Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ойдин булоқ гули ифори
07:21 / 2020-11-12

Эсимда, 2015 йилнинг кишига хуш ёқувчи салқин шабадали кузаги эди. Дарахтларнинг япроқлари юлиб олиниб, гўёки ўрнига тилло қоғозча ёпиштириб қўйилгандек.

Тошкент кузи бошқача-да! Қандайдир “маданий”, сипо... Хуллас, ўн беш кунлик “айролиқ”дан сўнг юртим Деновга қайтиш ишқи ҳаяжонида эдим. Юрагим худди типирчиларди.

Кечагина роҳатбахш тафти кўп дамларга етгудек мулоқот қилган бўлсак-да ажойиб дўстим Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али рақамларини тердим:

— Муҳаммаджон, яна бир бор хайр­лашиш ниятида сизга қўнғироқ қилаяпман. Сурхоннинг сайроқи булбулларидан бири — шоир Теша Сайдалиев айтганларидек, “Бир ширин, бир ҳузурбахш куч — юрт соғинчи ўзига ловуллатиб тортаяпти”.

Гўшакдан қадрдон овоз эшитилди:

— Шоҳ Бобурга чиндан қойил қолиш керак. Унга бир умр Ватандан айро яшаш осон бўлмаган. Сиз бўлсангиз ўн беш кунга чидолмабсиз. Лекин ўзим сизга қўнғироқ қилмоқчи бўлиб турувдим. Кеча суҳбат билан чалғиб, бир нарсани айтиш ёдимдан кўтарилибди. Узр, яна бир кунга, атиги бир кунгина отнинг жиловини тортиб, оёқни узангидан олсангиз. Бугун соат иккида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Минҳожиддин Мирзонинг “Висол хабари” шеърий китобининг тақдимоти бўлади. Бу йиғинга қатнашсангиз зўр бўларди. Бир шавқингиз келиб кетса, сўзга чиқсангиз ҳам ажаб эмас...

Нафис мажлисларни рад этиб бўладими ахир? Зотан, шеър тўғрисидаги суҳбат, шоирнинг руҳий оламига уюштириладиган сафар шукуҳи йилларга татийди. Сурхон воҳасидан келиб, бу турдаги машваратларда гапириш эса ҳар кимга насиб этавермайди. 

2

Минҳожиддин Мирзо... Хаёлим буржларида ёқимли баҳор шабадаси кезаётгандек бўлди. Негадир у кўк­лам тўғрисида образларига эрк бериб ёзади. Менимча, фасллар манзарасини яратишда Минҳожиддиндек моҳирлик кўрсатаётган оз. У — бироз рассом, бироз мусиқа устаси кабидир. Ва кўп-кўп шоир. 

Кўз олдимда шоир биродаримнинг жилмайган қиёфаси сувратланди. Таклиф кўнглимни чоғ айлади.

Тақдимотга одам кўп йиғилди. Айтилганидек, каминага ҳам сўз берилди. Бу ҳурмат индаллоси Муҳаммад Алидан чиққанини дарҳол анг­ладим. Шу ҳаяжон оғушида китобга киритилган бақувват шеърлардан бирини ифодали алпозда ўқидим.

Қарсаклар, олқишлар остида жойимга қайтиб ўтираётган паллам зал гўёки ўрнидан қўзғалаётгандек бўлди. Қарасам, Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов кириб келаётибди! Илкис хаёлимдан: “Бу иззат-ҳурмат, адоқсиз меҳр чиройли, сермаъно шеърлар шарафига шаклланмоқда”, қабилидаги фикр “ялт” этиб ўтиб кетди.

Шу тобда шоир ҳорғин, бетоброқ кўринса-да ҳаммани ҳайратлантириб янгроқ овозда сўз бошлади. Худди нав­қирон даврларидаги каби. Катта залда шоирнинг овози ҳукмрон, барчанинг нигоҳи унга қадалганди:

— Минҳожиддин, сиз билан неча йиллар бирга хизмат қилдик. Раҳбар бўлиб ишлаганингизни кўрдим. Шундай оғир-босиқ, вазмин, мулоҳазали инсонсиз. Энди сиздай одамнинг ижодкор бўлиши адабиётимизнинг улкан бахти. Шундай улуғ жойларда ишлаб, шеъриятни ташлаб кетмаганингиз учун қайта-қайта раҳматлар айтгим келаверади...

