Бухоро вилояти марказидан камида 200 километр олисда жойлашган аҳоли хонадонлари табиий газдан фойдаланишда муаммоларга учрамади. “Ҳудудгаз Бухоро” газ таъминоти филиали томонидан вилоятнинг Ромитан, Пешку, Ғиждувон ва Шофиркон туманларига қарашли энг узоқ ҳудуд аҳолисига газ баллони 35-40 кун давомида етказилмоқда.
Вилоятнинг Пешку тумани таркибидаги Жонгелди маҳалласи Бухоро шаҳар марказидан анча олис масофада жойлашган. Қизилқум кенгликлари бўйлаб Қулжуқтов тоғининг шимолий-ғарбий этаги пастликларида яшаб келаётган овулликлар асосан, қозоқ миллатига мансуб аҳолидан таркиб топган. Улар эҳтиёжлари учун маиший газ баллонларидан фойдаланиб келмоқда.

Ушбу аҳоли маскани бири-биридан қарийб 100 километр узоқда жойлашган “Сафрон”, “Қалъа Ота” ва “Жонгелди” қишлоқ овулларидан иборат бўлиб, битта мактаб ва 2 та мактабгача таълим ташкилоти бор. Қишлоқ аҳли газ баллонларидан фойдаланишар экан, уларга “Пешкутумангаз” газ таъминоти бўлими ходимлари томонидан газ баллонлари етказиб берилмоқда.

– 30 кун деганда газ баллонлари махсус автотранспорт воситаси орқали етказиб берилади, – дейди газ таъминоти филиали матбуот котиби Моҳигул Абдуллаева. – Қишлоқ аҳли билан қилинган суҳбат давомида бевосита газ баллонидан фойдаланиш тартиби тўғрисида қизиқиб сўрадик. Уларнинг бизга берган жавоби бениҳоя хурсанд қилди. Фақат овқат ва чой қайнатиш учун ишлатамиз, дейди ёши улуғ онахонлар. Кечиктирилмай олиб келишини, ҳар қандай муаммолари ўз вақтида бартараф этилишини қайд этишди. Гарчанд олис бўлса-да, тўловларнинг онлайн амалга оширилаётганлиги олис ҳудуд аҳолиси учун ҳам жуда қулай бўлди. Олис ва бориш қийин бўлган овулларга куз-қиш мавсуми бошидан 34 тоннадан ортиқ суюлтирилган газ етказилди.
Масъулият билан фаолият олиб бориш соҳа мутахассисларининг асосий мақсади экан, бугун ҳар қандай машаққатда ҳам улар тиним билмайди. Гарчанд йўллар олис бўлса ҳам. Шунинг учун овулликларнинг таъминот ходимларидан миннатдор эканлигини қарашларидан ҳам англаш қийин эмас.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири