Ушбу саволга АОКАда ўтказилган брифингда ССВнинг Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Севара Убайдуллаева қуйидагича жавоб берди:
– Агар 10 кун аввал ичирган бўлсангиз ва фарзандингизда тегишли аломатлардан шикоятингиз бўлмаса, бу жуда ҳам хавотирли ҳолат эмас. Шундай бўлса-да шифокорга, ҳолатига кўра Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази, унинг ҳудудлардаги филиали ва туман бўлимларига мурожаат қилинг, болангизга сиропни ичирганингиз ва миқдори ҳақида маълумот беринг. Шундан сўнг тиббиёт ходимлари бола саломатлигини ўрганиб, шу асосда хулоса қилади.
Шу ўринда, юртимизга кириб келган “Док-1 Макс” ва шунга ўхшаш шамоллашга қарши сиропларнинг бир неча партиясида заҳарли модда тасдиқланганини маълум қиламиз.
Шу пайтгача тиббиётда бу дори воситалари фақат шифокор томонидан аниқ кўрсатма бўлгандагина, болаларнинг ёши, вазни ва бошқа кўрсаткичлари асосида тавсия қилинган ва самарали натижалар олинган.
Яна бир муҳим масала: "Док-1 Макс" сиропи таркибида заҳарли модда тасдиқланганидан сўнг юртимиздаги барча дорихоналарда бу дори воситасининг сотилиши тақиқланиб, улар савдодан қайтариб олинган.
Шунга қарамай, баъзи дорихоналарда ҳануз бу сиропни сотишга уриниш ҳолатлари аниқланаётгани ачинарли ҳолат. Айни сабабдан агар дорихоналарда “Док-1 Макс” сиропи сотилиши билан боғлиқ ҳолат кузатилса, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошида фаолият юритаётган Штабнинг +99899 807-66-60 телефон рақамига қўнғироқ қилишингизни сўраймиз.
М.Қосимова, ЎзА