Буюк шоир Абдулла Орипов эҳтимолки, охирги маротаба назм аҳли анжуманида кўриниш берганида шу гапларни таъкидлаган эди. Ўша таъкидларидан сўнг маълум вақт ўтиб, соғлигини тиклаш мақсадида хорижга кетди. Тақдир ҳазилини қарангки, “Колумбдан алами бор” жойда фанони тарк айлади. Абдулла Ориповнинг хасталик чоқларида ҳам шогирдларини ўйлагани, бир оғиз ширин сўзини айтиб кетгани меҳру мурувватнинг тимсоли бўлиб қолди.

3

У шогирди хусусида шундай деб ёзган: “Минҳожиддин Мирзо шеърларида она юрт, ўчмас иймон каби муқаддас тушунчалар ғоят юксак даражада шарафланади. Қадим Андижонда, Бобур ва Чўлпондек зотларни етиштирган заминда туғилиб ўсган шоиримиз хоҳ тарихий, хоҳ замонавий мавзуда ёзмасин, унинг нуқтаи назари яққол кўзга ташланиб туради” (Абдулла Орипов. “Шеъриятимизнинг яна бир мирзоси”).

Йигирманчи асрнинг охирларида миллий шеъриятимиз шу қадар юксакликка кўтарилдики, ўзгача “нуқтаи назар”га эга бўлишнинг ўзи мураккаблик касб эта бошлади. Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Рауф Парфи, Омон Матжон, Шавкат Раҳмон, Усмон Азим, Хуршид Даврон, Муҳаммад Юсуф... Бу сирчи (Р.Парфи ибораси)ларнинг ҳар бири рангин дунё! 

Уларнинг аксарияти Шеър нима қабилидаги саволга бетакрор жавоб топганлар. Минҳожиддин Мирзо “варианти” шундоқ:

Шеър ўзи нимадир, ишқий калима,

Ойдин булоқ гули – шаффоф бир туйғу?

Ё кўнгил йиғиси, шуур гавҳари,

Ё ҳайрат, ё ҳасрат, энг ширин қайғу?!

Қаранг-а, қандай чиройли таъриф. “Ойдин булоқ гули — шаффоф бир туйғу” мисрасининг ўзи идрокка биллур шуъла янглиғ муҳрланиб қолади. Менинг наздимда, М.Мирзо поэтик тилида айни бир вақтда Чўлпон ва Ҳамид Олимжон лирикасига яқинлик бор. Замондошимиз ҳам устозлари каби Оқ ранг ошуфтаси. Шоир “Қиш эртаги” сарлавҳали шеърида жилваланаётган кумуш шуълаларни кўнгил ойнасига кўчирайлик:

Оппоқ, ҳарир эди борлиғинг,

Ойдин эдинг — тўлин ой эдинг.

Кўзларимдан қочирганимда

Хаёлимга сен кириб келдинг.

Оппоқ-оппоқ орзуларимга

Қиё боқмай кулган чечагим.

Сендан айро тушгандан буён,

Юлдузларга айтгум эртагим...

Шеър якунида: “Деразага боққанча саҳар, Бир тўп гулни кўриб йиғладим...”, дейишди. Бу Гўзаллик қўзғаган йиғи! Гўзаллик завқу шукуҳни жўштириш баробарида биллур кўз ёшларга “майдон ясаб” беради ҳам. Зотан, Минҳожиддин Мирзонинг ўзи қойилмақом тарзда таърифлаганидек:

У — мужда — етти қат осмондан ошиб,

Ҳақдин келаётган мунир наводир...

М.Мирзо “Тафаккур” нашриётида чоп этилган сайланма китобига “Гуллаш пайти келди, боғларим” деган ном танлабди. Чиндан ҳам, у айни “гуллаш” даврида. 

Шоиримизнинг “Қизғалдоқлар, йиғ­ламанг, кулинг”, “Булбул қўшиғи”, “Кутиш”, “Туғилиш”, “Яралдим сен учун”, “Эй, гул”, “Баҳор бўлиб кел...”, “Ҳамид Олимжон ғазалига мухаммас”, “Кўнг­лимда йиғлаган малаклар...”, “Баҳор соғинчи” каби ўнлаб шеърларидан ойдин булоқ гули ифори анқиб турибди. Бу шеърларни астойдил ўқиб, руҳан уқиб, кўнгил мулки сафига қўшсангиз, Минҳожиддин Мирзодек нозиктаъб шоир­нинг нега ҳамиша хушкайфиятда юришини тўғри тушунасиз, деб ўйлайман.

