Хорижий давлатларнинг ойналари туси ўзгартирилган (қорайтирилган) енгил автотранспорт воситаларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудига вақтинча кириши ва транзит ҳаракатланиши учун мажбурий йиғимларни ундириш тартибига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Бу Адлия вазирлигида жорий йил 4 март куни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Давлат хавфсизлик хизматининг қўшма қарори билан давлат рўйхатидан ўтказилди.
Ўзгартиришларга кўра, ойналари қорайтирилган хорижий автотранспорт воситалари учун мажбурий йиғимларни ундириш тартиби тубдан соддалаштирилди, дейилади Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси маълумотида.
Эндиликда мажбурий йиғим хорижий автотранспорт воситасининг фақатгина олд ён ойналари тусини ўзгартирганлик (қорайтирган) учун ундирилади. Илгари амалда бўлган “олд, ён ва орқа ойналар” учун мажбурий йиғимлар талаби бекор қилинди.
Мажбурий йиғимларни тўлаш жараёнига замонавий ахборот технологиялари жорий этилиши муносабати билан, эндиликда тўловларни “Э-tranzit” автоматлаштирилган ахборот тизими орқали шакллантириладиган QR-код ёрдамида электрон тўлов тизимлари орқали амалга ошириш имконияти яратилди.
Йўл-патруль хизмати ходимлари томонидан тўловни текшириш жараёнида квитанция нусхаси билан бир қаторда тизимдаги ягона ҳисобварақ маълумотлари ҳам расмий ҳужжат сифатида тан олинади.
А.РУСТАМОВ, ЎзА