Шу кунларда Қирғизистоннинг Қарақол шаҳрида “OYMO” анъанавий маданият ва ҳунармандчилик фестивали бўлиб ўтмоқда.
XIX Халқаро “OYMO” анъанавий маданият ва ҳунармандчилик фестивали Марказий Осиёдаги маданий мерос ва креатив саноатлар соҳасидаги энг йирик тадбирлардан бири ҳисобланади.

Маданий меросни асраб-авайлаш ва авлодларга етказиш, анъанавий билимларни қайта тиклаш, ҳунармандчилик ва креатив индустрияларни ривожлантириш мақсадида ташкил этилган фестивалда дунёнинг турли мамлакатларидан ҳунармандлар, дизайнерлар, санъат ва маданият намояндалари, ёшлар ҳамда сайёҳлар қатнашмоқда.

“Ҳунарманд” уюшмаси маълумотига кўра, ушбу нуфузли фестивалда Ҳунарманд уюшмаси аъзолари, юртимизнинг маҳоратли ҳунармандлари ҳам иштирок этмоқда. Улар ўз ҳунарлари ва маҳсулотлари орқали ўзларининг миллий анъаналарини халқаро миқёсда намойиш этмоқда.
Маълумотларга кўра, бу йилги фестиваль муассис ва ЮНЕСКОнинг номоддий маданий мерос бўйича халқаро эксперти Динара Чочунбаева (1956-2025) хотирасига бағишланган.
Фестиваль 5 июлга қадар давом этади.
Гулноза Бобоева, ЎзА