М.Мирзонинг ижод йўли, шахсияти, дунёқараши хусусида ибратли фикр-мулоҳазалар билдирилган. Хусусан, миллий шеъриятимизда ноанъанавий усулни воқеликка кўчирган, дарвеш табиат адиб, Ўзбекистон халқ шоири Рауф Парфи замондошимизнинг “Қайғу гули” номли дос­тони ҳақида қуйидаги таассуротларини айтган эди:

“Тарихимиз беқиёс рангин гўзалликларга тўла, уни бадиий инкишоф этмак, бадиий ифодаламак ёзувчиларимиз, шоирларимиз, мусаввирларимизнинг ишидир. Умидли шоир Минҳожиддин Мирзонинг “Қайғу гули” асари руҳоний тарихимизга бир назар, уни сўз билан ифодалашга интилишнинг бир мевасидир. Бобораҳим Машрабдек улуғ шоир, мураккаб шахс руҳиятини англашга интилиш, сатрлардаги тоза самимият ва машpaбoнa туғён шеъриятимизга яна бир дилбар шоир кириб келаётганидан дарак беради”.

Нозиктаъб шоир бўлиш асносида М.Мирзо масъулиятли лавозимларда фаолият кўрсатди ва кўрсатмоқда. Арбоб шоирнинг ана ўша фаолият қирралари тўғрисида Ўзбекистон Рес­публикасида хизмат кўрсатган маданият ходими Муҳтарама Улуғова шундай деб ёзади:

“Минҳожиддин вазиятга, одамларга қараб муомаласини, иш услубини ўзгартирмайди. Бу, аввало, унда меҳнат-машаққатсиз келадиган манфаатга умидворлик туйғуси йўқлигидан, қолаверса, у қандай бўлмасин, ҳаммага бирдек яхши кўринишни эмас, балки ҳар қандай вазиятда эътиқоди, виждонининг юзига тик ва холис қараб, давлатимиз ҳамда инсонийлик қонун-қоидаларига тўғри келадиган фикрни айтишга одатланган.

Тилу забонимга сеҳру қудрат бер, 

Дилимга шеър отлиқ мунис журъат бер. 

Юлдузлар сафида этма хижолат, 

Юлдуздай нур беру соҳир журъат бер!”

Шунингдек, М.Улуғова шоирнинг мафтункор шахсиятини таърифлаган: “Минҳожиддин Мирзони эслашнинг ўзида кўнгилга ёруғлик, иссиқлик югуради. Ва ҳар гал дилимдан: “Аллоҳ кимга ўғил фарзанд берса, шу йигитга ўхшасин”, деган тилак ўтади”.

Қизиқ жиҳат шундаки, ҳар хил услубда асар яратган ижодкорлар М.Мирзо ижод йўлига муштарак ҳайрихоҳлик ила қарайдилар. таниқли ёзувчи Исажон Султон нуқтаи назари ҳам теран мантиққа эга:

“Ҳар бир шоирнинг ижодида ўзи юксак деб билган қадриятлар тараннуми ётади. Шоир йўқки, Ватани, она юрти, халқи ҳақида шеър битмаган бўлсин. Минҳожиддин Мирзо ҳам бутун ижоди ичра ягона ўқ чизиғи бўлиб ўтиб келган мана шу мавзу инсон ҳаётининг энг ардоқли, энг мўътабар тамойилларидан бири эканлиги ҳақидаги тўхтамга келади, хулосалари тобора рангинлашиб, самимийлашиб, теранлашиб боради:

Ватан, номинг шивирлаб, 

танга гўё жон кирар, 

Юзингга юзим боссам, 

босилар қалб титроғим. 

Отамга то қиёмат 

кўрпа бўлган ўзингсан, 

Онамга болиш бўлган, сен, 

мўътабар тупроғим!

Шоирлар ҳиссий дунёларни яратадилар, дейдилар. У ҳислар дунёсида ошуфта қалб манзараларини кўра оласиз. Истеъдод кўз ташлаган, диққат қаратган воқеа-ҳодисаларга сиз ҳам диққат қаратасиз, уларга жойланган маънолар билан ошно бўласиз”.

Мен мазкур битикларни ўқиб, адиб дўстим Муҳаммад Алининг нега элдошидан фахрлангани, Абдулла Ориповнинг шогирдига ташаккур билдиргани сабабларини англадим. Шоир Сўзда ва Амалда ўзига эзгуликни маёқ билса, демакки, у эл-улус орасида эътибор топади, мартабаларга лойиқ кўрилаверади.

Тоштемир ТУРДИЕВ,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими.

"HURRIYAT" газетасининг 2020 йил 11 ноябрь 40-сонидан олинди