French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ойбекнинг “Танланган асарлари” китоби нашр этилди
09:49 / 2025-11-27

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонасида Ўзбекистон халқ ёзувчиси, шоир ва публицист, таржимон, академик олим Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбек таваллудининг 120 йиллиги муносабати билан Ёзувчилар уюшмаси томонидан чоп этилган “Танланган асарлар” китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Мазкур адабий тадбирга ижодкорнинг оила аъзолари, ёзувчи ва шоирлар, адабиёт мухлислари, кутубхона ходимлари, маънавият тарғиботчилари, талаба-ёшлар таклиф этилди.  

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг  ижодий масалалар бўйича биринчи ўринбосари Минҳожиддин Мирзо, таниқли адиба Шаҳодат Исахонова, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи Ҳамид Қаҳрамонов  ва бошқалар  XX аср ўзбек адабиётида Ойбек ижодиёти ўзининг залвори, тарихий мавзуга теран ёндашуви, она тилимиз бойлигидан ғоят самарали ва унумли фойдаланиши билан муҳим ўрин эгаллашини таъкидлади.  

Жадид адабиётининг йирик намояндаларидан бири бўлмиш Ойбекнинг асарлари халқчиллиги, самимияти, ижодкорнинг қалб манзараларини акс эттириши билан диққатга сазовордир. Унинг  “Навоий” асари улуғ шоир ва мутафаккир сиймосини, унинг фаолиятини теранроқ англаш имконини беради. “Болалик” асари эса Ойбекнинг навқирон йиллари, унинг покиза қалби, беғубор орзу-умидларига ошно этади. Айни пайтда Ойбекнинг гўзал шеърияти ёш ижодкорлар учун ибрат манбаидир. “Қутлуғ қон” романи – халқчил руҳи билан ғоят қадрли.

Ойбек ижодини теран англашда Наим Каримов, Умарали Норматов, Озод Шарафиддинов, Улуғбек Ҳамдам сингари устоз ижодкорларнинг асарлари, рисолалари, адабий-таҳлилий мақолалари муҳим ўрин эгаллайди.  

Тадбирда Ойбек ижоди, унинг “Танланган асарлар” китоби ҳақида батафсил сўз юритилди.

Назокат Усмонова, Аҳмад Тўра (суратлар),  

ЎзА