Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўйин муросасиз ва эсда қоларли бўлди
10:09 / 2023-08-07

Футбол бўйича Ўзбекистон чемпионати суперлигаси 15-турини якунлаб берган Тошкентнинг “Олимпик” ва Жиззахнинг “Сўғдиёна” жамоалари ўртасидаги ўйин голларга бой бўлди.

Учрашув майдон эгаларининг ҳужумлари билан бошланди. “Олимпик” футболчилари учрашув бошидаёқ меҳмонлар дарвозасини ишғол этди. Аммо ўйиндан ташқари ҳолат қайд этилгани учун голни ҳакамлар ҳисобга олмади.

Учрашувнинг 8-дақиқасида “Сўғдиёна” сардори Жавоҳир Қаҳрамонов тошкентликлар жарима майдончасини ёриб кирди ва ҳимоячилар уни ўйин қоидасини бузган ҳолда тўхтатиб қолди. Бу икки жамоа баҳсини бошқариб борган бош ҳакам Темур Тўхтасинов “Олимпик” дарвозаси томон пенальти белгилади. Ушбу ҳолатда “жабрланувчи” Жавоҳир Қаҳрамоновнинг ўзи 11 метрлик белгидан аниқ зарба бериб ҳисобни очди – 0:1.

Шундан сўнг мезбонларнинг ўйини янада кескинлашиб, “Сўғдиёна” дарвозаси олдида хавфли вазиятлар сонини оширди ва баҳснинг 23-дақиқасида Жасурбек Жалолиддиновнинг тўп узатишидан сўнг жиззахлик ҳимоячилар хатосидан унумли фойдаланган Темур Мамасидиқов гол киритиб ўртадаги мувозанатни тиклади – 1:1.

Орадан 6 дақиқа ўтар-ўтмай, ВАР аралашгач, майдон эгалари фойдасига 11 метрлик жарима зарбаси белгиланди. Ўйиндан сўнг, ушбу учрашувнинг “Энг яхши футболчиси” деб топилган Жасур Жалолиддиновнинг тепган тўпи йўналишини “Сўғдиёна”нинг сербиялик посбони Милан Митрович топиб, уни қайтарди ҳам, аммо зарба кучли бўлганлиги учун тўп дарвоза чизиғини кесиб ўтди ва гол инобатга олинди – 2:1.

Мухлислар ўйиннинг биринчи бўлими шу ҳисобда ниҳоясига етса керак, деб турган бир вақтда, майдон эгалари дарвозадан чамаси 20 метрлар олисликда ўйин қоидасини бузиб, жарима зарбаси белгиланди.  Меҳмонлар таркибида ўзининг энг яхши ўйинларидан бирини намойиш этган Жавоҳир Қаҳрамоновнинг берган зарбаси дарвоза устунига тегиб майдонга қайтди ва тўпга ҳаммадан биринчи етиб борган “Сўғдиёна”нинг яна бир хорижлик легионер тўп урари Зенан Займович учрашувнинг 45-дақиқасида гол киритиб, жамоаларни 2:2 ҳисобида танаффусга чиқиб кетишини таъминлади.

Ўйининг иккинчи бўлими ҳам кескин ва очиқ курашлар остида ўтди. Фақат, Тошкентдаги “Жар” стадионида чироқнинг ўчиб қолиб, ҳакам томонидан ўйиннинг асосий вақтига 15 дақиқа қўшиб берилгани билан ишқибозлар ёдида кўпроқ қолган бўлса ажаб эмас.  

Лекин, ана шу қўшиб берилган дақиқаларда футбол мухлислари яна 2 голга гувоҳ бўлди. Дастлаб 90+5-дақиқада меҳмонлар футболчиси Алишер Салимовнинг узатмасидан сўнг, захирадан майдонга тушган Самандаржон Мавлонқулов “Сўғдиёна”ни яна олдинга олиб чиқди – 2:3.  

Аммо жиззахлик мухлисларнинг қувончи узоққа чўзилмади. Учрашувнинг 90+7-дақиқасида “Олимпик” футболчиси  Нодир Абдихолиқовни дарвоза томон йўллаган зарбасига Асадбек Жўрабоев бошини қўйиб, йўналишни ўзгартириб юборди ва ўртадаги мувозанат яна тикланишига сабаб бўлди – 3:3.

15-турнинг яна бир ёдда қоларли жиҳати, чемпионликка асосий даъвогарларнинг очко йўқотиши бўлди, десак муболаға бўлмайди. Жумладан, “Пахтакор” Тошкентда “Нефтчи” (Фарғона)га 0:1 ҳисобида ютқазиб қўйган бўлса, “Навбаҳор” (Наманган) Бекободда “Металлург”дан ўйиннинг сўнги дақиқасида гол ўтказиб юбориб, дуранг – 1:1 натижа қайд этишга мажбур бўлди. Қаршининг “Насаф” жамоасини Яйпанда “Турон”дан 1:0 ҳисобида мағлуб бўлишини эса жуда кўпчилик “сенсация!” дегани шубҳасиз.  

Ушбу турнинг қолган ўйинларида қуйидаги натижалар қайд этилди: “Андижон” (Андижон) – “Сурхон” (Термиз) – 0:0, “Бухоро” (Бухоро) – “Қизилқум” (Навоий) – 1:0, “Бунёдкор” (Тошкент) – ОКМК (Олмалиқ) – 1:1.  

Мазкур турнинг 6 учрашувида рақиблар дарвозасига 7 гол урилган бўлса, Тошкентдаги “Олимпик” ва “Сўғдиёна” ўртасидаги ўйин 6 гол киритилгани билан ишқибозларнинг эсида қоладиган бўлди.

А.ҚАЮМОВ, ЎзА