English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ойига 10 минг доллар даромад топаётган ёш тадбиркор: бизнесдаги муваффақият ва омадсизлик омиллари ҳақида
11:31 / 2023-11-01

Мотивация!

  • Тадбиркорликда банкрот бўлишдан қўрқмаслик керак.
  • Доимий томчилаб турган сув тошни ҳам тешади. Бу ерда тошни тешган куч аслида томчи эмас, доимийликнинг қудрати.
  • XXIасрда инсоннинг ўзи ресурс эмас, унинг билими ресурс.
  • Бизнес — аслида санъат. Ҳар бир ишингизга санъат даражасида ёндаша олсангизгина, натижа бўлади.

Юқоридагилар Урганч шаҳридаги “Data Union” масъулияти чекланган жамияти директори, 27 ёшли тадбиркор, “Мард ўғлон” давлат мукофоти совриндори Шаҳзод Собировнинг ҳаётдаги қарашлари, фаолиятидаги хулосаларидан.

Оддий орзудан катта мақсадлар сари интилган ёш Шаҳзод бугун Хоразмда ўз стартап лойҳаси — “Data” ўқув маркази фаолиятини йўлга қўйиб, ойига ўртача 10 минг доллар даромад топиб келади. Минглаб ёшларга турли йўналишлардаги ўқув курслари орқали таҳсил олишига имкон яратган, янги иш ўринларини ташкил этган ғайратли ва шижоатли ёшлардан бири. Айни пайтда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида сиртқи таълим йўналишида 5-курс талабаси.

— Шаҳзод, тадбиркорлик қилиш фикри қандай пайдо бўлган?

— Оилада ёлғиз ўғилман. Ёшлигимдан кўплаб касб-ҳунарларга ўргатишган. Радиотехник ва ҳунармандларга ҳам шогирд тушганман, турли ҳунарларни ўрганишга ҳаракат қилардим. Журналистикага ҳам қизиққанман. Аслида болалигимдан санъаткор — актёр бўламан деб орзу қилганман. Шунинг учун, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтига ўқишга кирдим. Аммо IT соҳасида фаолият олиб боришимни эшитган инсонлар санъат билан бу соҳани нима алоқаси, боғлиқлиги бор, деб қизиқишади. Назаримда бизнес — аслида санъат. Технология совуқ эшитилгани билан унинг орқасида ҳам санъат ётади. Ҳар бир ишингизга санъат даражасида ёндаша олсангизгина, ижод қилолсангизгина натижа бўлади. 

Тадбиркорликка қизиқиб, бир нечта ишларни бошлаганман. Айни пайтдаги “Data” ўқув маркази бу бешинчи бизнесим. Бундан олдинги бизнес фаолиятларим банкрот бўлган.

Қайта-қайта уриниб кўришдан қўрқмаганмисиз?

— Бизнесда таваккалчиликдан, банкрот бўлишдан қўрқмаслик керак. Қайта-қайта омадсизликка учрасангиз, “нимада хато қилдим” дея жиддий ўйлашни бошлайсиз. Кейинги сафар ўша хатони қилмасликка ҳаракат қиласиз. Албатта, бир кун ўхшайди. Биринчи қадамдан ўхшамаслиги табиий ҳол. Биринчи ҳаракат ўхшамаса, қўл силтаб қўймаслик керак, доимийликка эътибор бериш лозим. Агар мақсадни аниқ қўйиб, ўша мақсад учун доимий равишда ҳаракат қилса, доимийликда натижа бўлади. Кўпчилик доимийликка унча аҳамият бермайди, аммо унда катта гап бор. Эътибор беринг, доимий томчилаб оқиб турган сув тошни ҳам тешади. Бу ерда тошни тешган куч аслида томчи эмас, доимийликнинг қудрати.

Инсон ҳам бир ҳаракатни қайта-қайта бажарса, бир соҳанинг ичига чуқур кириб борса, шу соҳанинг устаси, профессионали бўлса, натижага эришади. Ҳозирги замонда ҳамма соҳада ишлаб кетадиган “супермен” эмас, аниқ бир соҳага ихтисослашган мутахассислар зарур. Профессионал инсон экспертлик даражасига етади. Яъни, ўз соҳасидан келиб чиқиб, бошқа соҳаларга ҳам баҳо бера олади. Ҳозир юртимизда экспертлар етишмайди. Бизнес бўйича эксперт, молия бўйича, маркетинг ва дизайн бўйича экспертлар — умуман, ҳар қандай соҳада экспертлар керак. XXI аср шунақа асрки, инсоннинг ўзи ресурс эмас, унинг билими ресурс. Ҳар қандай соҳада агар билимингиз бўлмаса, атрофингизда билимли инсонлар йиғилмаса, ҳеч бир натижа бўлмайди. Жамоамизда ана шундай билимли мутахассислар йиғилган, улар бизнесимизнинг қурувчилари десам, тўғри бўлади.

— Ўқув марказини ташкил этишда, даставвал ишни бошлашингизда ким кўмак берган, маблағни қаердан олгансиз?

Одатда бирор тадбиркорликни бошлаш учун кўп пул керак, дейишади. Менда эса бошида умуман пул бўлмаган. Аслида пул эмас, жамоа керак. Атрофимда ана шундай билимли, ҳаракатчан жамоани йиға олдим. Бошида 50 миллион қарз олиб, 10 та компьютер билан иш бошлаганман. Биринчи ойнинг ўзида 32 миллион маблағ айлантириб, 18 миллион даромад қилганмиз.

Хоразм вилоятида биринчи нодавлат IT таълим маркази сифатида “Data” инновацион ўқув марказимиз кўпчиликнинг эътиборига туша бошлади. Президентимизнинг 2020 йил 12-13 декабрь кунлари Хоразм вилоятига ташрифи давомида берилган топшириқлар қаторида “Data” ўқув марказини стартап лойиҳа сифатида унга зарур маблағларни ажратиш кўзда тутилган эди.

Шундан сўнг, 2020 йилнинг 14 декабрь куни “Data” ўқув марказига ўша вақтдаги инновацион ривожланиш вазири ташриф буюриб, марказ ўқувчилари ва вилоятдаги академик олимлар билан учрашди. Шунда марказимизни ривожлантириш стратегияларини тақдимот қилдик. Вазир ёшлар билан суҳбати давомида “Data” ўқув марказини Хоразмдаги биринчи инновацион таълим маркази сифатида эътироф этиб, ушбу марказни ривожлантириш учун грант ажратилиши ҳақида айтди.

Шундан сўнг “Data” инновацион ўқув марказини кенгайтириш стартап лойиҳасини ишлаб чиқиб, вазирликка топширдик. 2021 йил 19 март куни лойиҳамиз тасдиқланиб, 1 миллиард сўм грант ажратилди. Ушбу грант маблағларига яна 80 та компьютер, стол-стуллар сотиб олдик ва янги йўналишлардаги ўқув-курсларини очиш имконига эга бўлдик.

2022 йилда яна 4 миллиард сўм грант маблағлари ажратилди. Бу фаолиятимизни янада кенгайтиришга, янги ишчи ўринларини яратишда қўл келди. Айни пайтда эса марказимизда мингга яқин ўқувчи таҳсил олмоқда. Бошида 5 та одам билан иш бошлаган бўлсам, бугун 80 та иш ўрнимиз бор.

Шу йил Президентимиз Шавкат Мирзиёев вилоятимизга ташрифи давомида IТ соҳасига эътибор қаратиб, таълим станциямиз ўқув ишлари билан ҳам танишди. Давлат раҳбари билан юзма-юз мулоқот чоғида биз ёшларга яратиб берилаётган имкониятлар учун миннатдорчилик билдириб, келгусидаги режаларимизни айтиб ўтдим.

— Кичик бир фаолиятдан иш бошлаб, шунча муваффақиятга эришиш, давлат раҳбарининг эътиборига тушиш жуда катта ютуқ. Муваффақиятларингизнинг сири нимада деб биласиз?

