“Ойдин нур” оилани ижтимоий, ҳуқуқий ҳимоялаш маркази ўз фаолиятини 1999 йилда бошлаган. Дастлаб ташаббускор гуруҳ фаоллари вилоят олий таълим муассасалари ўқитувчиларидан ташкил топганди.
Нодавлат нотижорат ташкилоти сифатида рўйхатдан ўтган ташкилотнинг асосий мақсади оилада соғлом муҳитни шакллантириш, аёлнинг бу борадаги психологик ва ҳуқуқий билимларини ошириш, ижтимоий муаммоларини асоратсиз ечишга кўмаклашиш орқали баркамол оилавий муносабатларни тадбиқ этишга ҳисса қўшишдан иборат.
Ташкилот фаолиятининг асосий йўналишлари гендер тенглик масалаларини илгари суриш, ишонч телефонини ташкил қилиш, психологик маслаҳат кўрсатиш, юридик маслаҳат кўрсатиш, судда оиладаги зўравонлик қурбони бўлган аёлларнинг вакили бўлиш, ижтимоий муаммоларни ҳал қилишга ёрдам бериш, вақтинчалик яшаш жойи – бошпана билан таъминлашни ўз олдига мақсад қилиб олган.
[gallery-14749]
– Марказимиз оғир ижтимоий аҳволда қолган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, оилавий, маиший тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган хотин - қизлар, одам савдоси қурбони, жабр кўрган меҳнат муҳожирлари, илгари судланган, якка- ёлғиз аёллар, вояга етмаган етим ўғил-қизларга бепул хизмат қилади, –дейди “Ойдин нур” оилани ижтимоий, ҳуқуқий ҳимоялаш маркази раҳбари Шаҳноза Ихтиёрова. –Ишонч телефони хизмати марказ фаолиятини бошлаганидан буён ташкил этилган бўлиб, бугунги кунга қадар 18818 та қўнгироқ қабул қилинди. Инқироз ҳолатига тушган аёлларга психологик мадад хизмати 2000 йилдан бери кўрсатилади ва бугунги кунга қадар 3349 дан ортиқ маслаҳатлар берилди. Психолог биринчи навбатда марказга мурожаат қилган аёлни стресс ҳолатидан чиқариш мақсадида ҳар бири билан алоҳида иш олиб боради. Ўз-ўзини тўғри баҳолай билиш, оилада учрайдиган муаммолар, уларнинг оқибатлари, оилада аёл камситилишининг олдини олиш борасида билимлар беради. Марказ бошпанасида яшаётган аёллар билан индивидуал психологик ташхис, психокоррекция, психотерапия ишлари амалга оширилади. Бундан ташқари, аёллар учун “Хавотирликлар жамланмаси”, “Инқирозли вазиятга тушган одамларга психологик ёрдам”, “Ҳаётни яхшилаш”, “Репродуктив саломатлик”, “Одам савдосидан огоҳ бўлинг!” мавзуларида психологик тренинглар ўтказади.
Марказ томонидан ҳуқуқий маслаҳатлар хизмати 2004 йилдан буён кўрсатилади. Бугунги кунга қадар 12681та маслаҳат берилди. Юрист аёлларга зарур бўлган ҳуқуқий маслаҳатларни беради, судгача бўлган вақт мобайнида алимент ундириш, уйга киритиш, оталикни белгилаш, ажралиш, мол-мулкни тақсимлаш ва ҳоказо бўйича ҳужжатларни расмийлаштиришда ва уларни судга тақдим этишга кўмаклашади.
Судда оилавий низолардан жабрланган аёллар манфаатини ҳимоя қилади. Адвокат ёллаш орқали 2009 йилдан буён 251та аёл манфаатлари судда ҳимояланди. Турли хил хужжатларни расмийлаштириш учун 85та аёлга давлат божи тўланди. 7 та оталикни белгилаш тиббий экспертизаси учун тўлов ўтказилди. Зўравонлик қурбони тушкунлик, қўрқув ва умидсизлик ҳолатида бўлганлиги сабабли суд залида ўзини ҳимоя қилолмайди. Шу учун адвокатнинг аёл ҳуқуқларини ҳимоялаб, уни қўллаб-қувватлаши, унга куч ва ишонч беради. Фаолияти давомида марказ адвокатлари иштирок этган суд жараёнларининг 90 фоизи аёл фойдасига ҳал қилинган.
