Ўзбекистон Фанлар академиясининг Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти томонидан “Ойбек ижодининг маънавий-маърифий аҳамияти” мавзусида республика илмий-назарий анжумани ҳамда “Ёш кўнгил. Ойбек – кеча ва бугун” номли китобнинг тақдимоти бўлиб ўтди.
Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти директори Низомиддин Маҳмудов, мазкур институт директорининг ўринбосари, адабиётшунос олим Мақсуд Асадов ва бошқалар Ойбек ижодининг бетакрор жиҳатлари хусусида сўзлади.
Адабиётшуносларга кўра, Ойбек адабий фаолиятини шоир сифатида бошлаган. Унинг “Чолғу товуши” номли илк шеъри 1922 йил “Aрмуғон” журналида босилган. Кейинчалик шоир лирик туйғу ва кечинмалар тасвирига катта эътибор бериб, “кўнгил лирикаси” намуналарини яратишга интилди. Унинг бу борадаги изланишлари, айниқса, „Евгений Онегин“ шеърий романини таржима қилиши жараёнида орттирган тажрибаси туфайли ва Aлександр Пушкин асарларидаги лиризм таъсирида яхши самаралар берди.
Ойбекнинг “Чимён дафтари” туркумига кирган, юртимиз табиатининг фусункор таровати ва бетакрор рангларини ўзига мужассам этган шеърлари миллий шеъриятимизда лириканинг шоҳ намуналаридан бири бўлди.
Ойбек лирик шеърият билан бир қаторда достоннавислик соҳасида ҳам изланишлар олиб бориб, “Дилбар — давр қизи” (1932), “Ўч” (1933), “Бахтигул ва Соғиндиқ” (1934), “Қаҳрамон қиз” (1936), “Гулноз”, “Камончи”, “Навоий” (1937) сингари достонларни ёзди. Шоир бу достонларида ўз даврининг қаҳрамони образини яратиш ва шу даврнинг муҳим ижтимоий-маънавий масалаларини кўтариш билан бирга тарихий ўтмиш мавзуига ҳам мурожаат этди.
Ойбекнинг насрий мероси “Қутлуғ қон”, “Навоий”, “Олтин водийдан шабадалар”, “Қуёш қораймас” ва “Улуғ йўл” каби романлари, кўплаб қисса ва ҳикоялари адабиёт мухлисларининг меҳрини қозонган.
– Бир даврнинг нуқтаи назари билан бадиий адабиётга баҳо бериб бўлмайди, – деди таниқли адабиётшунос олим Улуғбек Ҳамдам. – Салбий қаҳрамонлар тили билан ҳам ҳамма давр учун долзарб бўлган ғояларни илгари суриш мумкин. Бу Ойбекнинг “Қутлуғ қон” асаридаги Мирзакаримбой образи томонидан ифода этилган фикрларда яққол кўзга ташланади. Айни пайтда Ойбек шеърияти миллий шеъриятимизни бир неча поғона юксакка олиб чиққан шеърият экани билан диққатга сазовордир.
Адабий анжуманда Ойбек ижоди, асарларининг маънавий-маърифий аҳамияти хусусида батафсил сўз юритилди.
Тадбирда яқиндагина чоп этилган “Ёш кўнгил. Ойбек – кеча ва бугун” номли тўпламнинг тақдимоти бўлиб ўтди. Китоб икки қисмдан иборат бўлиб, унинг биринчи қисмига Ойбекнинг асрлар чегарасидан ошиб, бугун ҳам севиб ўқилаётган шеърлари киритилган. Китобнинг иккинчи қисмидан улуғ адиб ва шоир асарлари тадқиқига бағишланган монография ва мақолалар ўрин олган. Монография ва мақолалар муаллифи – филология фанлари доктори, профессор Улуғбек Ҳамдам.
Китоб билан танишиб чиққан ҳамюртларимиз Ойбек кечаги кун ижодкоригина эмас, балки бугун ва эртанги кунимиз учун ҳам улуғ хизматлар қила оладиган улкан адиб ва ҳассос шоир эканлигига гувоҳ бўлади.
Н.Усмонова, ЎзА