Нью-Йоркдаги тиббиёт марказида 61 ёшли эркак бўйнидаги оғир металл – занжир сабаб вафот этди.
Полиция маълумотига кўра, у рухсатсиз тарзда “Nassau Open MRI” марказидаги МРТ хонасига кирган ва айни вақтда аппарат ишлаётган бўлган. Кучли магнит майдон бўйнидаги металл занжирни тортиб кетган, натижада эркак оғир тан жароҳати олиб, касалхонада ҳаётдан кўз юмган.
Ҳодиса гувоҳи бўлган турмуш ўртоғининг айтишича, марҳум занжирни спорт машқлари учун тақиб юрган ва у тахминан 9 килограмм оғирликка эга бўлган.
Расмийлар бу воқеани “тиббий фавқулодда ҳолат” деб баҳолади. Ҳодиса юзасидан тергов бошланган.
АҚШ Озиқ-овқат ва дори-дармон агентлиги МРТ аппаратлари кучли магнит майдон ҳосил қилиши сабабли металл буюмлар хавфли қуролга айланиши мумкинлигига яна бир бор урғу берди. Шунинг учун бундай текширувлар олдидан барча металл жисмларни ечиш мажбурий ҳисобланади.
Бу каби ҳодисалар илгари ҳам кузатилган. 2001 йилда Нью-Йоркдаги МРТ текшируви пайтида кислород баллони тасодифан аппаратга тортилиб, 6 ёшли боланинг ҳаётига зомин бўлган эди.
Мусулмон Зиё, ЎзА