Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг @uza_uz телеграм канали орқали Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бошқарма бошлиқлари Анвар Жуманов ҳамда Отажон Пирмоновлар иштирокида “Озиқ-овқат хавфсизлиги: Қандай чоралар кўриляпти?” мавзусида овозли чат бўлиб ўтди.
Кўплаб кузатувчиларимиз, яъни тадбиркорлар томонидан экспертларга савол ҳамда таклифлар келиб тушди.
Андижон вилояти Шаҳрихон тумани “Дўстлик” МФЙда яшовчи “Каромат чорваси” оилавий корхона раҳбари Билолиддин Отабоев ўтган йили тадбиркорларга берилиши зарур бўлган субсидия маблағларини ололмаётгани, бу муаммони қандай ечиш мумкинлиги хусусида экспертларга савол йўллади. Овозли чатдан сўнг Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бошқарма бошлиғи Отажон Пирмонов ушбу муаммони ўрганиб, уни ҳал этиш чораларини кўрган.
— Ҳозирги кунда оилавий корхонамизда 15 минг бош бройлер жўжалар бор, — дейди корхона раҳбари Билолиддин Отабоев. — Жўжаларни боқиб, ички бозорларимизга парранда гўшти етказиб бериш билан шуғулланамиз. Ўтган йилги субсидия маблағларини олишда муаммога дуч келаётган эдим. Овозли чатдан сўнг муаммом ўрганилиб, 2022 йилнинг август-сентябрь ойлари учун корхона ҳисобрақамига 40 миллион сўм субсидия маблағи тушириб берилди.


Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ходимлари юртдошларимизни @uza_uz телеграм канали орқали бериладиган овозли чатни кузатиб бориш ва унда фаол иштирок этишга чорлайди.
Н.Раҳмонова, ЎзА