Озиқ-овқат маҳсулоти хавфсизлигини таъминлаш тизими халқаро талабларга тўлиқ жавоб бермаслиги натижасида республикамизда озиқ-овқат маҳсулоти истеъмоли билан боғлиқ заҳарланишлар ҳамон қайд этилмоқда.
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси мутасаддилари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида қайд этилишича, жорий йилнинг ўтган даврида 21 ҳолатда овқатдан заҳарланишдан 107 нафар фуқаро жабрланган, 2 нафар бемор вафот этган.
Ўтган 2022 йилнинг 12 ойи давомида 65 ҳолатда овқатдан заҳарланиш қайд этилиб, 518 нафар фуқаро жабрланган, шулардан 194 нафари болалар, 2 нафар бемор вафот этган (уй шароитида тайёрланган консерва маҳсулотини истеъмол қилган).
Жами қайд этилган заҳарланишлардан 36 ҳолатда уй шароитида тайёрланган консерва маҳсулотларини истеъмол қилиш оқибатида “Ботулизм” касаллиги қайд этилиб, 82 нафар фуқаро жабрланган, шулардан 16 нафарини болалар ташкил этади. 28 ҳолатда “Овқат токсик инфекцияси” қайд этилган бўлиб, 432 нафар фуқаро жабрланган.
11 ҳолатда умумий овқатланиш шохобчаларида, 8 ҳолатда МТТ муассасаларида овқатдан заҳарланиш ҳолатлари кузатилган.
Мутахассисларнинг сўзларига кўра, жорий йилнинг ўтган 4 ойи давомида 147 минг 865 кг. сифатсиз маҳсулотлар савдосига барҳам берилиб, ўрнатилган тартибда йўқ қилинган.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА