Фототанқид
Жиззах вилояти Фориш туманидаги Ўхум қишлоғи Нурота тоғ тизмаси этакларида жойлашган бўлиб, сўлим табиати, булоқлари ва асрларга тенг ёшдаги ёнғоқзорлари билан машҳур. Сўнгги пайтларда бу ердан сайёҳларнинг қадами узилмаётир. Қишлоқда ўзига хос, миллий ўзлигимизни кўрсатиб турувчи уй меҳмонхоналари сони ошиб бораётгани ҳам айни муддао.
Ана шу уй меҳмонхоналардан бирига эгалик қилувчи тадбиркор Улуғбек Эргашевни кўпдан буён бир муаммо қийнайди. Бу – қишлоқдаги қарийб 1,5 километрлик йўлнинг носозлигидир.
[gallery-25419]
- Бир неча йиллардан буён ушбу муаммо билан мурожаат қилмаган ташкилотим қолмади, - дейди Улуғбек Эргашев. - Маблағ ажратилди, лойиҳага киритдик, деган ваъдалардан нарига ўтилмаяпти. Шу носоз йўл туфайли қанчадан-қанча туристлар бу ерга келишдан воз кечмоқда.
Ўзбекистонга биринчи марта келган германиялик сайёҳ Синтхиа Сенде қишлоқ табиати ва отларда сайр қилиш имкониятини юқори баҳолади. Бироқ йўлларнинг ҳолати уларни манзилга кечроқ етказганини ва уй меҳмонхонасига олиб борувчи йўл қийинчилик туғдирганини таъкидлади.
Маҳаллий аҳоли ва тадбиркорларнинг айтишича, йўл муаммоси сайёҳлар сонининг ўтган йилга нисбатан 25–30 фоизга камайишига олиб келган.
Маълумотларга кўра, Ўхум қишлоғида жами 20 та уй меҳмонхонаси мавжуд бўлиб, бу ерда 4 минг 373 нафар аҳоли истиқомат қилади. Фориш тумани марказидан 50 километр узоқликда жойлашган бу қишлоқда аҳолининг кўп қисми кам даромадли ҳисобланади. Туризмнинг ривожланиши эса ўхумликларга қўшимча даромад топишида ёрдам бермоқда. Шу боис улар уй меҳмонхоналар фаолияти билан бирга қишлоқ йўлларини ҳам тўлиқ замонавий ҳолга келтириш зарурлигини таъкидламоқдалар. Бу нафақат ҳудуднинг туризм салоҳиятини, балки аҳоли турмуш фаровонлиги ва бандлигини ҳам оширади.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/JGLby5S7ehY?si=DLAKQBqf2sivZO3f" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Жамшид ЁРБЕКОВ(сурат,видео),ЎзА