Самарқанд шаҳридаги “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети “Арт-Резиденция”сида Туркиянинг “Инсон ва цивилизация” ҳаракати томонидан шу номдаги кўргазма ўтказилди.
Ўзбекистон Маданият вазирлиги, туризм қўмитаси, вилоят ҳокимлиги ҳамда Туркиянинг Самарқанддаги бош консулхонаси ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда вилоят ҳокими ўринбосари Рустам Қобилов, “Инсон ва цивилизация” ҳаракати бўлим бошлиғи Марям Гуней, Туркиянинг Самарқанддаги Бош консули Салиҳ Жанер сўзга чиқиб, қадимий Буюк Ипак йўли ушбу йўл ўтган давлатларнинг нафақат савдо-иқтисодий, балки илмий-маданий ҳамкорлик алоқалари ривожига ҳам катта ҳисса қўшганини таъкидладилар.
[gallery-19666]
– Минтақамиздаги тарихий-маданий бойликни ўзида мужассам этган Буюк Ипак йўли туфайли Хитойдан Туркиягача бўлган ҳудудда илм-фан, маданият ва санъат ривожланган, – деди Марям Гуней хоним. – Бизнинг уюшмамиз бу тарихий жараённи ўрганиш ва кенг тарғиб этиш ҳамда бугунги алоқаларимизни янада кенгайтириш мақсадида ушбу лойиҳани амалга оширмоқда. Кўргазма ва симпозиумдан иборат “Ўз давридан ўзган Буюк Ипак йўли мероси” лойиҳамиз илк бор Туркияда ўтказилганди. Сўнгра Тошкент шаҳрида ташкил этдик ва бугун Самарқандда ўз ишини бошламоқда. Кейинги манзил учун Бухорони танлаганмиз.
Кўргазмадан Туркия, Ўзбекистон, Қозоғистон, Татаристон, Қирғизистон, Хитой, Афғонистон, Покистон, Озарбайжон, Эрон ва суриялик 41 нафар профессионал ижодкорнинг махсус асарлари ўрин олган. Бу асарлар ҳақида иккита католог ҳам тайёрланди. Самарқандда 20 дан ортиқ асар намойиш этилмоқда. Улар орасида ҳаттотлик, иллуминация, миниатюра, ёғоч ўймакорлиги, кошин, марварид ва металл ўймакорлиги, заргарлик буюмлари мавжуд.
Тадбир доирасида Буюк Ипак йўлининг тарихи, муҳим марказлари, илм-фан ва санъати, тил ва адабиёти, меъморчилиги масалалари муҳокамасига бағишланган симпозиум ташкил этилди. Унда ўзбекистонлик ва хориждан келган тарихчи ва санъатшунос олимлар, ижодкорлар ўз маърузалари билан иштирок этди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари