўз қадрингизни билиб оласиз.

• Мен ҳаётда фақат иккита ҳақиқий бахтсизликни биламан: пушаймонлик ва касаллик.



Фотима МУБОРАКОВА