Ижтимоий муаммоларни ҳал қилишда кўмаклашилади. Ижтимоий муаммоларни ечишга йўл-йўриқ кўрсатиш хизмати 2007 йилдан буён йўлга қўйилган ва бугунги кунга қадар 5678 тани ташкил қилди. Ижтимоий ходим аёлларга оиладаги низоларини бартараф этишда, ижтимоий муаммоларни ҳал қилишда маслаҳатлар бериб, кўмаклашади. Уларнинг соғлигини тиклашда, маҳалла фуқаролар йиғинидан керакли моддий ёрдам, болалар нафақасини расмийлаштиришда, бандлигини таъминлашда, йуқотилган ҳужжатларни тиклашда, фарзандларини мактабгача таълим ва ўрта умумтаълим мактабига жойлаштиришда кўмаклашади.
Касб-ҳунарга ўргатиш ва даромад келтирувчи кичик бизнесини йўлга қуйишга кўмаклашиш хизмати 2010 йилдан буён йўлга қўйилган. Бугунги кунга қадар 250 та ижтимоий ҳимояга муҳтож ва тазйиқ ва зўравонликка учраган аёл турли хил ўқув курсларида ўқитилган ва шулардан 113 нафари даромад келтирувчи кичик бизнесини йўлга қўйиши учун керакли асбоб-ускуналар ва жиҳозлар билан таъминланган.
Вақтинчалик бошпана билан таъминлаш хизмати 2007 йилдан буён йўлга қўйилган. Жуда оғир оилавий шароити туфайли, тазйиқ ва зўравонликка учраганлиги туфайли уй-жойсиз қолган 1286 нафардан ортиқ аёл ва уларнинг вояга етмаган фарзандлари марказ бошпанасида яшаб, муаммоларини ечиш орқали нормал ҳаётга қайтарилди. Бошпанада аёллар ва уларнинг фарзандлари бепул озиқ - овқат, гигиена воситалари ва зарурат туғилганда дори-дармонлар билан таъминланади. Бошпанада яшаш вақтида уларни руҳан қўллаб-кувватлаш ва кўтаринки руҳда яшашларини таъминлаш мақсадида турли хил маданий-маърифий тадбирлар ўтказилади.
Марказ маҳаллий ҳамда халқаро ташкилотлар кўмагида ўз фаолиятини юритиб келмоқда. Франциянинг техник ҳамкорлик ва тараққиёт агентлиги (ACTED), АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси кичик лойиҳалар дастури, USAIDнинг Ўзбекистондаги ҳуқуқий ислоҳотлар дастурлари, Германиянинг “FRIDRIX EBERT” номли жамгармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Хельсенки инсон ҳуқуқи жамғармаси, Европадаги хавфсизлик ва хамкорлик ташкилоти (OSCE), БМТ Аҳолишунослик жамғармаси (UNFPA), IOM нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Ўзбекистон Республикасида қишлоқ хўжалигини ривожлантириш Винрок халқаро институти нотижорат ташкилотининг филиали шулар жумласидандир.
Бухоро вилояти “Ойдин нур” оилани ижтимоий, ҳуқуқий ҳимоялаш маркази Германиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси билан “Енгил автомашина сотиб олишни қўллаб-қувватлаш” номли лойиҳани бажариш мақсадида шартнома имзолаган эди. Лойиҳадан асосий мақсад тазйиқ ва зўравонлик қурбони бўлган аёллар ва уларнинг вояга етмаган болаларига ўз вақтида ва манзилли ёрдам кўрсатиш учун марказга автотранспорт сотиб олишдан иборатдир.
Шу лойиҳа асосида сотиб олинган “Кобальт” русумли енгил автомобилнинг тантанали равишда топшириш маросими бўлиб ўтди. Унда Германиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси биринчи котиби жаноб М.Виммер, элчихона таржимони А.Сулаймонов хамда “Ойдин нур” ташкилотининг яқин ҳамкорлари қатнашди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат),
ЎзА мухбирлари