— Биласизми, муваффақият ҳам, муваффақиятсизлик ҳам бир кунда содир бўлмайди. Инсон муваффақиятга эришиш учун йиллар давомида тайёргарлик кўриши лозим. Аммо биз тайёргарлик кўрмасак, муваффақиятсизлик учун тайёргарлик кўрган бўламиз. Яъни, йиллар давомида китоб ўқимасак, йиллар давомида ўз устимизда ишламасак, янги инсонлар билан танишмасак, илм, билим олмасак, ўз-ўзидан муваффақиятсизлик учун тайёргарлик кўрган бўламиз.

Тадбиркорлигимизнинг муваффақияти ҳам бир йиллик натижа эмас. Бу лойиҳанинг устида йиллар давомида ишланган. Жамоанинг ҳар куни қилаётган меҳнати, олаётган билимларимиз, ҳаракатларимизнинг ҳаммаси муваффақиятларимиз калити деб биламан. Муваффақиятсизлик учун эса инсон бирор иш қилиши шарт эмас.

Қолаверса, эришган ютуқларимиз замирида ажратилган грантлар эмас, балки давлатимизнинг, юртбошимизнинг ишончи, эътибори турибди. Мен оддий бир хусусий тадбиркорман, давлат шерикчилиги йўқ. Давлатимиз менга ҳеч қанақа таъма қилмасдан, манфаат кутмасдан, ишимизнинг ривожи учун маблағлар ажратди. Албатта, бунинг ортидан қанчадан-қанча ёшларимиз таълим олиши, билим-малакага эга бўлиши мумкин.

— Тадбиркорлик истагидаги ёшларга қандай маслаҳат берасиз?

— Инсонлар нимадан кўп нолиса, нимадан кўп муаммо қидирса, демак ўша ерда пул бор. Яъни, мавжуд муаммони ечиш учун хизматлар таклифини бериш лозим. Бунда мижознинг ўрнига ўзимизни қўйиб кўриб ўйлашимиз керак — мижозларга нима керак, муаммоларни ечиш учун нима зарур, улар нима кутади, қандай орзу-истаклари бор? Бу саволларни ўз олдига қўйган ҳолда иш бошлаган одам муваффақиятга эришиши мумкин.

Ҳаётда “Осонлаштир ва меҳр уйғот” деган ҳаётий шиорим бор. Инсонларнинг ҳаётини осонлаштирсак, уларнинг оғирини енгиллаштирсак, инсонларнинг онги ривожланса, дунёқараши, ҳаётга бўлган қарашлари ўзгарса, жамият, давлат ривожланса, одамларнинг муаммоларини ечишга ёрдам бера олсак ва шу орқали улар бизнинг ишимиздан мамнун бўлса, қилаётган ишимизга меҳри уйғонса, бундан ортиқ ютуқ бўлмаса керак. 

Атрофига билимли жамоани йиға олиш ҳам муваффақиятдир. Биз бир оилага айланганмиз.

Бирор касбни эгаллаш учун инсонга биринчи навбатда билим керак. Иккинчидан, ўша касб бўйича малака, яъни билимларни қўллай олиш малакаси бўлиши керак. Учинчидан эса танлаган касбида кўп пул топишни истаса, кўникма лозим. Яъни, малакасини йиллар давомида ошириб бориб кўникмага айлантирса, натижага эриша олади. Биз ўқув марказимизда билим ва малакани бераяпмиз. Кўникма эса амалиётда, иш жараёнида ҳосил бўлади.

— Тадбиркорлик фаолиятингизда сизга нима ёки ким мотивация беради?

— Шу пайтгача 4 мингга яқин ўқувчи-ёшлар ўқув курсларимизни битирган. Уларнинг кўпчилигини ишга йўналтирганмиз. Бизда олган билим ва малакаларини амалиётда қўллай олаётган ва шу орқали пул топаётган ёшларимизни эшитсам қувонаман, жамоамиз билан руҳланамиз. Қилаётган меҳнатимиз, сарфлаётган вақтимиз бесамар кетмаётганидан, кимгадир нафи тегаётганидан хурсанд бўламиз.  Шу бизга мотивация беради.

Келгусида ўзимизда ўқиган ёшларимизни иш билан таъминлашни, марказимизни янада кенгайтириш ва ҳудудларда ҳам филиаллар ташкил этишни мақсад қилганман.

Муҳтарама Комилова, ЎзА