Мамлакатимизда бугунги кунда аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш, кундалик ҳаётидаги муаммоларни бартараф этиш юзасидан кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Аммо яширадиган жойи йўқ, баъзи мутасаддилар аҳолининг мурожаатларини эътибордан четда қолдириш, фақат қуруқ ваъда билан ишни кейинга суриш, олди-қочди ёзма жавоблари орқали аҳолини тинчлантиришга уриниш ҳолатлари ҳам учраб туради.
Чимбой тумани “Тағжап” овул фуқаролар йиғини аҳолиси ҳамда шу ҳудуддаги фермерлар мана бир неча йилдан буён томорқа ерларини суғоришда қийналиб келмоқда. Гап шундаки, 4р176 “Нукус – Чимбой – Тахтакўпир” автомобил йўлининг 65-66 километри оралиғидаги сув ўтказувчи қувур сув сатҳидан юқорида жойлашганлиги сабаб етарли миқдорда сувдан фойдалана олмай келяпти.
Ушбу муаммо бўйича овул аҳолиси Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига ҳамда Вазирлар Кенгашига ёзма мурожаат қилган. Аҳоли мурожаати Қорақалпоғистон Республикаси автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармаси ҳамда Чимбой туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси мутахассислари томонидан ўрганиб чиқилганда, ҳақиқатдан ҳам “Аллахон яб” даги сув ўтказувчи қувурнинг баландда жойлашганлиги сабабли аҳолига етарли миқдорда сув етиб бормаётганлиги аниқланган.
Қорақалпоғистон Республикаси автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармаси бошлиғининг мурожаат эгаларига ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига 2021 йил 25 февралдаги хатида бу бўйича лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилганлиги ва март ойида таъмирлаш ишлари олиб борилиши айтилган.
Мана орадан қанча вақт ўтди. Тўғри, раҳбарлар ўзгарди, аммо аҳоли муаммоси жойида қолди. Қорақалпоғистон Республикаси автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармаси ва Чимбой тумани ҳокимлиги мутасаддилари бундан тегишли хулоса чиқириб, муаммони тез орада бартараф этади, деган умиддамиз.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири