Муҳим сиёсий жараён – Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловига Навоий вилоятининг Нурота туманидан 51 минг 563 нафар сайловчи рўйхатга киритилган ва улар 42 та сайлов участкасида овоз беради.
Жумладан, тумандаги 377-сайлов участкасида ҳам ушбу муҳим сиёсий жараёнга пухта ҳозирлик кўрилди. Участка сайлов комиссияси раиси Феруза Шарипованинг берган маълумотига кўра, 2461 нафар сайловчи рўйхатга олинган бўлиб, уларнинг 1295 нафари хотин-қиздан иборат бўлса, 1051 нафари 18-30 ёшдаги ёшлардир. 90 нафар ёш биринчи марта овоз бермоқда. Шунингдек, 17 нафар сайловчи муддатидан олдин овоз берган.
[gallery-20038]
– Бугунги сайловда биринчилардан бўлиб ўзим муносиб деб билган номзодларимга овоз бердим, – дейди меҳнат фахрийси Муҳаммадазим Қурбонов. – Сайловда сайланган номзодлар эртага юртимиз тараққиёти ва келажагимизнинг янада порлоқ бўлиши учун хизмат қилади. Шундай экан, ҳар бир сайловчи ўзи танлаган ва муносиб деб билган номзодга овоз берса, мақсадга мувофиқдир.
Сайлов участкаларида овоз бериш жараёнлари уюшқоқлик билан давом этмоқда.
А.Бўриев, ЎзА мухбири