French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳовузга тушиб кетган Қуръон китоби нега ҳўл бўлмади...
17:46 / 2020-06-23

Сурхондарё вилояти гўзал табиат манзаралари ва узоқ ўтмишга бориб тақаладиган тарихий ёдгорликлари, сўлим зиёратгоҳлари билан ҳам дунёга танилган.


Сурхондарё вилояти гўзал табиат манзаралари ва узоқ ўтмишга бориб тақаладиган тарихий ёдгорликлари, сўлим зиёратгоҳлари билан ҳам дунёга танилган.

Олтинсой туманидаги пурвиқор Ҳисор тоғ тизмалари ёнбағрида жойлашган Катта Вахшивор қишлоғи гўзал табиати, зилол сувлари, ноёб урф-одатлари билан ҳар қандай кишини ўзига мафтун этади. Бу қишлоқни ислом олами Нақшбандия тариқатининг буюк намояндаси Сўфи Оллоёр мангу қўним топган муқаддас қадамжо сифатида яхши билади.

Манбаларда тасаввуф дунёсининг улуғ вакили Сўфи Оллоёр Самарқанд вилоятининг Каттақўрғонида туғилгани ва ҳаётининг бир қисмини Олтинсой туманидаги Катта Вахшивор қишлоғида ўтказиб, шу ерда дафн этилгани қайд этилган. Ўз замонасида шоир, адиб, йирик диншунос ва улуғ мутафаккир сифатида машҳур бўлган Сўфи ҳазратлари араб, турк ва форс тилларида ҳам асарлар ёзган. Алломанинг «Сабот-ул ожизин» манзумаси Қуръони каримнинг мағзи, дея эътироф этилган. Сўлим тоғ қўйнидаги қишлоқда Сўфи Оллоёр барпо этган масжид, уч юз йиллик тут дарахтлари, чиллахонаси сақланиб қолган.

Ривоятларда Бобораҳим Машрабнинг Сўфи Оллоёр билан Каттақўрғон ва Катта Вахшиворда бир неча марта учрашгани тўғрисида сўз юритилади. Хусусан, Машраб Сўфи Оллоёрни Вахшиворда кўргани келганида ул зот меҳмонга дастурхон олиб чиқиш учун ичкари киргач, Бобораҳим Машраб йирик мутафаккирни синаш учун лавҳ устида турган Қуръони карим китобини ҳовузга ташлаб юборади. Мезбон келиб қарасаки Қуръони карим ҳовузда чўкмай сузиб турар эди. Шу заҳоти Сўфи Оллоёр муқаддас китобни олиб чиқади. Машраб не кўз билан кўрсинки, Қуръоннинг бирорта варағи нам бўлмаган. Шундан сўнг меҳмон Сўфи Оллоёрнинг авлиёлигини тан олиб, ўрнидан туради ва ўтирмасдан орқаси билан юриб, қишлоқдан чиққунча алломага таъзим қилиб кетади.

Дунёга чанг солган пандемия сабабли Сўфи Оллоёр мангу қўним топган серфайз гўша ҳам бир муддат ёпиб қўйилди. Инфекция чекинаётган шу кунларда муқаддас қадамжо яна сайёҳларни ўз бағрига чорламоқда. Мабодо буюк аждодимизни зиёрат қилиш учун Катта Вахшиворга келсангиз Сўфи Оллоёр авлодлари сизга ул зот ҳақида яна ҳам қизиқарли кўплаб ривоятларни ҳикоя қилиб беради. Шунингдек, хушманзара тоғ қишлоғи гўзалликлари, бу ерда сақланиб қолган миллий урф-одат ва қадриятлар билан яқиндан танишиб, дилингиз равшанлашади. Истасангиз муқаддас зиёратгоҳдан унча узоқ бўлмаган тоғ бағридаги шифобахш Қўтир булоқ сувидан баҳраманд бўлиш ҳам насиб этади. Дарҳақиқат, қадимдан бу сувни маҳаллий аҳоли турли касалликлар, шу жумладан қандли диабетга шифо бўлади, дея ихлос билан истеъмол қилиб келади.

Вилоятда «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!» дастури доирасида ички туризмни ривожлантириш юзасидан янги сайёҳлик йўналишлари ишлаб чиқилди. Белгиланган сўлим гўшалар, тарихий ёдгорликлар ва муқаддас қадамжоларга мароқли саёҳат қилишни кўнглингизга тугган бўлсангиз, ўзингиз ва ўзгалар ҳаётини эҳтиёт қилиб, хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя этинг.