1 июнь куни Тошкент шаҳридаги Ботаника боғида 7 ёшдан 14 ёшгача бўлган болалар учун «Ўйнаймиз – ўрганамиз» номли ҳаётий кўникмалар фестивали бўлиб ўтди.
Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунига бағишланган ушбу фестиваль ўзига хос тарзда ташкил этилгани билан аҳамиятли бўлди. Маълумки, Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Республика таълим маркази томонидан Миллий ўқув дастури асосида яратилаётган дарсликларда назарий маълумотлардан кўра амалиётга урғу берилган. Ушбу дарсликлар энди маълумотларни ёд олдириш йўлидан эмас, уларда ҳаётий кўникмаларни шакллантиришга асосий эътиборни қаратади. Шиддат билан ривожланаётган технология асрида болаларга ўйин орқали таълим бериш аллақачон ўзини оқлаган методлардан бирига айланди.

1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан байрамни муносиб ўтказиш ва ҳаётий кўникмаларни замонавий методлар орқали шакллантириш мақсадида илк бор таълимий мазмундаги «Ўйнаймиз – ўрганамиз» номли ҳаётий кўникмалар фестивали жуда қизиқарли ва ноодатий тарзда ташкил этилди. 7 ёшдан 14 ёшгача бўлган болаларни қамраб олган фестиваль кўнгилочар дастурлардан ташқари, яна 4 та – рақамли, амалий, СТEАМ, Технология йўналишлари доирасида ўтказилди. Фестивалда болалар гуруҳларга бўлинган ҳолда машғулотларда иштирок этди. Масалан, рақамли бурчакка оид машғулотларни олайлик. Айтиш керакки, Республика таълим маркази томонидан янги авлод дарсликлари учун 20 га яқин мультимедиа иловалари яратилди. Дарсликларга қўшимча қилинган АР иловаси мавзуларни визуал қабул қилиш орқали янада яхшироқ тушунишга ёрдам беради.

Болаларга ХХ1 аср қурилмалари ёрдамида билим олишни тарғиб қилувчи рақамли бурчакда ўқувчилар янги авлод дарсликлари учун яратилган мультимедиа иловаларидан фойдаланиб кўрдилар. Планшет ва смартфонларни китобга тутганларида янграган мусиқалар, жонланаётган тасвирлар уларни жуда ҳайратлантирди. Ўқувчиларда рассомлик, ҳайкалтарошлик, архитектура каби ижодкорлик кўникмаларини шакллантирувчи амалий бурчакда болалар профессионаллар ва ўз тенгдошлари билан бирга ижод қилдилар. Қувонарлиси, ушбу амалий ишларни тайёрлаш энди янги Тасвирий санъат дарсликларига ҳам киритилган. Турли хил тажрибаларни бажариб кўришга имкон берувчи СТEАМ бурчаги ўқувчиларда тадқиқотчилик қобилиятини уйғотишга хизмат қилди. Бу ерда ўқувчилар ўз қўллари билан фонтан, радио, турли планеталарни ясаб кўрдилар. Ихтирочи болаларни жамлаган технология бурчагида мутахассислар кўмагида роботлар ясаб кўришди ва роботлар жангини ўтказишди.
Технология бурчаги карвин санъатига қизиқувчилар учун ҳам яхши майдон яратди. Фестиваль давомида болалар ёзувчиси, янги Она тили ва ўқиш саводхонлиги дарсликлари муаллифи Саъдулло Қуроновнинг «Галактикада бир кун», «Коинот жавоҳири» фантастик асарлари тақдимоти бўлиб ўтди. Жараёнда болалар муаллиф томонидан берилган топшириқ асосида ўзлари фантастик ҳикоя ёзиб кўриш имконига ҳам эга бўлдилар. Муаллиф ўзининг «50 йилдан кейин ҳаёт…» бошланмасига болалар томонидан оригинал якунланмалар олди.
– Ушбу фестивалдан кўзланган асосий мақсад таълимни, янги билимларни маърифий ўйинлар орқали болаларга тушунтиришдан иборатдир, – деди Республика таълим маркази директори Шуҳрат Сатторов. – Сир эмаски, таълим жараёни ҳаддан зиёд академиклашиб кетгани сабабли ўқувчилар томонидан қийинчилик билан қабул қилинади. Эндиликда янги ва илғор технологиялар кириб келмоқда. Ўқув жараёнининг ҳаётийлашуви миллий ўқув дастури асосидаги дарсларнинг узвий бўлагидир. Биз имкон қадар ўқитувчиларни ҳам шу жараёнга тайёрлашга, машғулотларнинг болалар учун қизиқарлилигини таъминлашга катта аҳамият бермоқдамиз.

– Менга ушбу фестиваль жуда ёқди, – деди 9 ёшли Саъдулла Исмоилов. – Робототехникага оид машғулотларда қатнашдим. Билмаганларимни билим олдим. Кўп болалар билан дўстлашдим. Фестивалнинг кўнгилочар қисми ҳам болаларни илм-фан дунёсига олиб киролганлиги билан аҳамиятли. Хусусан, тадбир давомида ташкил қилинган шоу-дастурларда ҳам кимёвий ҳодисалар қизиқарли тарзда кўрсатиб берилди. Бундай йўналишдаги намойишлар ўқувчиларга фанлар таркибига киритилаётган амалий топшириқларни ўзлари бажариб кўриши имконини берганлиги билан ҳам уларда катта таассурот қолдирди.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, ташкил этилган болалар фестивали Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Республика таълим маркази томонидан амалга оширилаётган таълим мазмунидаги ўзгаришларга ҳамоҳанг тарзда ўқувчиларда ижодкорлик, тадқиқотчилик, мустақил ва танқидий фикрлаш, жамоада ишлаш, коммуникативлик каби ҳаётий кўникмаларни шакллантиришга хизмат қилади.
Н.УСМОНОВА,
ЎзА мухбири